БАРКАМОЛЛИК МУТОЛААДАН БОШЛАНАДИ

           Юртбошимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида келажагимиз бўлган ёшларни ҳар томонлама баркамол –жисмоний ва маънавий етук қилиб тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани –амалдаги йилга ном берилиши билан уйғун келади.

       Президентимиз ҳозирги глобал дунёда содир бўлаётган воқеалар, экстремистик ғояларни интернет тармоқларига жойлаётган ёвуз кучлар таъсиридан ҳали онги тўла шаклланмаган ёшларимизни асрашда уларни илму маърифатга ошно қилиш, мутолаа маданиятини кенг тарғиб қилиш орқали уларнинг дунёқарашларини қадим қадриятларимиз сари буриш –энг самарали ва таъсирчан тарбия воситаси эканлигини айтдилар. Пойтахтимизда бунёд бўладиган янги, мухташам кутубхона ана шу йўлдаги эзгу қадамдир.

         Китоб мутолааси етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган инсонлар учун кундалик маънавий озуқа бўлиши керак. Буюк аждодларимизнинг илму маърифат ҳақдаги ҳикматли сўзлари –улар томонидан ёзилган китоблар бизлар учун ҳамиша ибрат ва сабоқ воситаси ҳисобланади.

        Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ўтган йил ниҳоясида эзгу бир ишга қўл ургани Президентимизнинг Мурожаатномасида кўтарилган долзарб масалага муносиб жавоб бўлди дейиш мумкин. Жомеъ масжидларига улуғ аллома зотлар қаламларига мансуб диний-маърифий мазмундаги адабиётларнинг туфҳа қилингани китоб мутолааси борасида Юртбошимизнинг тарихий фармойиши ва қарорлари ижросини таъминлаш йўлидаги қадам бўлди, дейиш мумкин.

        Масжидларда сақланадиган ва барча бемалол танишиши ва ўқиши учун мўлжалланган бу китобларни кенг тарғиб қилишимиз керак. Тўғри, ёшлар ўзлари келиб бу китоблар билан танишишга эҳтиёж сезмасликлари мумкин. Аммо, элнинг тўйу маъракаларида қатнашиш асносида имом хатиблар ва бошқа диний соҳа вакиллари ушбу адабиётлар мазмун-моҳияти ҳақида мухтасар амру маъруф қилишлари орқали китоблар тарғиботини таъминлаб,бошқаларни шунга қизиқтира оладилар. Бу оддий ва кундалик юмушимизга айланиши керак, деб ўйлайман.

        Ислоҳотларнинг янги босқичи Янги Ўзбекистонимизнинг учинчи Ренесанси тараққиётинг навбатдаги поғонасини яратмоқда. Ҳар қандай тараққиёт аввало, илму маърифат билан баркамол ва мукаммал бўлишини аждодларимиз ўз амалларида исботлашган. Ана шу амаллар бизлар учун ойдин йўлимизни–эртанги фаравон ҳаётимизни таъминлайдиган минг йиллик тажриба маҳсулларидир.

        Бу эзгу ва савоб ишларда қатнашиш ҳар биримизнинг фуқаровий бурчимиз–келажак авлод олдидаги фарзу фарзимиздир!

М.Юсупов

Боғот тумани “Тавал бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *