ОГОҲЛИК ДАВР ТАЛАБИ ЭКАНИНИ УНУТМАЙЛИК

Аллоҳ таоло инсон зотига ақлу идрок ато этиш билан уни яратган барча мавжудодларидан афзал қилди. Шу боис одамзот ҳайвонлардан фарқли ўлароқ, ўз ҳатти-ҳаракатларини онгли равишда амалга оширади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло инсонларга ўз жинсларидан бўлган, ўзларининг орасида яшайдиган кишилардан пайғамбарлар юборди ва барча илоҳий кўрсатмаларини уларнинг онгларига мос қилиб нозил қилди. Ушбу илоҳий кўрсатмалар орқали Аллоҳ таоло бандаларига фойдали бўлган нарсаларни баён қилиш билан бир қаторда, уларни дунё ва охиратлари учун зарарли бўлган нарсалардан огоҳ қилиб келган. 

Юртимизда маънавий-маърифий муҳитни янада барқарорлаштириш, аҳоли, айниқса, ёш авлодни турли ғоявий ва ахборот хуружларидан сақлаш, ҳушёрлик ва огоҳликка даъват этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бугун дунё тез ўзгариб, ундаги воқеалар, мафкуралар, ғоялар тўқнашуви, шунингдек, Яқин Шарқ мамлакатларидаги қуролли можаролар, ибодат уйларидаги қўпорувчилик ишлари бизни ҳар қачонгидан сергак ва огоҳ бўлишга ундайди. Инсон ўзи учун ҳаловат ва тинчликни ўз идроки ва билими билан таъминлайди. 

Мамлакатимизда ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат-эҳтиром руҳида камол топтириш, уларни маънавиятимизга ёт зарарли ғоялар таъсиридан ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Аллоҳ таоло энг сўнги пайғамбари бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилган Ислом динининг асосий манбаи бўлмиш Қуръони карим ва суннатларда ҳам биз мўмин-мусулмонларни дунё ва охиратимиз учун зарарли бўлган нарсалардан огоҳлантирган. 

Қуръони каримда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Эй, инсонлар! Мен сизлар учун аниқ огоҳлантирувчидирман, холос, — деб айтинг», (Ҳаж сураси, 49-оят) – дейилган. Оятда у Зотни «Назийр», яъни «қўрқитувчи», «огоҳлантирувчи» номи билан аталишлари ҳам бежиз эмас, албатта. Зеро, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам инсоният жаҳолат ботқоғига ғарқ бўлиб, инсонийлик қиёфасини йўқотиб бораётган бир даврда пайғамбар бўлиб келдилар ва одамларни олдиларида турган хатардан, яъни дунёдаги турли бало ва офат ҳамда охиратдаги оташи дўззахдан огоҳлантирдилар.

        Ислом фиқҳий манбааларида келтирилишича: Бир қавмда одам ўлдирилса, ворислари қозига шикоят қилишади. Қотил топилмаса, ким ўлдирганини хеч ким билмаса, қози ўша қавмдан бўлган элликта гумондорни топишни буюради. Булар мархум билан қарз олди-берди қилган,  бирга юрадиган, бирга ўтирадиган, дўстлари, яқинлари, қўшнилари, бир сўз билан айтганда шу қавмнинг эсли хушли инсонларидан эллик киши тўпланади. Энди қози буларнинг хар бирига  савол беради, мархумни ким ўлдирди? қотил ким? кимдан шубханг бор? Эллик кишидан ҳеч бири қотилликни бўйнига олмаса, қотил кимлигини ҳам билмаса, буларнинг ҳаммасига  бирма бир қасам ичдирилади. Маълумки ноҳақ қасам ичиш шариатда оғир гуноҳ саналади. Ҳаммалари қасам ичгандан кейин, марҳумнинг хунини тўлаш қозининг ҳукми билан элликта гумондорнинг бўйнига юкланади. Яъни: 100 та туянинг пулини марҳумнинг ворисларига тўлаб беришади. Бу шариат белгилаган хад.

        Савол туғилади бу элликта киши қотилни кўрмаса, билмаса ҳеч нарсадан хабари бўлмаса буларнинг айби нима, нима учун хун тўлашлари керак?

        Буларнинг айби қавмида бўлаётган ишлардан огох бўлмаганлиги, бепарволиги, лоқайдлигидир. Шунинг учун қози шундай ҳукм қилади.           

        Юртимиздаги жорий қилинган маҳалла институти, қишлоқларда ташкил қилинган маҳалла фуқаролар йиғини, раиси, маслахатчиси, котиби, поспонининг жорий қилиниши юқорида келтирилган масала билан ҳамоҳангдир.

        Шаҳардами, қишлоқдами қаерда яшамайлик бугун келажагимиз учун огоҳ ва сергак бўлишимиз зарур. Чунки тинчлик ва хотиржамлик учун барча бирдай масъулдир. Тинчлигимизни кўра олмайдиган шундай  кучлар борки, керак бўлса улар бизнинг лоқайдлигимиздан фойдаланади, ёшларимизни йўлдан уради.

       Маълумки, ақидапараст ва бузғунчи кучлар халқ руҳиятини ичдан емириб, ҳалокатга бошлайди. Жамиятнинг ҳамжиҳатлигини бузади, халқни жар ёқасига олиб боради. Диний тушунчалардан усталик билан фойдаланиб, одамларга унинг асл моҳиятини бузиб кўрсатади. Шунингдек, халқнинг ишонувчанлигидан фойдаланиб, оммани норозилик кайфиятида тарбиялайди. Ёшларни эса алдов йўли билан ўзининг жирканч қуролига айлантириб, жувонмарг қилади.

        Ақидапарастлар фикрича ислом маърифатини ёйишнинг йўли фақат зўравонликдир. Шу йўлда улар жангариларни тайёрлаш ва қўпорувчилик билан инсонларга ваҳима солиш орқали ўз қора ниятларига етишни мақсад қилади. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло: (Эй Мухаммад) Роббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насихат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!(Наҳл сураси 125-оят) деб амр қилган. 

        Ёшларни илм-маърифатли, турли соҳаларда етук мутахассис, жисмонан баркамол инсон бўлиб етишиши учун кенг шароитлар яратиб берилган. Мазкур имкониятлардан тўла-тўкис фойдаланиш, жамият ва давлат учун фидокор шахс бўлиш ҳар бир ёшнинг бурчи ва мақсади. Бунинг учун эса, улар аввало,  касб фанларини чуқур ўзлаштириш, шунингдек, ўзбек халқининг меҳнатсеварлик, оилани муқаддас билиш, инсонларга меҳрибонлик, дўстларга садоқат, ватанпарварлик каби тарихан эъзозлаб келинаётган қадриятларини ўзида шакллантириши талаб этилади.

Дарҳақиқат, инсон огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига теран назар билан боқади, келиши мумкин бўлган хавфу хатарни келмасидан олдин бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Аксинча, ғофил ва бепарво бўлган кимса эса атрофида нималар бўлаётганига ҳам эътибор қаратмай, охир оқибат турли хил бало ва офатларга дучор бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло онгини ишлатмайдиган, ўзининг ким эканлигини англаб етмаган, бугуннинг ҳузур-ҳаловати билан яшаб, эртаси хақида қайғурмайдиган кимсаларни: 

«…Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан «англамайдилар». Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан «кўрмайдилар». Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан «эшитмайдилар». Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир», — деган (Аъроф сураси, 179-оят).

Шундай экан, ҳозирги кунимизда улуғ неъматимиз бўлмиш тинчлик ва ҳотиржамликнинг қадрига етайлик.

Қ.Илясов

Боғот тумани “Исмоил Шайх бобо” масжиди имом-хатиби

                           

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *