“ОММАВИЙ МАДАНИЯТ” МАДАНИЯТСИЗЛИКНИНГ КЎРИНИШИДИР

Халқимизда оила, никоҳ муқаддаслиги, ота-онага, катталарга ҳурмат-эҳтиром, кичикларга иззат, ҳар қандай вазиятларда шарму ҳаё чегарасида туриш каби тушунчалар миллий менталитетга асосланган.

Шу боис оилада ҳақиқий ўзбекона тарбия кўрган бола ҳеч қачон катталарга нисбатан ҳурматсизлик қилмайди, беҳаёлик, беткачопарлик, ўзбилармонлик иллатларига йўл қўймайди. Таассуфки, бугунги кунда интернет орқали ижтимоий тармоқларда авж олаётган “оммавий маданият” намоишлари йигит-қизларни юқоридаги иллатларга “ошно” қилиб қўймоқда. Энг ёмони “оммавий маданият” кўринишлари ёшларимиз орасида урфга айланиб улгурмоқда. Аслида бу хатар замирида менталитетимизга мутлақо зид, оилаларни таназзулга, парокандаликка бошлайдиган, меҳр-оқибатдан йироқлаштирадиган худбинлик, инсоннинг фаҳм-фаросатини ўтмаслаштирадиган маданиятсизлик ётади. Сайтлар ва ижтимоий тармоқлар орқали ёшларни “оммавий маданият” сари етаклаётганлар сони кундан-кунга ортиб бормоқда.

Бу “маданият” тарафдорлари инсониятга тақдим этаётган маълумот ва ахборотларни турли кино, сериалларда, рекламаларда, савдо расталарида ҳам кўриш мумкин.

“Оммавий маданият” тарафдорлари биринчи навбатда сериаллар орқали тарғиб этишга ҳаракат қилмоқдалар. Кейинги пайтларда ёшлар, ҳатто мактабнинг бошланғич синфида ўқийдиган ўқувчилар орасида айрим чет эл сериаллардаги воқеаларни муҳокама қилаётганлар ҳам учраб турибди. Сериал қаҳрамонларининг тартибсиз турмуш тарзи, эркин муҳаббати, йигит ва қизнинг интим муносабатларидан ёшлар “андоза” олишмаяптими, деган хавотирга тушасан. Ўн тўрт асрдан буён эътиқодида мустахкам бўлган халқни нотўғри йўлга бошлаш самарасиз кечиши турган гап, чунки Расулуллох С.А.В.“ Менинг умматларим залолатда жамланмас” деганлари бежиз эмас. Дину – диёнатимизга шунчалар имкониятлар берилиб турган бир пайтда булар каби бузғунчи маданиятсизлар муқаддас Ислом динимизга фақат зарар келтирмокда. Аниқки, инсон ҳаётда динсиз, эътиқодсиз яшай олмайди. Бироқ дин соғлом асосда ўрганилмас экан, яхшилик ўрнига ёмонлик, хотиржамлик ўрнига изтироб ва бахтсизликни вужудга келтираведи. Қуръони каримнинг “Наҳл” сураси, 91-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради”.

Кўпинча хизмат тақозоси билан никоҳланаётган ёшлар билан суҳбат ўтказишимга тўғри  келади. Афсуски айрим ёшларнинг оила қуришдан мақсадлари муайян бир моддий манфаатдорликдан иборат бўлиб қоляпти. Никоҳнинг асл моҳиятини чуқур англаб етмаган оиланинг пойдевори эса мўрт бўлади. Албатта бунда “оммавий маданият”нинг маълум даражада таъсири йўқ эмас.

Бу тарғиботнинг яна бир воситаси кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари, канцелария  маҳсулотларидир. Оилалардаги можароларга ҳам келинларнинг қайнона ёки куёвга ёқмайдиган кийимларнинг кийиб юришидир. Уларнинг “оммавий маданият” нинг мода намоишига эргашиб, қадриятларимизни оёқ ости қиладиган либосларни кийиб юришлари- тиззаси йиртиқ шим, турли ёзув ва суратлар туширилган кийим-бошлар аҳлоқ-одоб меъёрларига тўғри келмайди. Ёки аксинча, куёв бўлмиш калта шёртик кийиб, бошига аллақандай шакллар тушириб юрса унинг йигитлик шаъни қаёқда қолади? Бу ҳолатлар айнан “оммавий маданият” дан сизиб чиққан “маданиятсизлик”нинг ўзгинасидир.

Эндиликда озиқ-овқат маҳсулотлари расталарида “Криешки” болалар емиши пакетчасига “Косем” сериалидаги қаҳрамонларнинг сурати туширилгани кишини ҳайрон қолдиради. Дафтар муқовасида ҳам айнан ана шундай суратларни, болалар тарбиясига салбий таъсир этадиган расмларни учратиш мумкин.

Шу ўринда бобокалонимиз Алишер Навоийнинг қуйидаги сатрлари ёдга тушади: «Олдиға қўйганни емак — ҳайвон иши, Оғзига келганни демак — нодон иши».

Бу сўзларни чуқур таҳлил қилсак, ҳар бир нарсага эркинлик берадиган «оммавий маданият» ниқобининг тагидаги асл мақсад яққол кўринади. Аслида «оммавий маданият» соясида кириб келаётган ахлоқсизлик, беҳаёлик, зўравонлик ва бузуқлик каби иллатлар дунёдаги ҳеч бир халқнинг миллий маданиятига ҳам, умумбашарий қадриятларга ҳам тўғри келмайди. Хусусан, бизнинг заминимизда туғилиб ўсган, жаҳон маданияти ва сивилизатсиясига улкан ҳисса қўшган Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек ва бошқа кўплаб буюк аждодларимиз қолдирган мерос бугун ҳам долзарблигини йўқотгани йўқ. Халқимизнинг гўзал маънавий қадриятларга йўғрилган ор-номус, уят ва андиша, шарму ҳаё каби тушунчалари ҳаётимизга сингиб кетган. Айниқса, ота-онага ҳурмат, аёлга эҳтиром, мардлик ва жасурлик сингари туйғуларимиз бутун дунё халқларини ром этиб келмоқда.

Бугун огоҳлик сўзи ҳар доимгидан кўра муҳимроқ аҳамият касб этмоқда. Оилаларда биринчи навбатда фарзандларимизни турли таҳдидлардан, “оммавий маданият” иллатларидан ҳимоя қилиш учун ота-оналар ҳамиша огоҳ ва ҳушёр бўлишлари лозим ва лобутдир. Зеро, зарарли таъсирлар худди ҳавога кўтарилаётган чанг атроф-муҳитга, инсон саломатлигига хавф солгани каби ёшлар онгида ҳам заҳарли асоратларни қолдиради.

 

А.Усманов

Боғот тумани “Иморат бобо” масжиди имом-ноиби                     

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *