ЁШЛИК ДАВРИ – ҒАНИМАТ

 

Маълумки, дунё ҳаёти – ҳар бир инсонга берилган ўткинчи синов муддатидир. Ундаги ҳар бир кун, соат, дақиқа ва ҳатто сония инсон учун кўп фойда келтирадиган ғанимат бир фурсатдир, бунда инсон онадан туғилиб, вафот этгунча охират учун сай-ҳаракат қилади. Умр бўйи қилган яхши амаллари эвазига савоб, ёмон амаллари учун гуноҳ ёзилиб турадиган бир муддатдир. Ёшлик ва ўспиринлик даври эса ҳаётнинг энг жўшқин ва ғанимат даври ҳисобланиб, унда тана аъзолари куч-қувватга тўлган ва ҳаракатлар жўшқин бўлиб, киши кўп ютуқларни қўлга киритиши мумкин бўлади. Ёшлик даври ғаниматлиги ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассаллам шундай марҳамат қилганлар:

яъни: “Ёшлик, ўспиринлик даврини кексайиб, мункиллаб қолишдан аввал ғанимат билинг ва бўш вақни бирор иш билан машғул бўлиб қолишдан олдин ғанимат билинг!” (Имом Термизий ривояти).

Демак, ёшликда қилинган ишлар пухта ва мустаҳкам бўлади. Шунинг учун ҳам юртнинг келажаги, унинг мустаҳкамлиги, куч-қудрати ва тараққиёти ўша юрт ёшларининг салоҳияти билан чамбарчас боғлиқдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:  яъни: “Банда қиёмат куни тўрт хислатидан сўралмагунича бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Бу саволлардан биринчисида – умрини нима билан ўтказгани; иккинчисида – ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани; учинчисида – мол-дунёни қай йўсинда (қайси касб орқали) топгани ва нималарга сарфлагани;                             тўртинчисида – илмига қандай амал қилганидан сўралади”.                                                                       Айниқса, ёшларимизни ва фарзандларимизни бўш вақтларидан унумли фойдаланишга ўргатишимиз биз ота-оналарнинг, ёши улуғлар кексаларнинг бурчимиздир.   Бугунги доруломон пайтда уларнинг бўш вақтларини тўлдириш, илм билан шуғулланишлари учун барча шароит ва қулайликлар муҳайё. Ўсиб келаётган ёш авлод бу қулайликларга шукр қилиб, турли касб-ҳунарларни эгаллашлари, илм-фанда етук мутахассис бўлиб етишишлари даркор. Шунингдек, уларнинг дину диёнатли бўлиб ўсишларига алоҳида аҳамият беришимиз ва кўмаклашишимиз лозим. Бунда аждодларимиз ҳаёти биз учун ибрат бўлиши керак.                                                                                                               Улуғ тобеъинлардан Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг шундай сўзлари бор: “Шундай зотлар бор эдики, сизлар дирҳам-динорларингизга ҳарис бўлганингиздан кўра улар вақтларига қаттиқроқ ҳарис эдилар. Одам боласининг ҳар бир куни қуйидаги сўзларни айтиб ўтади: “Эй одам боласи, мен янги кунман ва қиладиган амалингга гувоҳман. Агар ўтиб кетсам, қайтиб келмайман. Хоҳлаган ишингни қил, унинг самарасини қариганингда топасан ва хоҳлаган ишингни кечиктир, у сенга асло қайтиб келмайди”. Улуғ ҳакимларнинг машҳур гаплари бор: яъни: “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”.

Демак, ҳар бир ота-она фарзандларига ёшлик даврининг бўш кунларини ғанимат билишни ва ундан унумли фойдаланиш зарурлигини тушунтиришлари лозим. Уларни ёшлигидан бошлаб, одоб-ахлоқли қилиб тарбиялаш билан бирга, илму фаннинг барча қирраларини эгаллашга қизиқтириб, ҳалол меҳнатга ўргатиб, пешона тери билан топилган ризқ-рўзида барака бўлиши ҳақида панду насиҳатлар қилишлари айни муддаодир.

Халқимизда “Бўладиган бола бошидан маълум” деган ҳикматли сўз бор. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қуйидаги ҳадисларида келажаги яхши бўладиган кимсалар қаторида санаш асносида ёшлигидан Аллоҳни таниб, ибодатда ўсган ёшларни мақтамоқдалар:  Ҳар бир ота-она фарзанди дунёда бахт-саодатли, илм-маърифатли, обрў-эътиборли бўлишини хоҳлайди, охиратда эса жаннатий бўлиши орзусида бўлади. Шундай экан, ҳар биримиз ёшларимизни одоб-ахлоқли, илм-маърифатли қилиш билан биргаликда, Яратганни танитиб, Пайғамбари ким, дини нима, калимасини биладими, мазҳаби қайси, мазҳабида маҳкам туриш лозимлиги, ҳар хил оқимлардан қаттиқ ҳазар қилиш ва ҳоказо зарурий нарсаларни ўргатишимиз ҳам керак. Чунки мусулмоннинг фарзанди буларни билмаслиги ота-оналарининг камчилиги ҳисобланади.

Шу билан бирга фарзандларини ёмон хулқли кимсалар таъсиридан ҳимоя қилиш ота-онанинг бурчидир. Ота-она фарзандларига яхши, ростгўй дўст танлашда ёрдам бериши керак. Чунки ўспиринлик вақти инсоннинг феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр ҳисобланади. Бундай пайтда дўстларнинг таъсири катта бўлади.

Уламоларимиз ёшларни янги экилган ниҳолга ўхшатадилар. Боғбон ниҳолни парваришлаб, вақтида сувини қуйиб, нотўғри ўсган шохларини бутаб турса, янги кўчат чиройли ва боғбон кўзлагандай бир гўзал дарахт бўлиб шаклланиб, мева беради. Агар кўчатни экиб, парваришига эътибор берилмаса, у ўзи хоҳлагандай ўсиб, ҳар хил керак бўлмаган шохларни чиқариб, натижа боғбон кўзлагандай бўлмайди.  Ёшларни ҳам “ҳали ёшку” демасдан, уни ўз вақтида одоб-ахлоқи, таълим-тарбияси, илм-маърифати билан ҳар бир ота-она ва масъуллар шуғулланса, келажакда бизнинг фарзандлардан ҳам Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Имом Насафий, Имом Замахшарий, Имом Марғилоний, Имом Косонийлар каби буюк олиму алломалар чиқади. Иншааллоҳ.

 

Х.Аҳмедов

Шовот туман бош имоми

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *