МУТААССИБЛИК – ИЛЛАТДУР.

Холис мусулмонга ярашмайдиган ёмон иллатлардан бири мутаассибликдир. У жамиятда низо-жанжал қўзғовчи омил, адоват оловини гуриллатувчи зўр ёқилғи бўлиб, жоҳилият аҳлининг хусусиятларидан ҳисобланади. Бугунги кундаги жамият ва халқаро миқёсдаги кўплаб муаммоларнинг илдизи мутаассиблик ва ҳаддан ошишга бориб тақалади.

Мутассиблик луғатда бир нарсага қаттиқ боғланиб, кўр-кўрона эргашиш, ашаддий тарафкашлик, бир фикрда қаттиқ туриб олиш каби маънолар англатади. “Кашшофу истилоҳотил фунун” китобида: “Мутаассиблик, гарчи далил кўриниб турган бўлса ҳам, бир томонга мойиллик туфайли ҳақни рад этишдир”, деб таърифланган.

Мутаассибликнинг турли кўринишлари бор: кишининг ўзи, мол-дунёси, фарзандлари, қабиласи, миллатини бошқалардан афзал билиб, бу йўлда ашаддий равишда курашиши. Ота-боболари ва ўзининг насаби билан фахрланиш туйғуси меъёрдан ошса, мутаассибликка айланиб, эгасини ҳалокатга тортади. Чунки мутаассиб ҳақиқатни кўролмайди, кўрса ҳам, ҳақни ҳақ, ноҳақни ноҳақ дея олмайди, муроса йўлига юрмайди. Суҳбатдошини тинглашни истамайди, ҳар қанақасига ўзининг устози, қабиласи, ватандоши ва ҳоказоларнинг тарафини олиб, тутган маслаги ва ушлаган фикрини маъқуллаб, мутлақо тўғри деб тураверади. Жоҳилият даврида арабларда “Биродаринг золимми, мазлумми, унга ёрдам бер!” деган шиор бор эди. Шу шиор билан оилалар бир-бири билан жиққамушт бўлар, маҳаллалар ўзаро хусуматлашар, қабилалар ўртасида қонли жанглар йилларча давом этарди. Қуръонда фақат мақтов билан зикр этилган икки атама – “муҳожир” ва “ансор” лафзлари арабларнинг эски чақириғи услубида тилга олиниб, одам тўпланган чоғда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни жоҳилият деб атадилар ва қораладилар: “Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ғазотда бирга эдик. Муҳожирлардан бир киши ансорларнинг бирини урди. Шунда ансорлардан бўлган киши: “Эй ансорлар”, деди. Муҳожир киши: “Эй, муҳожирлар”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу қандай жоҳилият одати?!”, дедилар: Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, муҳожир киши ансорлардан бирини урди”, дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу ҳолатни ташланг, албатта, у  нарса бадбўйдир”, дедилар” (Муслим ривояти).

Мутаассиблик турларидан яна бири диний мутаассибликдир. Диний мутаассибликнинг энг катта хатарларидан бири динлараро мулоқотга раҳна солишдир. Сўнгги вақтларда бу иллат кўпинча Ислом дини билан боғлиқ ҳодиса сифатида шов-шув қилинаётган бўлса-да, ашаддий диний тарафкашлик барча дин ва конфессияларга эътиқод қилувчилар орасида учрайди.

Диний мутаассиблик икки кўринишда намоён бўлади: Бошқа динларга нисбатан мутаассиблик ва динда мутаассибона ҳаракат.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: “Динга зўрлаб киритиш йўқ. Зеро, тўғри йўл залолатдан ажраб бўлди” (Бақара сураси: 256-оят). Уламолар бу оятни диний мутаассибликдан қайтарувчи далил сифатида келтирадилар.

Мутаассибликнинг хавфли томони шундаки, таассубга мойил одамлар жамиятда беқарорлик тўлиқинини келтириб чиқаришга қодирлар. Оммавийлик унсури эса муайян бир хатти-ҳаракатлар учун шахсий жавобгарлик ҳиссини йўқотиб юборади, ҳаракатга оммавий тус беради. Ўзининг шубҳасиз ҳақлигига, ҳақиқатни фақат ўзи билишига ишонч ҳисси зўравонлик ҳаракатларига мойиллик пайдо қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни бошқа дин вакилларига нисбатан бағрикенг бўлиш, уларнинг эътиқодини ҳурмат қилиш, ҳақларига риоя этишга буюрганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли зиммага заҳмат етказган кимсага Қиёмат куни хусуматчи бўлишларини эълон қилганлар. Аллоҳдан қўрққан мўмин учун бу ўта қаттиқ огоҳлантириш ҳисобланади. Чунки пайғамбарга озор берган кимсага аламли азоб ваъда қилинган. Эътибор берилса, оламларга раҳмат бўлиб келган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам иймон келтирмаган инсонни мўминман, деган одамдан ҳимоя қиляптилар. Бу эса ўзгача эътиқоддагиларга зулм қилиш ҳаромлигини яққол кўрсатувчи далилдир.

А.Рахимов

Ҳазорасп тумани “Сулаймон Бақирғоний масжиди имомхатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *