ТИНЧЛИК – КЕЛАЖАК ПОЙДЕВОРИ

Аллоҳга беадад шукрлар бўлсин-ки, Ватанимиз тинч, халқимиз осуда ҳаёт кечирмоқда. Лекин гуруч курмаксиз бўлмагандек, халқимиз орасида ҳам разил кимсалар, Ватанимиз тинчлигини кўролмайдиган ношукр инсонлар ҳам топилади. Диний экстремизм ва терроризм… ХХИ асрнинг глобал муаммоларидан бирига айланиб улгурди. Энг ачинарлиси эса бу оқимларга халқимиздан кўплаб инсонлар ҳам қўшилиб кетмоқдалар. Ушбу оламшумул таҳдидлар етиб бормаган мамлакат йўқ. Бу оқимлар инсонлар бошига кўплаб кулфатлар солди. Ваҳолан-ки, муқаддас ислом динимизда инсон азиз саналади, унга озор бериш, ўлдириш гуноҳдир. Бу борада кўплаб оятлар, ҳадиси шарифлар бор. Мисол тариқасида Анъом сурасининг 153-оятида шундай келтирилади: “Албатта, мана шу (Менинг) тўғри йўлимдир. Унга эргашингиз! Акс ҳолда, улар сизларни Унинг йўлидан айириб қўяди. Тақволи бўлишингиз учун (Аллоҳнинг) қилган ҳукмлари мана шу(лар)дир”. Бугунги кунда турли вакил оқимларига назар солсак, улар ислом динининг асл моҳиятини англаб-англамасдан, ҳатто-ки унинг маъносини билмасдан одамларни турли чақириқлар билан ўзларига оғдириб олмоқдалар. Уларни ҳижрат қиламиз, дея алдаб чет давлатларига олиб чиқиб кетмоқдалар ва уларни жангариликка тайёрламоқдалар. Қанчадан-қанча инсонлар ўзларини ўзлари портлатиб юбормоқдалар. Бу ҳам етмагандек, бу ишни омма орасида амалга оширмоқдалар. Қанчадан-қанча бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлишмоқда. Энг ачинарлиси бу ишга аёллар ва ёшларнинг аралашиб қолаётганлигидир. Эътибор берадиган бўлсак, жангари гуруҳларнинг кўпчилигини ёшлар ташкил қилмоқда.

Бундай гуруҳ аъзолари ёшларнинг ишонувчанлигидан, онггида бўшлиқ борлигидан усталик билан фойдаланадилар. Агар фарзандларга гўдаклигиданоқ тўғри тарбия берилса, ислом дини тўғри талқин қилинса, бундай фожиаларнинг олди олинган бўларди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан дин соҳасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Диний муассасаларга ўқувчилар сонининг кўпайтириб берилиши, янги Ислом цивилизация марказининг қурилаётганлиги, “Қорилар мусобақасида” оддий халқнинг ҳам қатнаша олиш имконияти, фиқҳ, тафсир, ақоид, ҳадис мактабларининг турли вилоятларда очилганлиги буларнинг барчаси диннинг равнақи учун қилинаётган ишлардир. Бу ислоҳотлардан асосий мақсад халқимиз динни ўрганишга турли кимсалардан ёрдам олмаслиги, шуни оқибатида турли экстремистик гуруҳларга қўшилиб қолишларини олдини олишдан иборатдир. Сўнгги пайтларда терроризм ва унга қарши курашга бағишланган кўплаб жиддий, ҳар томонлама асосли асарлар дунё юзини кўрди. Лекин уларнинг кўпчилигида терроризм ва у билан боғлиқ муаммолар бирмунча бирёқлама кўриб чиқилган ёҳуд терроризм, бирон-бир тадқиқот муаллифининг ихтисослашувидан келиб чиқиб, ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий ёки психологик муаммолар нуқтаи назаридан ёритилган. Айни маҳалда, терроризм табиатини билиш йўлида ушбу ҳодисанинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқадиган қийинчиликлар ҳам анчагина. Бугунги кунда терроризм авж олган ҳудудлардан Афғонистон, Покистон, Сурия каби давлатларни мисол келтиришимиз мумкин.  Қанчадан-қанча суриялик инсонлар ҳар кунини хавотир билан ўтказишади. Ҳар тонг кўзларини қўрқув ва хавотир ила очишади. Ахир улар ҳам инсон-ку?! Уларнинг ҳам бахтли ва фаровон яшашга ҳақлари бор. Чунки инсонга берилган умр ҳам Аллоҳнинг улкан неъматларидандир. Мана шундай юртининг нотинчлиги, ақидапарасат, террорчиларнинг ҳар сонияда кутилиши мумкин бўлган таҳдидлари сабабли улар эмин-эркин яшолмайдилар. Биз бундай воқеаларни кўриб, яшаётган ҳар бир кунимиз, олаётган ҳар бир нафасимиз учун доимо шукр айтиб, шукроналик руҳида яшашимиз керак. Чунки, Аллоҳга шукрлар бўлсин, Ватанимиз тинч, ҳар тонг кўзимизни қўрқув ва хавотирларсиз очамиз, кўчаларда эркин юра оламиз, таълим олишимиз учун тўсиқлар йўқ. Жаннатмакон юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, динлараро бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ҳамда бирдамлик юртимиз тараққиёти йўлида олиб борилаётган эзгу ишларнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда. Ана шу мақсадда барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, енг шимариб, биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.

Биз ўзимизга яратилиб берилаётган шундай шароитлардан оқилона фойдаланиб, динимиз равнақига ўз ҳиссамизни қўшсак, Президентимиз ишончларини оқлаган бўламиз, алалоқибат, Аллоҳ олдида ҳам юзимиз ёруғ бўлади, иншаАллоҳ, мусулмонлик ҳаққини адо этган бўламиз.

М.Абдуллаев

Урганч шаҳар “Охун бобо масжиди имомноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *