14 ЯНВАРЬ ЮРТИМИЗДА “ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИ КУНИ”

Маълумки, инсонга берилган энг бебаҳо неъматлардан бири – ўз Ватанида яшашдир. Чунки Ватан унинг киндик қони тўкилган, гўдаклик чоғи ўтган, илк қадамларини қўйган, ёшлик, кексалик даврларини сурадиган, хотиралари муҳрланган, ота-боболарининг юрти, фарзанду набиралари улғайган заминдир! Аллоҳ таоло ҳар бир инсонга ватанни севиш ва унга муҳаббат қўйиш табиатини ато этган.

          Ватанга муҳаббат, бу – баландпарвоз сўз эмас! Ватанга муҳаббат – бахт топган остонамиз – оиламизга, бизни элу юртга қўшган урф-одатлар, удумлар – миллий қадриятларга, биз югуриб ўсган тупроқ, отамиз эккан ва биз билан бирга улғайган дарахт, онамиз тебратган бешикка бўлган муҳаббатдир.

         Буюк аждодларимиз юрт ҳимояси йўлида шаъни, ору номусини, имонини ўртага қўйиб, ёвга қарши курашган. Замонлар, маконлар ўзгарса-да, Ватанга муҳаббат, имонга садоқат моҳияти асло ўзгармади. Она-Ватан ҳимояси мавзусида сўз борар экан, Темур Малик, буюк саркарда Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби улуғ юртпарварлар, Ватан озодлиги йўлида қўлида тиғ ва туғ ила жон берган Шайх Нажмиддин Кубро, Ватан ҳажри ва доғида ёниб ўтган Бобур Мирзолар ибрати бизга яқин замонда яшаб юрт мустақиллиги ва халқ озодлиги йўлида азиз жонини, муборак қонини фидо қилган ватанпарвар, халқпарвар инсонларнинг муҳаббати нақадар улуғ, имонлари қанчалик мустаҳкам экани яна бир бор кўз ўнгимизда намоён бўлади.

Ватандаги тинчликнинг қадрига етиш ҳақида спорт соҳасидаги раҳбарлардан бири бўлиб ўтган бир воқеани сўзлаб берди:

Мусобақага қатнашиш учун хорижий мамлакатдан бир фаластинлик спортчи йигит Ўзбекистонга ташриф қилган эди. Фаластинлик йигит ватанига қайтишдан бир кун аввал чуқур, оғир бир нафас олиб: “Афсус эртага мусобақа нихоясига етади, биз ўз юртимизга қайтамиз”, – деган гапни айтди. Биз уни гапидан таажжуб қилдик ва сўрадик: “Эртага ватанингизга қайтасиз, ватанга кетишдан хам ортиқ бахт борми? Сиз ўз юртингизга, яқинларингизнинг ҳузурига кетасиз-ку, нега ватанга қайтиш учун афсус қиляпсиз?” Фаластинлик меҳмонимиз шундай жавоб қилди: “Тўғри, ватанга кетиш, фарзандларни кўриш, жигарлар билан дийдорлашиш – бу бахт, лекин бизни яшаб турган юртимизда ўқ овози эшитилиб туради. Кўчага маълум, белгиланган соатда чиқамиз, ундан бошқа вақтда кўчага чиқолмаймиз. Туғилиб ўсган диёримизда бемалол юролмаймиз, на туй-ҳашам, на хурсандчиликни ўз вақтида ўтказа оламиз. Доимо бирон-бир ўқ келиб умримга хотима ясаб қўяди деган қўрқув ва хавотирда яшаймиз, лекин сизларнинг юртингизга келганимизда шу нарсанинг гувоҳи бўлдикки, биз бу ерда эркин нафас олдик. Кечаси ярим тун бўлсин, ёруғ тонг бўлсин бемалол кўчаларда юрган одамларни кўрдик. Фарзандларини қўлларидан етаклаб ота-оналар истироҳат қилиб турганларини, тўйларингиз тўйлардек, маъракаларингиз маъракалардек ўтиб турганини кўрдик. Бирон-бир ўқ овозини эшитганимиз йўқ. Бирон-бир ножўя ҳаракатни кўрганимиз йўқ. Сизларга ҳавас қилдик. Бундай ватанда яшаш ҳаммага ҳам насиб қилмайди. Юртингизни қадрига етинглар!”, – деб сўзини ниҳоялади.

                Шундай экан, ҳар биримиз ўз ватанимизга бўлган муҳаббатимизни янада ошириб, тинчлигини қадрига етиб, уни ободлиги ва ривожланиши йўлида ўз ҳиссамизни қўшиб, кундан-кунга кўпайиб бораётган ислоҳот ва ютуқларига шукр қилиб, ҳар хил ёвуз ниятдаги кимсалардан уни кўз қорачиғимиздек асраб-авайлаб, Ватан равнақи йўлида хизмат қилаётган шахсларнинг ҳаққига дуолар қилиб, умргузаронлик қилишимиз мақсадга мувофиқдир.

Ҳар бир халқнинг ўзига хос миллий ҳамда диний байрамлари мавжуд. Мана шундай миллий байрамларимиздан бири бу 14 январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни” байрам сифатида нишонланади. Дарҳақиқат, Ватан – муқаддас макон. Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, унинг равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш – ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Ватан сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш, юрт шаъни ва ор-номусини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш шу заминда яшаётган ҳар бир имонли, эътиқодли ва ихлосли фарзанднинг муқаддас бурчидир. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, тинчликни сақлаш, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, юртимиз барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашда миллий армиямизнинг алоҳида ўрни бор.

Динимизда Ватанни ҳимоя қилиш ишига ўзини бахшида этиш энг улуғ савобли амаллардан эканлиги айтилган. Бу тўғрида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ҳадиси шариф ривоят қилинган:

яъни: “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири – Аллоҳнинг азобидан қўрқиб йиғлаган кўз, иккинчиси – Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилиб бедор бўлган кўз” (Имом Термизий ривоятлари).

Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир. Бу йўлда фидоий бўлган киши юксак мақомга етиши улкан ажрлар соҳиби бўлиши ҳақида башоратлар мавжуд бўлиб, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Кимки Аллоҳ таоло йўлида бир кундуз ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи (нафл) рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади. Кимики сарҳадни қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам худди шундай ажру-савоб мукофоти бўлади ва шаҳидлик мақоми берилиб, барча фитналардан омонда бўлади”(Имом Насаий ривоятлари).

Аллоҳ таоло мустақил юртимизни тинчлик ва омонликда, аскару зобитларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, жаннатмакон диёримизни ёмон кўзлардан ва барча офатлардан омонда сақласин!

Х.Аҳмедов

Шовот тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *