МИССИОНЕРЛАРНИНГ ПУЧ ВАЪДАЛАРИГА АЛДАНМАНГ!

 Миссионерлик-бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа динни тарғиб қилишни тушинилади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Моида” сураси 3-оятида “…Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим…” дея  Ислом дини арконларини мукаммал этганини, дунёдаги инсонлар учун айнан уни  дин сифатида танлаганини баён этаётир.

Ана шу ояти каримага кўра, мўмин-мусулмон учун исломий ақида энг муқаддас қадрият саналади.

Афсуски, соф ислом динининг асл моҳиятидан беҳабар, ҳақ билан ноҳақни англаб етмаган баъзи одамларнинг ўз динларидан кечиб, миссионерларнинг пуч ғояларига  алданиб  қолишлари ачинарли ҳолдир. Бундай ҳолларнинг биринчи сабаби ислом ақидасини яхши билмасликлари бўлса, иккинчиси миссионерлар томонидан бўладиган вақтинчалик   яхши муомилалари  ва уларнинг ғаразли  мақсадлари яширинган сохта мехрибончиликларига  алданиб қолишларидир.

Миссионерлик фаолиятини олиб бораётганлар  одамларга бепул дори-дармон бериш, бепул хайрия ёрдамларини кўрсатиш, бепул   миссионерлик адабиётини тарқатиш каби услубларидан фойдаланишади. Улар учраши мумкин бўлган хар-хил саволларга бирма-бир жавобларни хам ишлаб чиқишган. Бундан ташқари, динга янги одамларни чақириш учун ҳар-хил психологик усуллар, яъни таъсир ўтказиш, тингловчининг хар бирининг индивидуал холатига қараб гапириш мукаммал ишлаб чиқилган. Ҳар бир инсон билан улар соатлаб ўтиришга, унинг дардларини у хоҳлаганича эшитишга тайёрлар. Улар доимо аввал салом билан мурожаат этишади, масалан қуйидаги савол билан: Нима деб уйлайсиз, нима учун хаёлимиз муаммолару, ташвишга тўла? “Нима учун дунёда хар-хил касаллигу, бало-офатлар инсоният бошига ёғилмоқда? Нима учун инсонлар ўзларидан сўнг қолиб кетадиган бир парча ер учун қон тўкмоқдалар? Нима учун ён қўшнингиз пиёниста бўлиб кўчаларда ухлаб юрибди? Ахир Исломда ҳам ароқ харом шекилик?” Шундай саволларни берар экан миссонер сиздан жавоб кутади. Мана шу саволлар, уларга сиз қандай жавоб беришингиз мумкин каби барча масалалар улар томонидан аллақачон пухта ишлаб чиқилган. Турли асрларда миссонер жамоалар кўчиб юриб кўп тажриба орттирганлари оқибатида, улар жавоб топиб бера олмайдиган саволнинг ўзи қолмаган. Ўзларини “яхши одамлар” дея тушинтиришган бу кимсалар,  у кишини ҳам ўзларига қўшилса, яхши бўлишини айтишади ва у кишини ҳам ўзларининг миссионерлик йиғилишларига боришга ундайдилар.

            Ҳаётимиз қомуси бўлмиш Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунни 5-моддасига кўра, Ўзбекистонда Миссионерлик фаолияти манъ этилган [1]».

 Маълумки, мамлакатимиз аҳолисининг 90% дан ортиқроғи  Ислом динига эътиқод қилади.

Ислом дини шариатига кўра ҳам ўз динидан бошқа динга ўтиб кетиш қораланади.

Миссионерлик  миллий ва диний қадриятимизга путур етказадиган, халқимиз бирлигини бузадиган ҳаракатлардан ҳисобланади. Уларнинг  сафини кенгаймаслиги учун эса  ҳар биримиздан улкан масъулият, эътибор талаб этилади.  Миссионерлик  ва унинг оқибатлари ҳақида оиламизда фарзандларимизга, маҳалладошларимизга кўпроқ тушунтиришимиз лозим бўлади.

Шундай қилсак, миссионерликнинг салбий оқибатларини бир қадар олдини олишга ҳаракат қилган бўламиз.

Она юртимиз – Ўзбекистон заминида азал-азалдан диний бағрикенглик ҳукмрон бўлиб келган, бошқа динларнинг эътиқод, анъана ва  урф одатларини ҳурмат қилиб, асрлар оша ҳамжиҳатлик, бағрикенглик  туйғулари уйғунлашган ҳолда ёнма-ён яшаб келганлар.

Асрлар давомида бағрикенглик, тенгҳуқуқлилик асосида яшаб келган Ўзбекистон ҳалқи орасида сохта мерибончиликлари билан, ғаразли мақсадларини  амалга оширмоқчи бўлаётган миссионерларнинг қабиҳ ниятларидан огоҳ бўлайлик!

 

Х.Кенжаев

Урганч шаҳар бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *