ЁШЛАРИМИЗ ДОИМО ОГОХ ВА СЕРГАК БЎЛИШЛАРИ УЧУН БАРЧАМИЗ МАСЪУЛМИЗ

Маълумки, мусулмон кишининг энг муҳим хусусиятларидан бири хушёрлик ва огоҳлик ҳисобланади. У қўни-қўшни, дўст-биродар ҳамда қариндошлар ҳолидан доимо хабардор бўлиб туради. Бефарқлик, лоқайдлик, эътиборсизлик мусулмон кишига ёт тушунчадир. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бундай марҳамат қиладилар:“Мусулмонлар бир жасад кабидир, агар унинг бир аъзоси касал бўлса, қолганларини иситма олади”. Бу ҳадисда бир жамиятда яшаётган мўмин-мусулмонлар гўё бир тан-у бир жон экани, шу жамиятдаги муаммо унинг ҳар бир аъзосига алоқадор эканлиги айтилмоқда. Шунингдек, бошқа бир ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Мусулмон киши ўзи тўқ бўла туриб, қўшнисини оч ҳолда қолдирмайди”. Демак, мусулмон киши қўни-қўшни, маҳалладошлари ҳолидан доимо хабардор бўлиб туради дегани эмасми?

Мусулмон киши бировнинг ҳаётига, ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ ва бетараф қараб, шунчаки кузатувчи бўлиб яшамайди. Кимдир нотўғри, ёмон иш қилаётганини ёки ахлоқсизлик қилиб, беҳаё ва бепарда гапларни айтаётганини ёки бировнинг бошқасига зулм, адолатсизлик қилаётганини кўриб ёки эшитиб, индамай кетавермайди. Балки уни қайтаради, тўғрилик билан тушунтиради.

Минг афсуслар бўлсинки, ҳаётимизда эшитган гапни суриштирмай гапириш кенг тарқалган. Кўпчилигимиз эшитган гапимизни рост ёки ёлғонлигини суриштирмай, тезроқ одамларга тарқатишга шошиламиз. Аммо ҳалиги гап таги йўқ, пуч ва ёлғон гап экани тезда аён бўлади. Шу билан ёлғоннинг жамиятда тарқалишига ҳисса қўшган ёлғончилардан бўлиб қоламиз, гуноҳга шерик бўламиз. Аллоҳ таоло инсон зотига ақлу идрок ато этиш билан уни яратган барча мавжудодларидан афзал қилди. Шу боис одамзот ҳайвонлардан фарқли ўлароқ, ўз ҳатти-ҳаракатларини онгли равишда амалга оширади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло инсонларга ўз жинсларидан бўлган, ўзларининг орасида яшайдиган кишилардан пайғамбарлар юборди ва барча илоҳий кўрсатмаларини уларнинг онгларига мос қилиб нозил қилди. Ушбу илоҳий кўрсатмалар орқали Аллоҳ таоло бандаларига фойдали бўлган нарсаларни баён қилиш билан бир қаторда, уларни дунё ва охиратлари учун зарарли бўлган нарсалардан огоҳ қилиб келган.

    Юртимизда маънавий-маърифий муҳитни янада барқарорлаштириш, аҳоли, айниқса, ёш авлодни турли ғоявий ва ахборот хуружларидан сақлаш, ҳушёрлик ва огоҳликка даъват этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бугун дунё тез ўзгариб, ундаги воқеалар, мафкуралар, ғоялар тўқнашуви, шунингдек, Яқин Шарқ мамлакатларидаги қуролли можаролар, ибодат уйларидаги қўпорувчилик ишлари бизни ҳар қачонгидан сергак ва огоҳ бўлишга ундайди. Инсон ўзи учун ҳаловат ва тинчликни ўз идроки ва билими билан таъминлайди.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Сизлардан ким бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, бунга қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, бунга ҳам қодир бўлмаса, шу ёмон ишни бўлишини қалби билан ёмон кўрсин, лекин бу иймони заиф кишининг ишидир”, деб марҳамат қилганлар. Бепарво бўлиш, лоқайд бўлишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Эй имон келтирганлар, ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлардан бўлмиш дўзахдан сақлангиз”… (Таҳрим сураси 6-оят).

Демак, оила аъзоларимизни икки дунё саодатига элтувчи хайрли ишларни қилишга ундаб, ёмонликлардан қайтариб туришимиз лозим.

Афсуски, ҳаётимизда содир бўлаётган камчилик, ножўя ҳатти-ҳаракатларни кўриб кўрмасликка оладиган, тинчликни сақлаш фақат давлатнинг иши деб ўйлайдиганлар ҳам борлигини қайд этиш лозим. Осойишталик фақат ҳарбий мудофаа эмас. Ватан оиладан бошланади. Оилада тинчлик бўлса, маҳалла, қишлоқ, шаҳар, вилоят ва ниҳоят мамлакатда осойишталик бўлади, юрт равнақ топади.

Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидай асраб-авайлаши инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир.

Ҳадиси шарифда айтилганидай: “Кимики Аллоҳ таоло йўлида бир ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади. Кимики сарҳадни қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам худди шундай ажру-савоб мукофоти бўлади ва яхши даража берилиб, барча фитналардан омонда бўлади”.

Тинчлигимиз, ватанимиз тараққиёти учун ўзимиз курашмасак четдан биров келиб ёрдамлашиб юбормайди. Огоҳ бўлайлик!

К.Илясов

Боғот тумани “Исмоил Шайх бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *