ОИЛАЛАРДА ТИББИЙ  МАДАНИЯТНИ ОШИРИШ

Мустақиллигимизнинг шарофати билан оилани мустахкамлаш оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида кўплаб тадбирлар амалга оширилди. Конституциямизнинг 63-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат мухофазасида бўлиш хуқуқига эга деган қоида мустахкамлаб куйилган. Оилалар тинч-тотув яшаса,  жамиятга келтирадиган ютуқлар ҳам кўпаяди, фарзандлар яхши тарбия олади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида “Оила жамиятнинг асосий бўғини…” эканлиги кўрсатилган. Оила турмуш ва виждон қонунлари асосида қурилади. Ўзининг кўп асрлик мустаҳкам ва маънавий таянчларига эга бўлган оилада демократик негизларга асос солинган. Оилада одамларнинг талаб, эҳтиёжлари ва қадриятлари шаклланади. Бу қутлуғ масканда доимо аҳиллик, тотувлик меҳр-оқибат, муҳаббат, одоб-аҳлоқ, таълим-тарбия ва бошқа инсоний туйғулар ривожланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида алоҳида “Оила” бобининг мавжудлиги мустақил давлат томонидан оилани шакллантириш, ривожлантириш, ижтимоий ҳимоя қилиш, ёш авлодни тарбиялаш масалаларига катта эътибор берилишининг ёрқин тимсоли ҳисобланади.

Бош қомусимизда оилани мустаҳкамлаш, ундаги муносабатларни ўзаро муҳаббат, ишонч ва ҳурмат, ҳамжиҳатлик, бир-бирига ёрдам бериш ҳамда барча аъзоларининг масъуллиги ҳисси асосида оила қуриш, бирор-бир шахснинг оила масалаларига ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўйилмаслиги ҳамда бу ҳуқуқларнинг ҳимоя қилинишини таъминлаш каби асосий тамойиллар ўз ифодасини топган.

Аллоҳ таоло инсон фарзандини бошқа барча махлуқотларга нисбатан азиз ва мукаррам қилиб яратган. Ерни обод қилмоқ учун ҳалол ва покиза инсонлар лозим. Мазкур сифатли инсонлар фақат соғлом никоҳ орқали пайдо бўлиши мумкин. Шунинг учун Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифларда инсонларни саҳиҳ никоҳ орқали уйланишлари ва ушбу никоҳни муқаддас билишлари ва бардавом бўлишлари учун кўрсатма ва тавсиялар келган. “Никоҳ” сўзининг луғавий маъноси, эркак ва аёлнинг оила қуришини англатади. Насл насабнинг қандай давом этиши, фарзандларнинг тарбияси, одоб ахлоқи, соғлик саломатлиги ҳатто, яқин қариндошлар билан борди келдининг сақланиб қолиши ҳам бўлажак умр йўлдошига боғлиқ.

Миллий қадриятларимизга кўра, ота-оналарнинг ёш келин-куёвларга оилавий турмуш ҳақида панд-насиҳат қилишлари, ўз ҳаётий тажрибаларини сўзлашлари одат тусига кирган. Бу ҳам аслида аввалги улуғларимизнинг гўзал одатларидан ҳисобланади. Буюк саҳоба Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу: Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари янги келинларга эрининг ҳурматини ва хизматини қилишга буюришар эди”, – деганлар.

Азиз юртдошлар ёшларимизга улуғ аждодларимизнинг урф-одатларини  удумларини ва ахлоқий маданиятлари каби  тушунчаларни сингдира бориб  уларни оилавий хаётга  тайёрламоқ лозим. Поклик ва софлик ҳамда садоқат никоҳ қуришдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш ҳамда ўз саломатлигига эътибор беришга асосланган оилалар мустахкам фаровон бўлиб жамиятга моддий ва маънавий жиҳатдан фойда келтиради. Оила мустаҳкам бўлса унда тарбияланаётган ёш авлод хам  маънавий  жиҳатдан етук, соғлом, мустақил фикрли, комил инсон бўлиб вояга етади.

 Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳаётнинг барча жабҳалари қатори никоҳ ва оила масаласида ҳам шариатимиз кўрсатмаси асосида ҳаёт кечиришимизни насиб айласин!

Ш.Болтаев

Шовот тумани “Юсуф Ҳамадоний” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *