Ёшларни оила қуришга тайёрлаш

Жамиятимизда оилаларни ажримини олдини олиш мақсадида ёшларга талоқ илми, жинсий алоқадаги ҳаром ва ҳалол илми, ғусл, таҳорату намоз илми, эр- хотиннинг бир-биридаги ҳақлари ва бурчлари, оила тежамкорлиги илми ва ҳоказолар, албатта, тўй бўлишидан олдин ўргатилиши керак. Шу боис ҳам “Ёшларни оилага тайёрлаш” қурс­ларини ташкил қилиш эртанги кунга қолдириб бўлмайдиган долзарб юмушдир. Бу борада имом домлалар, отинойилар мутасадди ташкилотлар билан биргаликда “Ёшларни оилага тайёрлаш” қурсларини ташкил этишлари мақсадга мувофиқ бўлар эди. Агар бу хайрли иш амалга ошса, албат­та, имом домлаларимизнинг барчалари фаол иш­тирок этадилар. Зотан, оилаларни яраштириш ко­миссиялари фаолиятида имомлар доимо иштирок этиб келмоқдалар.

Кўпчилик биргаликда астойдил ҳаракат қилса, ои­лаларнинг бузилиши олди олинар ва болалар етим бўлмас эди. Келажакда миллатимизнинг обрўсини оширадиган фарзандлар туғилар эди. Солиҳ зур­риётлар дунёга келиши, халқимизнинг бир-бири билан ўзаро тотувликда, ҳамжиҳатликда ҳаёт кечириши учун пойдевор бўлар эди. Миллатнинг умумий бахти, саодатли эртаси учун бугун ҳаракат қилиш шарт. Шунинг учун оила мустаҳкамлиги, келин-куёвнинг бахтли, туғилажак зурриётларнинг соғлом бўлишини ўйлаб Давлатимиз томонидан никоҳ олдидан келин-ку­ёвни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳам жорий этилди. Бу нарса айримлар ўйлаганидай “кераксиз машмаша” эмас балки авайлаб-ардоқлаб вояга етказган қизини не-не умидлар ва харажатлар билан турмушга узатган, қизлари туфайли куёвли бўлган, набираларни орзу­лаган ота-она тўйдан кўп ўтмай куёвининг бедаво дардга йўлиққанини билса, қай аҳволга тушишини бир ўйлаб кўринг. Куёвингиз гиёҳванд чиқиб қолса, қизингиз бахтига зомин бўлиб қолганингиздан дунё кўзингизга тор бўлиб кетади. Олган келинингиз руҳий хасталикка чалинган бўлса-ю, ота-она­си буни яшириб, турмушга узатиб юборган бўлса- чи? Ана шундай кўнгилсиз воқеаларнинг олдини олиш, оила ва фарзандлар иқболини ўйлаб, соғлом оила ва турмушни барпо этиш мақсадида жорий этилган бу тадбирнинг келин-куёвга ҳам, уларнинг яқинларига ҳам фақат фойдаси бор. Қолаверса, бу шариатнинг талаби ҳамдир. Динимиз таълимотларида оила қуришга эркак ва аёл бирдек тарғиб қилинган. Оила қурмасдан, таркидунёчилик йўлини тутиш қораланиб, бунинг акси бўлган никоҳ ибодат даражасига кўтарилган. Ҳазрат Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) никоҳланиш фақат ўзларининг суннати эмас, бал­ки ўтган барча пайғамбарларнинг ҳам суннати эканини айтганлар. Оила қўрғонининг пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотинни маҳкам боғловчи риштаси никоҳдир. Никоҳ инсонлар жамиятида энг муқаддас битим ҳисобланади. Чунки ҳаётда ҳалол ва ҳаромни ажратиш, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш, оила тузиш, инсон наслининг давомийлиги­ни таъминлаш, ёш авлод тарбияси никоҳга боғлиқ масалалардир.

“Никоҳ” сўзи луғатда “қўшиш”, “яқинлик”, “боғланиш” маъноларини англатади. Никоҳдан асо­сий мақсад – зурриёт қолдириш ва ҳаромдан сақланиш, асосий шартлардан бири келинга куёв то­монидан маълум бир ҳадя – маҳр берилишидир. Никоҳсиз қўшилиш зино ҳисобланади.

Ислом динида никоҳ – бу Аллоҳнинг амри, Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатлари билан гувоҳлар ҳузурида боғланадиган муқаддас ришта. Никоҳнинг учта асосий шарти бор: 1. “Ийжоб ва қабул”, яъни бирининг оғзаки таклифи ва иккинчи томоннинг бу таклифни қабул қилиши. Ийжоб ва қабул очиқ сўзлар билан изҳор қилиниши керак. Яъни: куёв “Жуфту ҳалолликка қабул қилдим”, келин эса “Жуфту ҳалолликка бағишладим”, дей­ди. 2. Никоҳ чоғида камида икки эркак гувоҳнинг ҳозир бўлиши шарт, гувоҳларсиз қилинган никоҳ ҳисобга ўтмайди. 3. Маҳр белгиланиши, яъни эр томонидан хотинга бериладиган совғанинг миқдори ёки нималиги аниқлаб олиниши ке­рак. Минг афсуски, ҳозирги пайтда айрим инсон­лар никоҳнинг асоси бўлган мана шу учта шартни унутиб қўймоқдалар.

Никоҳда қандай инсонлар гувоҳ бўлиши, уларнинг шарти ҳақида ҳам озроқ ўйлаб олсак, гувоҳлиги қабул бўлиши учун улар адолатли инсон­лар бўлиши шарт қилинган. Гувоҳликка келаёт­ган ёшларимиз шу масъулиятни тўлиқ биладими? Ёки улар фақат имзо чекиш учун келмоқдами? Шу боис куёв жўра билан бирга ёши катта ва куёвга яқин қариндошлардан ва камида икки киши бўлиши янада яхши бўлар эди. Шу билан бирга, ке­лин томонидан ҳам 18, 19 ёшли қизлар билан бир­га кўпни кўрган ёши катта онахонлар гувоҳ сифа­тида бирга иштирок этиши мақсадга мувофиқдир. Маҳр масаласида ҳам нафақат ёшлар, балки ёши катталарнинг ҳам тўлиқ тушунчага эга эмаслиги, афсуски, ҳақиқат. Маҳр ҳақида илмга эга куёвла­римиз ҳам шу борада озгина хасислик қилаётгани билиниб қолади. Гоҳида никоҳдан кейин бериш шарти билан никоҳлари ўқилгандан кейин ҳам маҳрни бермай, унинг ўрнига ҳар куни маст ҳолда келиб хотинини талоқ қилаётган, эртасига бу иши­га пушаймон бўлиб, илмли инсонларнинг олдига фатво сўраб келаётган ёшларнинг кўпайиб кетаёт­гани ачинарли ҳолдир.

Никоҳнинг юқорида келтирилган шартлари қолиб, биринчи қиладиган ишимиз қуда тарафнинг бойлиги ва мансаби ҳақида ўйлайдиган, совчи­ликда шариат қонунлари ва ҳукмлари бир ёқда қолиб, ҳар хил урф- одатлар ва исрофгарчиликлар, тўйни номдор тўйхонада қилиш, машҳур санъаткорларни тўйга чақириш каби исрофлар тўйларимизда кўпайиб кетмоқда. Лекин никоҳ нима, унинг асосий учта шарти тўлиқ бажарилдими, маҳр берилдими каби масалалар эътибордан четда қолиб, ўша пул­нинг 10–15 баравари тасвирга, суратга олиш ва бошқа замонавий урфларга сарфланмоқда. Минг афсуски, шунча исрофгарчилик ва хўжакўрсин ила ўтган зиёфат ва тўйларимиз икки ёшнинг бахтли оила қуришига кафолат бўлмай қолмоқда.

Х.Аҳмедов

Шовот туман бош имоми

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *