МИЛЛАТЛАРАРО ТОТУВЛИК-БАҒРИКЕНГЛИКНИНГ ЯҚҚОЛ МИСОЛИ

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинким, ватанимиз тинч ва хотиржам. Халқимиз осойишта умргузаронлик қилмоқда. Буларнинг барчаси эл орасидаги аҳиллик ва тотувликнинг омилларидан бири бағрикенглик тамойилидир.

Маълумки, бизнинг қадимий ва саховатли заминимизда, кўп асрлар давомида турли миллат ва элат, маданият ва дин вакиллари тинч-тотув яшаб келган. Меҳмондўстлик, эзгулик, қалб саховати ва том маънодаги бағрикенглик, бизнинг халқимизга доимо хос бўлган ва унинг менталитети асосини ташкил этади.

Бугун мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил ва иноқ яшамоқда.Улар умумий уйимиз – Ўзбекистонимиз равнақи йўлида бирлашиб, барча соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилмоқда, ривожланган бозор иқтисодиёти ва кучли фуқаролик жамиятига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуришга муносиб ҳисса қўшмоқда.

    Бизнинг Конституциямиз ва қонунларимизда Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари миллати, тили ва динидан қатъи назар, тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга экани мустаҳкамлаб қўйилган. Уларга ўз миллий маданияти, анъана ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ҳар томонлама ривожлантириш учун барча имкониятлар яратилган. Мамлакатимизда 16 та конфессияга мансуб диний ташкилотлар эркин фаолият юритмоқда. Давлат таълим муассасаларида ўқитиш 7 тилда олиб борилмоқда. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ўз кўрсатувларини 12 тилда намойиш этмоқда, ўндан ортиқ тилда газета ва журналлар нашр этилмоқда.

Президентимизнинг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини тасдиқлагани ва бу йўналишнинг бешинчи бандида хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш каби масалаларнинг устувор йўналиш сифатида белгиланиши ҳам давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлашда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Қуръони каримдаги “Мумтаҳана” сурасининг 8-оятида Аллоҳ таоло шундай дейди:

“Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар”.

Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллоллоху алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Имоннинг афзали сабр ва бағрикенгликдир”.

Абдулла Авлоний бағрикенглик бўлмаса, қандай оқибатлар келиб чиқиши ҳақида гапирар экан, жумладан шундай дейди: “Қайси бир миллатнинг орасида бирлик кўтарилуб, нифоқ ва адоват ҳукм сурган бўлса ул қавмнинг инқироз дунёсига юзланганлиги тарих саҳифаларидан маълумдир”.

Ватанимизни турли миллатлар ўзида жам бўлган катта бир оилага қиёс қилсак, мустақилликка эришган мамлакатимизнинг миллатлараро тотувлик борасида амалга ошираётган чора-тадбирлари ва қўлга киритаётган ютуқларини ҳисобга олсак, бу ҳар биримиз учун ҳам қувонарли жараёндир.

М.Матяқубов

Қўшкўпир тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *