БИДЪАТЛАРГА БЕРИЛМАЙЛИК

Ислом умматига берилган энг катта неъматлардан бири – Аллоҳ таоло уларга динни комил, аҳкомларини тўкис қилиб берганидир.

Бизга Аллоҳ таолонинг китоби, пайғамбаримизнинг суннатлари батафсил ҳолда етиб келди. Мана шундай мукаммал динимизга бирор кишининг ўзича янгилик киритиши катта разолатдир. Динда йўқ нарсани “бу иш диндан”, “савоб бўлади”, “қилмаса бўлмайди” деб, унга қўшиш ёки бир нарсани олиб ташлаш бидъат амал ҳисобланади.

“Бидъат” сўзи луғатда “ўхшаши бўлмаган янги нарсани пайдо қилиш, диний ақийдаларга киритилган ўринсиз ислоҳ” деган маънони билдиради. Истилоҳда эса, “Бидъат” – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган нарсани амалга оширишдир.

Демак, ибодатларда бўлсин, одатларда бўлсин, асри саодатда учрамаган, балки, кейинчалик динда янги пайдо бўлган амаллар бидъат ҳисобланар экан. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Сизлар менинг ва тўғри йўлда юрувчи, ҳидоят топган хулафоларимнинг йўлини тутиб, уни озиқ тишларингиз билан тишлагандек, маҳкам ушланглар. Динга янгиликлар киритишдан сақланинглар, албатта, ҳар қандай бидъат – залолатдир” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоятлари).

Динга янгилик киритиш, гўёки, Аллоҳ ва унинг Расули билмаган нарсани “мен топдим” деган даъво қилишдир. Ваҳоланки, Ислом Аллоҳ томонидан юборилган мукаммал ва баркамол диндир. Биз мусулмонларнинг вазифамиз – динимизнинг моҳиятини тўғри англаб етиб, ҳаётимизга татбиқ қилиш ва турли бидъат-хурофотларни пайдо қилмасликдир.

Уламоларимиз бидъатни икки қисмга бўлганлар:

Бидъати ҳасана (яхши бидъат),

Бидъати саййиа (ёмон бидъат).

     Бидъати ҳасана – шариатда асли бўлган амални шу аслга таяниб, уни шакллантириш учун жорий қилинган қўшимча амалларга айтилади. Бунга ҳазрати Умар разияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган таровеҳ намозини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрати Умар эса халифалик даврларида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилдилар ва: “Қандай яхши бидъат бўлди”, – дедилар.

Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ саллоҳу алайҳи васалламни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Унга амал қилиш жоиз ва у залолатга бошламайди.

Бидъати саййиа эса – шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ёки эътиқодни жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, уни шариатимизда рад этилгандир. Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам шунга далолат қилади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким бизнинг динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Уламоларимиз бидъати ҳасана ва бидъати саййиа ўртасини ажратиб олиш учун асосий мезон бу – шариатимизнинг умумий қоидаларидир, деганлар. Яъни, Пайғамбар алайҳиссалом даврларида кузатилмаган бирор бир амал ушбу шариат қоидаларига мувофиқ келса, залолатга бошловчи бидъат саналмайди. Аксинча, мақталган, яхши бидъат саналади.

Шариатимизга зид бўлган ёхуд унга асосланмаган ҳар қандай амал ёки эътиқод эса залолатга бошловчи бидъат саналади. Ҳар бир мусулмон айнан ушбу бидъатдан сақланиши лозим бўлади. Ҳадиси шарифларда, саҳоба ва тобеин разияллоҳу анҳумлардан нақл қилинган ривоятларда қораланган ва мусулмонларни ундан қайтарилган одатлар айнан мана шу бидъати саййиа экани муҳаққиқ уламолар томонидан таъкидланган.

Вакт ўтиб, инсонлар дин қонун-қоидаларидан узоқлашган сайин илм сусайиб, жаҳолат ва нодонлик юзага келиши оқибатида турли бидъат-хурофотлар юзага келади. Масалан, ҳозир баъзи жойларда ўтганлар руҳини ёд этиш мақсадида шам-чироқ ёқиш, динда асли йўқ турли маърака-тадбирларни жорий қилиш. Айниқса аёллар ўртасида “Мушкул кушод”, “Биби сешанба” каби тадбирларни ўтказиш ҳам айнан мана шундай бидъатлардан саналади. Ушбу хурофотларни динимиздан деб билиниши ва амал қилиниши олди олинмас экан, кун сайин авж олиб бораверади. Машҳур саҳоба Абдуллох ибн Амр ибн Ос разияллоху анху: “Бидъат пайдо бўлса, кун сайин ривожланиб боради. Суннат амалдан чиқарилса, кун сайин узоқлаша бошлайди” – деганлар.

Суфён Саврий рахимаҳуллох: “Бидъат шайтонга гуноҳдан ҳам севиклирокдир. Чунки гуноҳдан тавба қилинади, бидъатчи гуноҳ қилаётганини билмай, унга тавба қилмайди”, – деганлар.

Демак, ҳаётимиз давомида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ўрганиб, кундалик ҳаётимизга татбиқ қилишимиз, турли шаръий асосга эга бўлмаган одат ва хурофотлардан сақланишимиз лозим бўлади. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ: “Суннат – Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаси кабидир. Унга минган киши нажот топади. Ундан қолиб кетган киши ғарқ бўлади”, – деганлар.

Д.Мадатов

Хива тумани “Улуғ Азиз бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *