МЎМИН МЎМИНГА ОЗОР БЕРМАЙДИ

 Ислом дини таълимотлари инсон зотига азият бермаслик, тартиб-интизомли бўлишга чорлайди. Айниқса, мўмин мусулмонлар турли шахсий ва ижтимоий муносабатларда бир-бирларига озор бермасликларига даъват этади. Акс ҳолда қаттиқ гуноҳкор бўлиб қолишлари таъкидланади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло таълим бериб марҳамат қилади:

яъни: “Мўмин ва мўминаларга қилмаган гуноҳлари билан озор берадиган кимсалар бўҳтон ва аниқ гуноҳни ўзларига олган бўлурлар” (Аҳзоб сураси, 58-оят).

Шариатимизга кўра барча жабҳада бировга азият бериб қўйишдан сақланишга буюрилади. Ҳатто суҳбат асносида биз учун арзимас кўринган баъзи ҳатти-ҳаракатлар ҳам динимиз назаридан четда қолмаган. Ҳадиси шарифларнинг бирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

яъни: “Икки киши учинчи кишини ёлғизлатиб суҳбатлашмасин. Чунки бу мўминга азият беради. Аллоҳ эса мўминга азият беришни ёқтирмайди” – деганлар

Шунингдек, ҳадиси шарифларда Аллоҳ таолога ва охират кунига имон келтирган киши азият беришнинг турли кўринишларидан сақланиши лозимлиги уқтирилган. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам:

яъни: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхшиликни гапирсин ёки жим турсин! Ким Аллоҳга ва охиратга имон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин! Ким Аллоҳга ва охиратга имон келтирган бўлса, меҳмонини эҳтиром қилсин!”, – деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).

Бошқа бир ривоятда саҳобалардан бирлари Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, “Эй Аллоҳнинг Расули, қайси мусулмонлар афзал саналади?” – деб сўради. Шунда У зот: яъни: “Мусулмон мусулмонлар унинг тили ва қўлидан саломат бўлган кишидир. Муҳожир – Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан ўзини тийган кимсадир ”, – деб жавоб бердилар (Муттафақун алайҳ).

 Минг афсуслар бўлсинки, кўча-кўйда, бозорларда ва жамоат жойларида арзимас сабаблар ортидан кишилар бир-бирларига озор бериб қўйишларини гувоҳи бўламиз. Айниқса, ҳаёлига келганини гапирувчи баъзи инсонлар ёки тайини бўлмаган ташқаридаги кимларнингдир измида юраётганлар бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали мўмин-мусулмонларнинг шаънларини топташ билан уларга озор бераётганларини кўп учратмоқдамиз. Хусусан, улар динимиз ходимлари, шариатимиз аҳкомларини етказувчи илм аҳллари бўлган имом-хатибларни “ўзларича муҳокама қилиб”, ортларидан бемалол ғийбат қилмоқдалар. Ваҳоланки, неча йиллардан буён шу имомларнинг ортидан ўзлари иқтидо қилиб келадилар. Ислом динини, шариат аҳкомларини етказишдек улкан масъулиятни зиммасига олган уламолар шаънига ёмон сўзларни гапириш Аллоҳ ва Унинг расулини ғазабини келтирадиган ёмон ишдир.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳ: “Ким дин олимларини масхара қилса, охирати куяди. Ким подшо ва амирларни масхара қилса, дунёси барбод бўлади. Ким ўз биродарларини масхара қилса мурувват ва ҳайбати йўқолади”, – деган.

Аллоҳ таолонинг жорий бўлган одатларидан бири шуки, илм аҳли ва уламоларни таҳқирлаган ва масхара қилган одамни мана шу дунёнинг ўзида хор қилади. Суҳайл Андалусий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Бир қўшнимиз бор эди. Аллоҳ бойлик ва обрўни бериб қўйган, жуда сердавлат эди. Унинг энг ёмон одати дин олимларини калака қилиш ва уларга азият бериш эди. Бир куни Аллоҳ розилигини истаб насиҳат қилдим. У мени камситиб, уйидан ҳайдади. Аллоҳга қасамки, орадан 20 йил ўтиб фалаж бўлиб қолди. Мол дунёсидан айрилди. Муҳтожликдан шаҳар бозорида тиланчилик қила бошлади. Бир куни бозорда кўринмай қолди. Орадан уч кун ўтиб, бозор орқасидаги ташландиқ жойдан жасади топилди. Бутун шаҳар уламолари азият кўрган бу инсоннинг ниҳояси мана шундай якун топди”.

Пайғамбар алайҳиссалом ўзларининг ҳадиси шарифларидан бирида ана шундай мўмин-мусулмонларни ғийбат қилиб, уларни айбларини ахтариб, азият берадиган кимсаларга қарата шундай деганлар:

яъни, “Эй тили билан имон келтириб, қалбига эса имон кирмаганлар, (қалби билан имон келтирмаганлар) мусулмонларни ғийбат қилманг ва уларнинг айбини пойлаб-қидирманглар! Чунки ким уларнинг айбини қидирса, Аллоҳ таоло уни ўзининг айбини қидиради ва гарчи уйининг ичида (одамлардан махфий бўлса ҳам, уни ошкор қилиб) шарманда қилади”, – (Имом Абу Довуд ривоят қилган(.

Шариатимиз бировга азият етказишдан қайтариши, азият берганга турли иқобларни белгилаши баробарида мўминлардан азиятни кетказганга жаннатни ваъда қилган. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўтган қавмлардан бир кишини хабарини бериб, шундай деганлар:

яъни: “Бир киши йўл устида ётган дарахт шохини олдидан ўтиб қолиб: “буни мусулмонлар(нинг йўли)дан олиб ташлайинки, уларга азият бермасин”, – деган эди. Натижада ўша инсон жаннатга киритилди”

Динимизда киши атрофидаги инсонларга азият бермасликнинг ўзи ҳатто садақа қилганнинг савобига тенг экани айтиб ўтилган. Бу борада Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан бирига насиҳат қилиб, шундай деганлар:

яъни: “Одамларга ёмонлик қилишдан тийилинг. Зеро бу ҳам сизга садақа бўлур”, – дедилар (Муттафақун алайҳ).

Аллоҳ таола барча мўмин-мусулмонлар ўзаро бирдамликда ҳаёт кечиришликларини, бир-бирларидан ҳаёт қийинчиликларини аритиш пайида бўлишликларини насиб қилсин.

Х.Аҳмедов

Шовот тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *