ЁШЛАРГА ЭЪТИБОР КЕЛАЖАККА ЭЪТИБОР

     Уламоларимиз ёшларни янги экилган ниҳолга ўхшатадилар. Боғбон ниҳолни парваришлаб, вақтида сувини қуйиб, нотўғри ўсган шохларини бутаб турса, янги кўчат чиройли ва боғбон кўзлагандай бир гўзал дарахт бўлиб шаклланиб, мева беради. Агар кўчатни экиб, парваришига эътибор берилмаса, у ўзи хоҳлагандай ўсиб, ҳар хил керак бўлмаган шохларни чиқариб, натижа боғбон кўзлагандай бўлмайди. Ёшларни ҳам “ҳали ёшку” демасдан, уни ўз вақтида одоб-ахлоқи, таълим-тарбияси, илм-маърифати билан ҳар бир ота-она ва масъуллар шуғулланса, келажакда бизнинг фарзандлардан ҳам Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Имом Насафий, Имом Замахшарий, Имом Марғилоний, Имом Косонийлар каби буюк олиму алломалар чиқади. Иншааллоҳ.

Бугунги кун ёшларига жуда кўп имкониятлар яратиб берилган. Ёшларимиз бу имкониятлардан оқилона ва тўғри фойдаланишлари лозим. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, баъзиларнинг фарзандлари, хоссатан, мактаб ёшидаги йигитлар вақтларининг аксарини интернет ва компьютер ўйинлари (playstation) клубларида ҳар хил ножўя ўйин ўйнаб, инсоннинг қалби ва имонига зарар келтирадиган расм ва видеоларни томоша қилиб ва тўғри йўлдан адаштирувчи нотаниш кишилар билан суҳбат ўтказиб, умрларининг олтин даврини зое қилмоқдалар.

Шунингдек, баъзи оилаларда фарзанд тарбияси тўлиғича телевизор ёки телефон аппаратларига топшириб қўйилган. Уларнинг фарзандларини ўзлари эмас, балки ўша техник жиҳозлар “тарбияламоқда”. Ҳар бир ота болалари тарбияси учун жавобгар эканини унутмаслигимиз ва охиратда бу ҳақда айнан ота сўралишини ёдимиздан чиқармаслигимиз керак.

Динимизда ёшларни асосан ростгўйлик, ваъдага вафо, омонатдорлик, каттага ҳурмат, кичикка иззат, ўзгаларга меҳр-оқибатли бўлиш каби фазилатлар соҳиби қилиб вояга етказишга катта аҳамият қаратилади. Пайғамбаримиз с.а.в. ҳадисларининг бирида шундай марҳамат қилдилар:

“Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди” (Имом Термизий ривояти).

Ёшларнинг жисмонан бақувват, танлари соғлом, ғайратли ва шижоатли бўлишларида жисмоний тарбиянинг аҳамияти каттадир. Ислом дини таълимотида жисмоний тарбия тушунчаси замирига нафақат бадан тарбия машқлари билан шуғулланиш балки, инсон саломатлиги учун зарур бўлган барча омилларга риоя қилиш, айни пайтда саломатлик учун зарарли, балки ҳаёт учун хавфли бўлган иллатлардан сақланиш назарда тутилади. Қуйидаги ҳадис шунга далолат қилади:

Абу Рофиъ айтадилар: Мен: Ё Расулуллоҳ с.а.в.! Бизнинг болаларимизда ҳаққимиз бўлгани каби, уларнинг ҳам бизда ҳақлари борми? – деб сўрадим. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.: “Ҳа, боланинг отадаги ҳаққи унга ёзишни, сузишни, камондан отишни ўргатмоғлиги ҳамда ҳалол ва покиза нарсалар бериб тарбияламоқлиги”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

 Ислом дини таълимотида ёшларни ақлан тарбия қилиш ҳам муҳим масала саналади. Бунда уларни манфаатли илм соҳиби қилиб тарбиялаш, фикрий ва илмий жиҳатдан етук инсон қилиб камолга етказиш назарда тутилади. Ислом динида илм деганда диний ҳам дунёвий илмлар тушунилади. Диний илм инсоннинг руҳий ҳаёти, унинг эътиқодига оид бўлиб, охирати учун зарур бўлса, дунёвий илм унинг жисмоний ҳаёти, дунё ободлиги учун зарурдир. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда:

“Сизларнинг энг яхшингиз бу дунёсини деб охиратини унутмаган, охиратини деб бу дунёсини унутмаган ва ўзгаларга малол келтирувчи бўлмаганингиздир” дейилган. Ушбу таълимотларга жону дили билан амал қилган аждодларимиз, буюк бобокалонларимиз ҳам шариат, ҳам тариқат ва ҳам илм-фан соҳасида бутун дунёга ўрнак бўлганлар.

Ёшлик даврининг эътиборга молик жиҳатлари жуда кўп. Ўспиринлик вақти инсоннинг феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр бўлиб, айни шу даврда уларга алоҳида аҳамият қаратмоқ лозим. Жумладан, ёшларни аҳли солиҳ кишилар билан дўсту биродар бўлишларини таъминлаш зарур. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларининг бирида шундай деганлар:

Абу Мусо р.а.дан ривоят қилинади, Пайғамбар с.а.в. дедилар: “Яхши ҳамсуҳбат билан ёмон ҳамсуҳбатнинг мисоли мушки анбар сотувчи билан темирчининг босқонига ўхшайди. Мушки анбар сотувчи атридан совға қилиши ёки ундан сотиб олишинг, ҳеч бўлмаса унинг хушбўйидан баҳра олишинг мумкин. Аммо, темирчининг босқони эса, ё кийимингни куйдиради, ҳеч бўлмаса тутуни димоғингни ачитади” (Имом Бухорий ривояти). Халқимизда: “Қозонга яқин юрсанг қораси юқади” деган нақл ҳам бор. Ҳасанул Басрий р.ҳ. бир куни одамларга: “Экин пишиб етилгандан сўнг нима қилинади?” деб савол бердилар. Улар — Ҳосили йиғиб олинади, дейишди. Шунда Ҳасанул Басрий р.ҳ.: “Шуни билингларки, гоҳида экин пишиб етилмасидан олдин унга офат (касаллик) етиши ва уни нобуд қилиши ҳам мумкин”, деб ёшлар тарбиясига эътиборли бўлишга, кишининг ёшлик даврини қандай ўтказиши унинг келажакда ким бўлиб етишишида муҳим ўрин тутишига ишора қилдилар. Ёшлик даври қалбнинг мусаффолигини сақлаш, уни имон ва илму маърифат нури билан тўлдириш учун энг қулай фурсатдир.

Муқаддас динимизнинг илоҳий таълимотида инсон учун зарур бўлган соғлиқнинг улуғ неъмат эканлиги, унинг қадрига етиш, зарурлиги алоҳида таъкидлаган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз с.а.в. шундай марҳамат қилганлар:

Ибн Аббос р.а. ривоят қилиб айтадилар, Пайғамбар с.а.в. дедилар: “Икки неъмат бор, кўпчилик кишилар бу иккисининг қадрига етмайдилар: сиҳат-саломатлик ва хотиржамлик” (Имом Бухорий ривояти). Дарҳақиқат, сиҳат-саломатлик шунчалик улуғ неъмат бўлишига қарамасдан, унинг қадрига кўпроқ уни йўқотган кишилар етади. Шунинг учун араб мақолларининг бирида айтилади:

 “Саломатлик соғлом кишиларнинг бошидаги тождир, уни эса фақат беморларгина кўради”. Яна бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ с.а.в. марҳамат қилганлар:

Абдуллоҳ бин Усмон р.а. ривоят қилиб айтадилар, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Аллоҳдан офиятни сўранглар, зеро, бандага офиятдан афзал нарса берилмаган” (Имом Аҳмад ривояти). Офият, бу саломатлик ва омонлик демакдир. Шунга биноан, ота-боболаримиз қачон ва қаерда бўлмасинлар Аллоҳ таолодан биринчи навбатда тинчлик ва саломатликни сўрайдилар.

 Саломатлик Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати экан, биз бандалар унинг шукронасини адо этмоғимиз, айни пайтда уни асрашни зиммамиздаги омонат деб билмоғимиз лозим бўлади. Зеро, қиёмат куни Аллоҳ таоло бизларга берган барча неъматларидан ҳисоб китоб қилар экан, саломатлигимиз ҳақида ҳам алоҳида сўрашлиги муқаррар. Бу ҳақда Пайғамбаримиз с.а.в.дан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:

Абу Ҳурайра р.а. ривоят қилиб айтадилар, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Албатта, қиёмат куни бандадан биринчи бўлиб сўраладиган савол шуки: “Сенга танангни соғлом қилиб бермаганмидик, сени муздек сув билан қондирмаганмидик” (Имом Термизий ривояти).

         Касални даволагандан кўра унинг олдини олган яхшироқ, деган нақлга мувофиқ динимизда саломатликни асрашга катта эътибор қаратилган ва унинг олдини оладиган барча омиллар кўрсатиб берилган. Масалан, динимизнинг поклик ва озодаликка барпо қилингани, мудом моддий ва маънавий покликка буюрганининг ўзи ҳам шунга далолат қилади. Шунингдек, қайси амаллардан қайтарган ва нима нарсаларни ҳаром қилган бўлса албатта, унинг замирида ҳам инсоннинг соғлигини асраш, умуман ҳаётини ҳимоя қилиш мақсади ётади.

 “Ким Аллоҳнинг неъмати келгандан кейин уни ўзгартирар (ношукрлик қилар) экан, албатта, Аллоҳ жазоси қаттиқ зотдир” (Бақара сураси, 211-оят). Шундай экан, Аллоҳ таоло ато этган улуғ неъмат бўлмиш соғлигимизни асрайлик, саломатлик вақтимизни ғанимат билиб аввало, ўзимиз қолаверса, фарзандларимиз, эл-юртимиз манфаати ва равнақи йўлида ҳалол ва савобли амаллар қилиш билан бу неъматнинг қадрига етиб, шукрини бажо келтирайлик. Зеро, шукронаси адо этилган неъмат бардавом ва безавол бўлади.

А.Хайтбоев

Янгибозор тумани “Саид Кўчак бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *