ТАРБИЯГА ОИД ТЎРТТА КЎРСАТМА

Ислом маърифати яхшилик ва эзгулик, бағрикенглик ва тинчлик, яқинлари ва бегоналарга бирдек марҳаматли бўлиш, қон тўкмасликка чақирувчи, нафс васвасасига учмаслик, ота-онага улар ҳаётлик пайтларида меҳрибонлик ва сахийлик билан муносабатда бўлиш, дунёдан ўтганларнинг ҳақларига дуо қилишга, ватанни севишга даъват қилувчи улуғ динимиз, айниқса Мустақиллик йилларида ўз қадрини ҳамда ўзининг азалий вазифаси-эзгу мақсадларга чин ихлос билан хизмат қилиш имкониятини топди.

Оилавий фарзанд тарбия масаласида хатога йўл қўймаслик учун аввало ҳар қайси хонадондаги маънавий иқлимни ўзаро ҳурмат, ахлоқ-одоб, инсоний муносабатлар асосига қуриш айни муддао бўлур.

Шу нуқтаи назардан қараганда, бугунги кунда ҳам юртимизда гўзал ахлоқ мезонлари билан яшаб келаётган, ўғил-қизларимизни ана шундай руҳда тарбиялаётган кўплаб ибратли оилалар барчамизда ҳавас уйғотиши табиийдир. Халқимиз азалдан ўзининг болажонлиги, оилапарварлиги билан ажралиб туришлиги керак бўлади. Албатта, ҳар бир ота-она фарзандига меҳр қўйишлиги, уларнинг қорнини тўқ, устини бут қилиш ўз йўли билан, лекин фарзандларимизни ёшлик чоғидан бошлаб миллий тарбия, одоб-ахлоқ, юксак маънавият аосида вояга етказиш ҳаммамиз учун доимо долзарб аҳамиятга эгадир. Бу фарзандларимизни тарбиясига эътибор бермаслик нафақат айрим ота-оналар, балки бутун ҳамжамиятимиз учун жуда қимматга тушишини ҳам кўпгина ҳаётий мисолларда кўриш мумкин. Ўз-ўзидан маълум бўладики, бола тарбиясида соғлом насл масаласи ҳам муҳим рол ўйнашини ҳеч биримиз инкор эта олмаймиз. Ақлли инсон яхши англайдики, бу ёруғ дунёда ҳаёт бор экан, оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебеҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзот ҳамиша эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди. Бугунги кунда бизнинг қилаётган илм-маърифатимиз фарзандларимизнинг бахту-саодати, уларнинг ёруғ келажаги учун амалга оширилади.

Фарзандларимизни нотўғри йўлга кириб кетмаслигини олдини олиш учун фарзандларимизни ёшлигидан исломий маърифатни тушунтириб уларнинг онгида бўшлиқ қўймасдан одобли, билимдон ва ақлли, меҳнатсевар иймон-эътиқодли фарзанд қилиб тарбиялашимиз керак. Бу ҳақда фикр юритганимизда Абдулла Авлонийнинг «Тарбия биз учун ҳаёт ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир» деган маъноли сўзларини эслаймиз. Бу борада бир неча кўрсатмалар мавжуд:

Биринчидан: фарзанднинг отага жафо қилмоғи, ўша отанинг ўтмишда ўз отасига жафо қилгани сабабидандир. Яратган Аллоҳ мана шу йўл билан унга бу дунёда азоб беришлиги, албатта, килмишига яраша жазо олаётгани бўлади. Пайғамбаримиз (с.а.в) айтганлар: «Оталарингизга меҳрибон бўлинглар шунда сизлар ҳам фарзандларингиздан меҳр-мурувват кўрасизлар».

Иккинчидан: Ота ўзига жуфти ҳалол танлашда янглишиши туфайли ҳам фарзанди унга бемеҳр бўлиши мумкин. Чунки фарзандга онанинг таъсири сут оркали кўпрок ўтади.

Учинчидин: Ота ўз фарзандига қарашда бепарволик ва дангасалик қилиб, фақат ўзининг иши билан машғул бўлишидан келиб чиқади.

Имом ибн Кайюм шундай дейди: Кўпчилик фарзандларнинг ахлоқсиз бўлиб, бузилиб кетишига оталар томонидан, уларнинг бепарволиги сабабли, ҳамда диний маърифатни ўргатмаганидан юзага келади.

Тўртинчидан: Фарзанднинг ахлоқ-одобига дини-диёнатига, маърифатига ёмон дўстларнинг ҳам таъсири жуда катта бўлади.

Фарзанд дунё ҳаётининг зийнатидир. Албатта, ҳар бир инсоннинг фарзанди қалб райхонаси, гулидир. Ёшлик чоғларида уларни эркалаб кўнглимиз ҳузур қилади. Катта бўлганларида эса ёрдамларидан баҳраманд бўламиз. Инсоннинг ота-онаси оламдан ўтгандан кейин ҳам фарзандларнинг саъй ҳаракатлари туфайли номаи аъмолидаги савоблари зиёда бўлади. Пайғамбаримиз (с.а.в) айтдилар: “Инсон вафот этганида унинг амали тухтайди, фақат уч нарса туфайли унинг номаи аъмолига савоб ёзилиб туради: Садақаи жория, фойдали илм, дуои хайр қилувчи солиҳ фарзанд”. (Муслим ривояти)

Агар оила тинч-тотув бўлиб, ота-оналар ўз фарзандларига таълим тарбияни билдириб, маърифатли қилиб ўзидан каттани кўрганда ҳурмат қилиб, кичикка иззат ҳурмат, икромда бўлишни тушунтирса, шундай фарзандлар ота-онасига раҳмат олиб келади. Албатта ана шундай фарзандлар Аллоҳнинг мукофотига сазовор бўладилар.

Р.Эрназаров

Боғот тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.