БАҒРИКЕНГЛИК ТИНЧЛИК ГАРОВИ

Аллоҳга шукрлар бўлсинки мустақилликдан кейин барча соҳаларда миллий қадриятлар устуворлиги асосий тамойил сифатида ўз аксини топди.

Буни «Бағрикенглик» тушунчасида ҳам кўриш мумкин. «Бағрикенглик бизнинг дунёмиздаги турли бой маданиятларни, ўзини ифодалашнинг ва инсоннинг алоҳидалигини намоён қилишнинг хилма-хил усулларини ҳурмат қилиш, қабул қилиш ва тўғри тушунишни англатади»

Бағрикенглик тушунчаси илмий фаолият ва ижтимоий ҳаётнинг турли соҳалари, жумладан, сиёсат, фалсафа, илоҳиёт, ижтимоий ахлоқ, қиёсий диншунослик каби соҳаларда кенг истифода этиладиган тушунчалардан биридир. Мустақиллик йилларида диний соҳага ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширила бошланди. Масжидларда эмин-еркин ибодат қилиш, мадрасаларда диний ва дунёвий билимларни олишга кенг имкониятлар яратилди.Миллий анъана, урф-одат ва диний қадриятларимиз қайта тикланди. Буларга мисол Рамазон ҳамда Қурбон ҳайити кунлари умуммиллий байрам сифатида кенг нишонланиши, дам олиш куни деб эълон қилиниши Ўзбекистон мусулмонлари учун ҳақиқий туҳфа бўлди. Юртимиздаги Ҳазрати Имом мажмуаси, Имом Бухорий маркази ва кўплаб обида ва қадамжола қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Аммо тинчлигимизни кўра олмайдиган кимсалар ўзларининг ғаламис ниятларини амалга ошириш мақсадида бизнинг гўёки бўш томонимизни топмоқчи бўлдилар, бузуқ ғояларини онгимизга сингдирмоқ пайига тушиб қолдилар.

Ҳозирда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элатлар вакиллари ҳамжиҳатликда яшаб келмоқда. Бу ҳам бизнинг динимиз — Ислом нақадар бағрикенг дин эканлигидан далолатдир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Бошқа диндаги қўшнингизни сизда қўшнилик ҳақи бор. Унга яхшилик қилинглар*, деб бошқа дин вакиллари билан ҳам аҳил бўлмоқликка ундаганлар. Исломнинг соф ва бағрикенг дин эканлигини ана шундай мисолларда тушунтирмоқ даркор.

Ўзбекистон Республикаси Конститутсиясида ҳар ким хоҳлаган динига эътиқод қилиши ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга экани қайд этилган. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмаслиги белгиланган. Қуръони каримда эса «Динда зўрлаш ёқдир» дейилади. Бироқ кейинг йилларда бу талабларни бузаётган ғаламис кимсалар ўзларининг бузуқ ғояларини инсонлар онгига сингдирмоқчи бўляпти. Диний соҳа вакилларининг вазифаси бузуқ ниятли кишиларнинг Исломни ниқоб қилиб, манфур ишларини амалга оширишларига йўл қўймаслик ва халқимиз онгига соф Ислом бундай бузуқ ишларга йўл қўймаслигини етказишдир.

Дунёнинг турли жойларида Исломни ниқоб қилиб, қўпорувчилик, қотиллик, уй-жойларни вайрон қилиш ва террористик ҳаракатлар содир этилмоқда. Буларнинг барчаси ноқонуний ва Ислом тамойилларига мутлақо қарама-қарши бўлган ишлар. Аввало, Ислом тинчлик динидир. Инсонларни ўзаро ҳамжиҳат- ликка, бир-бирига меҳр-мурувват кўрсатишга ва тинч-тотув ҳаёт кечириб, яхшилик қилишга чақиради.

Ҳадисда: «Одамларга унинг тилидан ҳам, қўлидан ҳам азият етишидан сақланган киши мусулмондир», дедилар. Исломда ноҳақ одам ўлдириш ҳаром ҳисобланади. энди юқорида тилга олинган жоҳилона хатти-ҳаракатларни амалга ошираётган кимсаларга қайтсак. Ислом тинчликка чақиради, улар эса одамлар тинчини бузмоқдалар. Ислом жамиятга фойда келтиришга чорлайди, улар жамиятга зиён келтирмоқдалар. Ислом қўли билан ҳам, тили билан ҳам бировга азият бермасликка ундайди, улар эса бегуноҳ одамларнинг ҳаётига зомин бўлмоқда. Исломда одам ўлдириш ҳаром дейилган, улар эса буни ҳалол ҳисоблаб, қотиллик орқали ўз мақсадларига эришмоқчилар. Ҳақиқий Ислом қаерда-ю, бузғунчи ғоялар ва динни ниқоб қилиб қабиҳ ишларни амалга ошираётганлар қаерда! Буларни Ислом билан таққослаб, ҳақиқий мусулмон аслида қандай бўлиши кераклигини халққа, ёшларга тушунтирмоқ зарурдир.Дин инсонларни эзгу ғоя ва эзгу мақсад йўлида бирлаштирувчи омилдир. У мусаффолик манбаи, диллар сокинлигидир. Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганларидек, дин хонадонларимиз файзи, одоб-ахлоқ ва маърифат манбаидир. Дин орқали қалблар яқинлашади, маданиятлар бирлашади. Шу боисдан миллий мафкурамизнинг асосий тамойилларидан бири “Динлараро бағрикенглик” ғоясидир. Дунёда турли-туман халқлар яшар экан, уларнинг эътиқодлари ҳам ўзига хослик касб этади. Шу билан бирга, уларнинг барчаси фақат эзгуликни тарғиб қилади. Зеро, уларнинг вужудга келишига ҳам ёвузликни инкор қилиш, бунёдкор ғоялар рўёбига эришиш сабаб бўлган.Диний бағрикенглик икки кўринишда талқин қилинади: биринчиси, ташқи кўринишдаги бағрикенглик бўлиб, ўзгаларнинг диний эътиқодини инкор этмаслик, унга қарши курашмасликдир. Иккинчиси, ички ижобий бағрикенглик бўлиб, муайян диний эътиқодда мустаҳкам бўлган ҳолда бошқа диний қадриятларни ҳам яхши билиш бўлиб, уларга нисбатан ҳурмат билан ёндошиш ҳисобланади.Айниқса, бизнинг муқаддас Ислом динимизда диний бағрикенглик масаласига алоҳида урғу берилади. Хусусан, мусулмон инсон Аллоҳ таоло томонидан юборилган набийларнинг барчасига, уларга нозил қилинган китоб ва саҳифалар Аллоҳнинг ҳузуридан эканига бирдек иймон келтириши лозим. Набий алайҳиссалом Мадинаи Мунавварага борганларидан сўнг у ердаги яҳудийлар билан аҳднома туздилар, улар билан тинч-тотув ва жамият манфаати учун ҳамкорликда яшаш асосларини белгилаб, унга амал қилиб яшадилар. Бу ҳол биз умматлар учун диний бағрикенглик борасида ажойиб бир ибрат, кўрсатмадир.Халқимиз доимо дуога қўл очар экан, биринчи навбатда юртимизга тинчлик,хонадонларимизга файзу барака тилаб, яхши ният қилади. Чунки бир кун жанжал чиққан жойдан қирқ кун барака кетиши ҳақидаги ҳикмат бекорга айтилмаган. Шунинг учун ҳам Ватанимизни кўз қорачиғидек асраш, унинг тинчлиги ва барқарорлигини ҳимоя қилиш, салоҳиятини янада юксалтириш бу озод ўлкада яшаётган ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир.Ҳар бир инсон Аллоҳнинг йўқдан бор қилган, яратган бандасидир. Ҳар бир инсон, бутун жамият ўзаро муносабатларни халқларнинг турли-туман урф одатлари, маданияти ва қадриятларини тан олган ҳолда, бағрикенглик асосига қуриши зарур. Зеро, тинч-тотувлик, бағрикенглик тараққиёт гаровидир.

Э.Қутлиев

Хонқа тумани “Жирмиз ота” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *