ВАТАН ҲИМОЯСИ –МУҚАДДАС БУРЧ.

Кишининг туғилганда киндик қони тўкилган ер унинг Ватани ҳисобланади. Мана шу Ватанини асраб-ардоқлаш, ҳимоя қилиш ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир. Ахир доноларимиз бекорга айтишмаганку: Туғилган ердан кўнгил узилмас, Юрт қўриганнинг юрти бузилмас. Шу ватаннинг ҳимояси учун камарбаста бўлиш энг олий шараф ҳисобланади. Инсонларнинг яхшиси ўз ватанини севади,ардоқлайди ва ёмон кўзлардан асрайди.Агар ундан айро тушса маҳзун бўлади.

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида Маккаи мукаррама томонга юзланиб: «Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим»,- деган эканлар.

Динимиз таълимотларида она Ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги ва дин равнақи йўлида жон берган кишиларга шаҳидлик мақоми берилиши айтилган Пайғамбаримиз (с.а.в.):

«Молини, жонини, динини, аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир», — деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Дарҳақиқат, бундай кишига шаҳидлик мартабаси берилиши бежиз эмас. Чунки у инсон учун энг азиз бўлган нарсани ҳимоя қилишга қасд қилган. Акс ҳолда, унинг шаъни ва ғурури топталган бўлур эди. Юртда ватанни севадиган, ардоқлайдиган ва ҳимоя қиладиган мардлар бор экан шу юрт доимо юксалаверади, гуллайверади. Ҳар бир эл, ҳар бир миллат учун ўзининг туғилиб ўсган ватанидан ардоқлироқ маскан бўлмаса керак.

Шунингдек, Ватан ҳимоясида фақат ҳарбий кишилар эмас, балки шу заминда яшаётган барча фуқаролар – ўқитувчи ёки шифокор бўладими, тадбиркор ёхуд боғча тарбиячиси бўладими, қаерда бўлмасин ўз Ватанини ҳимоя қилиши керак. Ҳимоя қилиш деганда фақат қурол билан эмас, керак бўлса сўз билан, ғанимларга раддия бериш билан ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши кураш йўллари билан инсон ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилиши зарур!

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

“Кимики Аллоҳ таоло йўлида бир ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади. Кимики сарҳадни қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам худди шундай ажру-савоб мукофоти бўлади ва шаҳидлик мақоми берилиб, барча фитналардан омонда бўлади”.

 Ватан ҳимояси ҳақида сўз кетар экан бубк аждодларимизнинг ватан ҳимояси ва озодлиги учун жон фидо қилган Жалолиддин Мангуберди,Темур Малик ва Нажиддин Кубро дек зотларни эсламасдан ўта олмаймиз.Уларнинг кўрсатган фидокорликлари асрлар оша авлодлар ёдидан чиқмайди.

Биз эса фарзандларимизни манашундай аждодлари йўлида тарбиялашимиз ва ватанга муҳаббат руҳини улар онгига сингдиришимиз лозим.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам таълим берганларидек, фарзандларимизга болалигиданоқ чавандозлик, мерганлик, сувда сузиш каби машқларни пухта ўргатиб, Она-Ватанга, эл-юртга садоқат руҳида буюк аждодларимиз каби имон-эътиқодли қилиб тарбиялаш барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир.

Қ.Искандаров

Боғот тумани “Абдол бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *