ДИН БУ НАСИҲАТДИР

Бугунги кунда одамлар орасига фитна уруғини сочаётган бир фирқа борки унга эргашган киши ҳақ қайсию ноҳақ ким эканлигини ажрата олмай қолади.

У фирқанинг номи “Ҳизбут таҳрир”дир.У фирқага асос солингандан бери мусулмонлар бошига катта фитналар солиб келади.Дунё бўйича кўпгина мусулмон давлатлар унинг фаолиятини тақиқлади.Уламолар уларнинг қилаётган ишлари зоҳиран бирлаштириш каби кўринсада бу умматни бўлиб ташлашга қаратилган эканлигини такидлаб келадилар.

Улар ҳамиша муаммоли масалаларни кўтариб чиқадилар.Анашундай масалалардан бири раҳбарни танқид қилиш масаласидир.

Ижтимоий тармоқлар орқали бу ўзларини “ҳизбийлармиз” деб атаётган ўзбекзабон тарғиботчилари ҳам давлат раҳбарини танқид қилиш орқали одамларнинг ҳиссиётларини жумбушга келтириб,амалдаги ҳокимятга қарши гиж гижлаш фитнасини солмоқдалар.

Динимизда раҳбарга насиҳат қилиш йўли қандай бўлиши ҳам кўрсатилган.Султон ёки раҳбар шариатга зид иш қиладиган бўлса унга албатта юзма юз кўриб насиҳат қилиш лозимлиги такидланган. 

Тамим ад-Дорий розияллоҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дин—бу насиҳатдир!» Биз: ким учун?—дедик. Ул зот: «Аллоҳ учун, китоби учун, расули учун, мусулмонларнинг бошлиқлари ва оммаси учун.», — дедилар (Саҳиҳи Муслим).

Ақидавий низомимиз Ақидатут-таҳовия матнида мавзуга доир қуйидагича ҳужжат бор:

Имомларимиз, бошлиқларимиз агарча зулм қилсалар-да, уларга қарши чиқишни ҳақ деб ҳисобламаймиз. Улардан бирортасини қарғамаймиз. Уларга бўйсунишдан бош тортмаймиз. Улар модомики маъсиятга амр қилишмас экан, уларга итоат қилишни Аллоҳга итоат қилиш ўлароқ фарз деб биламиз. Уларнинг ҳаққига салоҳият, муваффақият ва саломатлик сўраб дуо қиламиз”. (Имом Абу Жаъфар ат-Таҳовий).

Шунингдек бошлиқ тарафидан бўлган бир қарорни номақбул кўрса сабр қилиш лозимлиги айтилган. 

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилди: “Кимки амир тарафдан бирор қарорни номаъқул кўрса, бас, сабр қилсин. Чунки, ким подшо қарорларидан бир қарич бўлса-да ташқари чиқса, шубҳасиз жоҳилятда ўлади”. (Бухорий, китоб ал-фитан 7054. Муслим, китоб ал-имарот 1849. Доримий, китоб ас-сияр 2519. Имом Аҳмад. Муснад 2491).

Ибн Ҳажар Асқалоний роҳимаҳуллоҳ ҳадис шарҳида шундай дейди:

“Ибн Баттол айтган: бу ҳадисда султон агарчи золим бўлса ҳам унга қарши чиқилмаслигига ҳужжат бор. Фуқаҳолар ҳукумат раҳбари бўлиб турган султонга итоат қилиш ва унинг ёнида туриб душманга қарши жанг қилиш вожиблигига бир овоздан ижмоъ қилганлар. Шунингдек, султонга итоат қилиш унга қарши исён кўтаришдан яхшироқдир. Чунки султонга итоат билан кераксиз ғам-ташвишларга барҳам берилади ва қон тўкилишининг олди олинади”. (Фатҳ ал-Борий. 13 – Ж. 9 – Б).

Раҳбарни танқид қилганлар асосан қуйидаги ҳадис каби далилларга таянишади:

Абу Саъийд ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, пайғмабаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Золим султон хузурида ҳақ гапни айтиш жиҳоднинг энг афзалидандир!”. (Термизий).

Ташқаридан қараганда танқидчиларни қўллайдиган далил. Аммо бу ерда бир нуқтани улар назардан четда қолдиришади. Яъни, ҳақ гапни подшонинг хузурида шахсан юзига айтиш ҳақида гап кетяпти. Унинг орқасидан ғийбат қилиш, халқини унга қарши гиж-гижлаб уруш гирдобига чорлаш ҳақида эмас. Бу ҳадиси шарифни юқорида ўтган ушбу ҳадис билан солиштириб кўрамиз:

Кимки бирор масала юзасидан султонга насиҳат қилмоқчи бўлса, уни ошкора қилмасин! Аксинча, унинг қўлидан ушласин (ёлғиз ўзига айтсин), агар қабул қилса жуда яхшиАкссинча (рад қилса), у зиммасидаги бурчини адо қилди” (Имом Аҳмад).

Кўриб турганимиздек Ҳизбийлар зўр бериб раҳбар ва фуқаролар ўртасида келишмовчилик ва зиддиятлар келтириб чиқаришга уринишаётган масалада ҳам муқаддас динимизда ечим борлигини билдик. Шундай экан ҳизбийлар айтаётган даволари уммат ичидаги бирликни эмас балким уни парчалашга қаратилганлиги яхши билишимиз ва уларга эргашмаслигимиз лозим.

Қ.Искандаров

Боғот тумани “Абдол бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *