Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Олий мажлисга қилган Мурожаатномасига бўлган муносабат

Барчамизга маълумки, жорий йил 29 декабрь куни Халқаро конгресс марказида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий мажлисга Мурожаатномаси бўлиб ўтди. Мурожаатнома 15 та телеканалда жонли эфирда, Президентнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида онлайн ёритиб борилди.

Унда келгуси йилда мамлакатимизни янада ривожлантиришга қаратилган энг муҳим вазифалар, ички ва ташқи сиёсатга доир устивор йўналишлар белгиланиб, 2021 йил “Ёшларни қўллаб – қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинди.

Президентимиз ҳозирги муҳит яна бир бор маҳаллий кенгашлар, маҳаллий раҳбарлар ёшларга эътибор беришлари кераклигини айтиб, ҳар қандай жамият тараққиётида ҳал қилувчи ролни ушбу жамиятнинг келажагига боғлиқ бўлган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол ривожланиши, шунинг учун ислоҳотларимизни кенгайтириш ва самарадорлигини янада ошириш масалаларида биз замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган ғайратли, ташаббускор, ҳар томонлама ривожланган ёшларимизни ўзимизга таянч деб билишимиз кераклигини, агар катта авлоднинг билими ва тажрибасини, узоқни кўра олиш фазилатларини, улардаги ғайрат-шижоат, мардлик ва фидойилик билан бирлаштира олсак, кўзлаган марраларга албатта етишишимизни, Янги Ўзбекистонни ана шундай билимли ва бунёдкор ёшларимиз билан биргаликда барпо этишимизни билдирди.

Шу билан бирга якунланаётган йил бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам синовли бўлгани, аммо уни ҳалқимизнинг букилмас иродаси, фидокорона меҳнати ва матонати, аҳоли ва давлат органларининг биргаликдаги саъй – ҳаракатлари туфайли мавжуд қийинчиликларни мардона енгиб ўтганини айтиб, пандемия даврида бошланган аҳоли саломатлигини яхшилаш ишларини давом эттириш масалаларни бугун ҳал қилмасак, эртага кеч бўлишини таъкидлади.

Шунингдек Мурожаатномада инсон ҳуқуқларини таъминлаш, сўз ва диний эътиқод эркинлиги бўйича эришаётган ютуқларимиз, тегишли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда, изчил мустаҳкамлаб борилиши, Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида “Инсон ҳуқулари бўйича таълим” глобал форуми, Ёшлар ҳуқуқларига бағишланган Бутунжаҳон ёшлар анжумани, Диний эркинлик масалалари бўйича минтақавий конференциялар ўтказилиши алоҳида қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари бугунги кунда Диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилиш билан бирга неча асрлардан бери Ислом динига эътиқод қилиб келаётган халқимизнинг диний маърифатини янада юксалтиришда катта аҳамиятга эга эканлигини, шу билан бирга, дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ва ижтимоий-сиёсий вазиятнинг таҳлили диний-маърифий соҳадаги фаолият самарадорлигини оширишни ва малакали кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизимини яратишни тақозо этаётганини, жаҳоннинг етакчи экспертлари ва илмий доиралари томонидан Ўзбекистондаги диний-маърифий ислоҳотларга билдирилаётган муносабат, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимизда ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро майдонда эътироф этилаётганининг амалий ифодаси эканлигини айтиб ўтди.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур Мурожаатномасида сўз юритган муҳим масалаларни Ўзбекистон ҳалқи катта қизиқиш ва ҳаяжон билан, юртбошимиз томонидан 2021 йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб – қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинишини барча катта мамнуният билан қарши олди.

Х.Кенжаев

Урганч шаҳар бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *