БИЛИМЛИ ЁШЛАР КЕЛАЖАГИМИЗ ПОЙДЕВОРИ

         Инсон ҳаётининг ҳар бир босқичи муҳимдир. Мазкур муҳим босқичлар ичида умрнинг ёшлик босқичи алоҳида аҳамиятга эгадир. Ёшлик инсон умридаги энг нозик давр ҳисобланади. Ёшлик инсоннинг қувватга тўлган ва ҳаракатчанлиги зиёда бўлган вақтидир. Шу билан бирга, ёшлик даври инсоннинг ҳаёт йўлларининг чорраҳасида турган пайти ҳамдир.

Агар ўша чорраҳада инсон яхши йўлга кириб қолса, ўзи, оиласи, қариндошлари, ҳалқи, ватани учун жуда катта яхшилик сари юз тутган бўлади. Бу уни дунё ва охират бахтига, саодатига эриштиради. Агар, Аллоҳ кўрсатмасин, мазкур чорраҳада ёмон йўлга бурилиб кетса ўзи, оиласи, қариндошлари, ҳалқи, ватани учун ўта кўнгилсиз ҳодиса сари қадам қўйган бўлади. Бу билан унинг дунё ва оҳиратда яхшиликка эришиши қийинлашиб қолади.

Ёшлар ҳар бир миллатнинг келажаги эканини ҳисобга оладиган бўлсак, уларга эътибор беришнинг аҳамияти яна ҳам зиёдалашади. Зотан, хар бир шаҳснинг ким бўлиши ёшлигидан аён бўлади, унинг камолоти айнан ёшликдан бошланади. Ёшлик пайтида шаклланиб қолган сифатлар инсонга умр бўйи ҳамроҳ бўлади. Шунинг учун ҳам ёшларнинг одобли бўлишлари учун ҳаракат қилиш жуда аҳамиятли иш ҳисобланади.

Шу боис ҳам Аллоҳ таолонинг оҳирги ва мукаммал дини, киёматгача бокий колувчи дини, барча замонлар ва маконларда инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берувчи дини – Исломдан ёшларга алоҳида эътибор каратилган.

Ёшлик даври инсон учун берилган илоҳий неъматлардан бири бўлиб, инсон мазкур неъматга шукр килиши, бунда асло ношукур бўлмаслиги зарурдир. Ҳар бир неъматнинг шукри эса неъмат берурчи Зотга мактов сўзларини тил билан айтиб, дил билан тасдиклаш ва энг муҳими, берилган неъматни неъмат берувчи Зотни рози киладиган тарзда тасарруф килиш ила юзага чикади. Демак, ёшлик неъматига шукр килиш айни ўша ёшликни Аллоҳ таолони рози қиладиган тарзда ўтказиш билан бўлади. Бунинг устига, ёшлик қиёмат куни ҳисобга олинадиган неъматлардан эканини ҳам унутмаслик керак.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Қиёмат куни одам боласининг қадами то ундан беш нарса ҳакида: умрини нимага сарфлагани, ёшлигини нимага кетказгани, молини қаердан касб қилгани ва қаерга сарфлагани, билганига қандай амал қилгани ҳақида сўралмагунича, Робби ҳузуридан узилмайди” Термизий ривоят қилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшликнинг инсон боласи ғанимат билиши лозим бўлган беш нарсадан бири эканини таъкидлаганлар.

Ибн Аббос розиаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат бил: ёшлигингни қарилигингдан олдин, соғлигингни беморлигингдан олдин, бойлигингни камбағаллигингдан олдин, бўшлигингни машғуллигингдан олдин ва ҳаётингни ўлимингдан олдин”.

Ҳоким ва Байҳақий ривоят қилганлар.

Исломнинг ёшликка берган бу каби олиймақом аҳамияти бизларни унинг қадрига етишга чорлайди. Ёшликнинг қадрига етиш, уни ғанимат билиш ва ундан унумли фойдаланиш эса динимизда белгиланган ёшлик одобларига амал қилиш ила юзага чиқади.

Ёшлик одобларидан бири келажакка умид билан қараш ва етук инсон бўлиш учун ҳаракат қилишдир. Ҳар бир ёш йигит-қиз ўз келажаги ҳақида тўла ва мукаммал тушунчага эга бўлиши ҳамда ҳаётдан кўзлаган мақсадини аниқ белгилаб олиши керак.

Минг шукрлар бўлсинким, бугунги кунда юртимизда ёшларни қўллаб қувватлаш борасида давлатимиз томонидан ғамҳўрликлар юқори даражага кўтарилган.

Юртбошимиз томонидан “30-июнь — Республика ёшлар куни” қилиб белгиланиши ҳам ёшларга бўлган юксак эътиборидандир. Айни дамларда ёшлар учун амалга оширилаётган барча амаллар ёшларимизни ўқиш-ўрганиш, доимий изланиш, илм-фанга, тараққиёт чўққиларини эгаллашга интилишига сабаб бўлса ажаб эмас.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинди.

Ёшларнинг ҳуқуқ-манфаатларини таъминлаш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ёшлар ишлари агентлиги тузилди, ҳокимларнинг ёшлар ишлари бўйича ўринбосари лавозими таъсис этилди. Шундай экан ёшларимиз ҳамма орзулари ушаладиган, интилишлари қўллаб-қувватланадиган мамлакатда яшаётганидан бахтиёр бўлишлари керак. Чунки ана шу ғамҳўрлик ва эътибор натижасида ҳамманинг хавасини келтирадиган, истеъдодли бўлиб вояга етишяпди. Юртимиз довруғини жаҳонга ёяётган ёшлар сони кундан кунга зиёда бўлиб боряпди.

Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳадисларида: “Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар”-деб марҳамат қилганлар.

Яна бир ҳадисларида “Илм Чин-Мочин (Хитойда) бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгалланглар. Илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”- деганлар.

Пайғамбаримиз ўз умматларига фақат диний таълим бериш учун юборилмаганлар, балки дунёвий илмларни олишга ўргатганлар.

Ёшларни дунёвий илм соҳиби бўлишига ва ҳунарли бўлишга тарғиб қилиш энг муҳим масалалардан экан, демак биз фарзандларимизни ёшлик чоғидан бошлаб одобли, ахлоқли қилиб тарбиялаш билан бирга илм фаннинг барча қирраларини эгаллашга қизиқтириб боришимиз даркор. Уларни мактабда ва ўқув юртларида яхши ўзлаштиришларига катта аҳамият беришимиз зарур.

Ота-онанинг вазифаси фарзандни дунёга келтиришдан иборат эмас. Улар ўз фарзандларини ақлли, жисмонан соғлом, диёнатли, виждонли, тўғри сўзли, жамият ва миллатга фойдаси тегадиган инсон қилиб тарбиялаши керак, уларнинг тарбиясига катта аҳамият бериб, ҳалол луқма ейишга одатлантиришимиз, уларни турли зарарли оқимлар таъсиридан сақлашимиз, ота-онаси, оила, эл-юрт олдидаги бурчи ва масъулиятини доимо ҳис қиладиган, ўйлайдиган қилиб тарбиялашимиз лозим. Ота-она бир лаҳза бўлса ҳам ҳушёрликни йўқотмасликлари, ёшлар тарбиясида асло бепарво бўлмасликлари керак. Ота-оналарни фарзанд тарбиясидаги биринчи ҳадяси – ота-оналарнинг гўзал одобидир.

Ёшларга сабр, кечиримлилик, ҳалоллик, поклик, оилага ҳиёнат қилмаслик борасидаги насиҳатларни мунтазам равишда олиб бормоғимиз лозим.

Ҳусусан, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб номланган жорий йилда юртимизда соғлом муҳитни яратиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиб, уларни қўллаб-қувватлаш борасида жуда кўплаб ҳайрли ишлар амалга оширилиши режалаштирилган. Зеро, барча эзгу ниятларимиз замирида фарзандларимизни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом ўстириш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини кўриш орзуси ётибди.

Фарзандларимизнинг ёшлик йиллари саодатли, шукуҳли замонга тўғри келгани учун суюниб яшайлик, буларнинг бари, энг аввало тинчлик, осойишталик самараси эканини тушунтирайлик ва бунинг учун шукр қилайлик.

Ёшларимиз дунёвий билимлар билан барча юксак маънавиятимиз, миллий урф одатларимиз ва қадриятларимиз асосларини ҳам пухта эгаллашлари керак. Мана шундай ёшлар мустақил Ўзбекистонимизнинг келажаги, ишончи ва давомчиси бўла олади.

Ёшлар – бизнинг келажагимиз, келажагимиз пойдеворидир.

Х.Кенжаев

Урганч шаҳар бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *