Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий мажлисга мурожаатномасига муносабат

Юртбошимиз ўтган йилда амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиб келгуси йилда амалга оширилиш лозим бўлган устивор вазифаларни белгилаб «2021 йилни — Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилинди

«Албатта, [йилни] номлаш жуда қийин … Биз бунга жуда кўп тайёргарлик кўрдик. [Ҳозирги] муҳит яна бир бор маҳаллий кенгашлар, маҳаллий раҳбарлар ёшларга эътибор беришлари кераклигини кўрсатди. Иккинчидан, агар бугун биз пандемия даврида бошланган аҳоли саломатлигини яхшилаш ишларини давом эттирмасак, бу масалаларни бугун ҳал қилмасак, эртага кеч бўлади. Биз, бизнинг одамларимиз, пандемия пайтида, айниқса қишлоқларда, ушбу камчиликлардан жуда азият чекдик. Биз ваҳима қилмадик, лекин азоб чекдик», — деди Президент.

«Умуман олганда, ҳар қандай жамият тараққиётида ҳал қилувчи ролни ушбу жамиятнинг келажаги боғлиқ бўлган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол ривожланиши ўйнайди. Шунинг учун ислоҳотларимизни кенгайтириш ва самарадорлигини янада ошириш масалаларида биз замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган ғайратли, ташаббускор, ҳар томонлама ривожланган ёшларимизни ўзимизга таянч деб биламиз», деди давлат раҳбари

Агар катта авлоднинг билими ва тажрибасини, узоқни кўра олиш фазилатларини ёшларимиздаги ғайрат-шижоат, мардлик ва фидойилик билан бирлаштира олсак, кўзлаган марраларга албатта етамиз. Янги Ўзбекистонни ана шундай билимли ва бунёдкор ёшларимиз билан биргаликда барпо этамиз.

Кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда Диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилиш билан бирга неча асрлардан бери Ислом динига эътиқод қилиб келаётган халқимизнинг диний маърифатини янада юксалтиришда катта аҳамиятга эга. Шу билан бирга, дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ва ижтимоий-сиёсий вазиятнинг таҳлили диний-маърифий соҳадаги фаолият самарадорлигини оширишни ва малакали кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизимини яратишни тақозо этмоқда. Жаҳоннинг етакчи экспертлари ва илмий доиралари томонидан Ўзбекистондаги диний-маърифий ислоҳотларга билдирилаётган муносабат, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимизда ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро майдонда эътироф этилаётганининг амалий ифодасидир.

Эришган натижаларимизга маҳлиё бўлмасдан, жаҳондаги вазиятларга сергаклик билан қараб, мамлакатимиз миллий манфаатларини таъминлашга жидий қарашимиз лозим. Яратгандан умид қилган сўраймизки, бугунги ёшларимиз яратилаётган имкониятлардан  унумли фойдаланишади, илм ва тажрибаларини кишилар диёнати,  Ватан равнақи, Юрт ободлиги, халқ фаровонлиги учун сарфлайдилар ва келажакда аждодларига муносиб ворислар бўлиб етишадилар.

Х.Матяқубов

Хонқа тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *