ИСРОФ УЛКАН МАЪНАВИЙ ВА ИҚТИСОДИЙ БАЛО.

Маълумки, Аллоҳ таоло инсониятга сон саноқсиз неъматларни ато этиб, уларни берилган неъматлардан оқилона фойдаланишга, тежаб-тергаб ишлатишга, исрофга йўл қўймасликка чақиради. Бу борада Қуръони каримда:

“…Шунингдек, еб-ичинглар, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай”. (Аъроф сураси, 31-оят)

 Айни пайтда ҳадиси шарифда: “Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга берилманглар” деб марҳамат қилинган.

Лекин, минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунга келиб аксарият ҳолларда исрофдан сақланиш эътибордан четда қолмоқда. Айтишимиз мумкинки, исроф моҳияти шуни ифода этадики, исроф бўлаётган неъмат хоҳ унинг баҳоси қиммат ёки арзон бўлишидан қатъий назар мақсадсиз истеъмол этиш ва ҳаддан ошиш исроф маъносида ифода этади.

Халқимиз тўй, турли муносабатлар билан ўтказиладиган маросимларни, шодиёналарни яхши кўради. Умри давомида меҳнат қилиб фарзанди учун тўй-ҳашамларига деб маблағ сарфлайди. Назар солсангиз, бу каби меҳр-мурувват таҳсинга лойиқ. Аммо, ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун бўлиш, тўй ва маросимларини бошқаларникидан бир неча баробар дабдабали қиламан деб фарзандларининг бахтини ўйламай бир қанча исроф ишларга қўл уриб, натижада кўнгилсизликларга учраш эса ачинарли ҳол.

Аслида тўй-маросимларни меъёрида, дабдабасиз, исрофга йўл қўймаган ҳолда ўтказилса, тўйда сарфланадиган ортиқча маблағларни ёш келин-куёвларнинг ҳаётларида асқотадиган зарур нарсаларга сарфланса қандай гўзал бўлар эди.

Абу Ҳанифа (р.ҳ.): “Хайр (яхшилик) ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳечқандай хайр йўқдир”, деган бўлсалар. Суқрот эса камхарж бўлиб қолганидан шикоят қилган кишига қарата: “Исрофингга бир чегара қўйиб, маблағингни тежа, ўзинг ўзингдан қарз ол, шунда аҳволинг яхшиланади”, деган экан. Донишманднинг тавсияси бугунги кунимизда ҳар қадамда исрофга йўл қўйиб, ҳаётининг қийинчилигидан шикоят қилаётган кишиларни тўғри йўлга чорлаётгандек бўлиши барчага сир эмас.

Дейлик, исроф деб фақат маблағ, бойлик ёки мулкни совуриш тушунилмайди. Ҳаётимиз учун зарур бўлган электр энергиясини тежаш, табиий газдан унумли фойдаланиш, ичимлик сувидан меъёрида фойдаланиш, қимматли вақтни бехуда кетказиш каби фойдали ишларга сарфламаслик ҳам исрофнинг бир туридир. Куч-қувват ва салоҳиятнинг эл-юртга ёки ўзига фойда келтирмайдиган нарсаларга йўллаш ҳам исроф дейишимиз мумкин.

Аллоҳ таолодан барчамизга тежамкор ва тадбирли бўлишлигимизни насиб этсин деб сўраб қоламиз.

М.Мадиримов

Ҳазорасп тумани “Ҳазрати Шайх Муҳаммад Амин” масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *