МАФКУРАВИЙ ХУРУЖЛАРДАН ОГОҲ БЎЛАЙЛИК

Бугун жаҳон сиёсий жараёнларидаги асосий таъсир мафкуравий хуружлар орқали амалга оширилмоқда. Бундай харакатлар сабабли жамиятда ихтилоф бўлиниш ва фитна учун етарли омил пайдо бўлади. Чет элда туриб Ислом динининг муқаддас тушунчалари бўлмиш, «Ҳижрат», «Жиҳод» каби ибораларни ўз ўрнидан бошқа ўринларда қўллаб,  Қуръони Каримдаги оятларни бузиб, нотўғри талқин қилиб келаётган, чет элдаги ўзбекзабон «даъватчилар»нинг даъволарига муносабат билдирадиган бўлсак, аввало ушбу даъватлар оқибати нималарга олиб келганини Яқин Шарқ давлатлари мисолида олиб кўришимиз мумкин. Қисқа муддат ичида Сурия, Ироқ, Миср каби давлатларда минглаган тинч аҳоли нобуд бўлди. Масжидлар, мадрасалар тарихий обидалар барбод қилинди, дунёга донғи кетган, Ислом умматининг кўзга кўринган алломалари, пайғамбаримизнинг муносиб ворислари шаҳид қилинди. Маҳаллий аҳолининг кўп қисми бомбалар оостида қолиб ҳалок бўлган бўлишса,  қанчалари очликдан нобуд бўлишди, қанчалари ўз юртини ташлаб бошқа диёрларга  кўчиб кетишликка  мажбур бўлишди.  Уларни бу аҳволга солганлар ҳам ўз диндошлари бўлмиш ҳижратни, жиҳодни даъво қилганлар эмасми? Дунёда шунча уламолар туриб, Қуръон ва ҳадисдан фатво бериб, мусулмонларни ҳижрат ва жиҳод амалиётларига тарғиб қилиш вазифаси наҳотки, ўз юртида ўрни бўлмаган,  тайинли устоз кўрмаган, ҳаётий тажрибаси бўлмаган чаласаводларга қолса?Бошқалар яшайдиган диёрларга бостириб кирганларга қандай даъво билан кирган бўлишига қарамай босқинчи дейилади. Умумий  жиҳод нафс, шайтон ва босқинчиликка қарши курашиш каби турларга ажратилган. Пайғамбар алайҳиссалом мусулмон жамиятини барпо этиш ёки унга ҳудуд ҳозирлаш учун умуман жанг қилмаган. Ва ҳатто хос давлатни барпо этиш мақсадида мусулмонларни жамлаш учун ҳам амалга оширмаган. Агар “жиҳод” ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзи бу борада намуна бўлур эдилар. Бироқ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай йўл тутмаган. Аксинча, мусулмон жамияти тинч йўл билан табиий равишда юзага келган.Ҳозирда турли гуруҳ ва тоифалар ўзлари илгари сураётган ғояга эришиш мақсадида “жиҳод” турларидан фойдаланишга уринмоқдалар. Улар баъзи мусулмонларнинг ислом аҳкомларини тўғри талқин этадиган илмий савияга эга эмаслигидан фойдаланиб, “жиҳод – муқаддас уруш”, деган тушунчаларни тарғиб қилиб, ноҳақ қон тўкилишга сабабчи бўлмоқдалар. Бунга дунёнинг турли чеккасида “жиҳод” ниқоби остида содир этилаётган қўпорувчилик ҳаракатлари мисол бўла олади. Афсуски, ушбу тушунча такрор ва такрор ислом уламолари томонидан шарҳланиб, жиҳод бу – жанг қилиш эмаслиги, араб тилида урушни англатувчи “қитол” сўзи мавжудлиги таъкидланаётган бўлсада, баъзи шахслар онгида жиҳод қуролли кураш деган тушунча ҳамон ҳукмрон бўлиб турибди.

Ваҳоланки, “жиҳод”нинг асосий негизи ислом ва унинг асосларини инсонларга тўғри талқин этишдир. Ҳақиқатдан эътибор бериб ўрганиб кўрсак ҳозирги кунимиздаги дин ниқобо остидаги ҳамма бузғунчи эктремистик оқимлар ва гуруҳларнинг аъзолари мазҳабсизликнинг натижасидир. Чунки баъзан мазхабга қарши бемазҳаблар қайсар ҳаққа унамайдиган соф эътиқодли уламоларимизнинг насиҳати ва кўрсатмаларига рози бўлмайдиган мутаассиб бўлиб охир оқибат террорчи оқимлар сафига кириб қолишмоқда. Динимизга берилган имкониятларни суиистемол қилган баъзи ёт фирқалар кишилар ўртасида турли ихтилофларнинг авж олишига сабаб бўлдилар. Буни биринчи бўлиб ўззини соф ислом таълимотчиси деб номлаган оқим бошлаб берган. Бу оқим ўзининг илк фаолиятини ҳанафий мазҳаби кўрсатмаларига қарши курашишдан бошлади. Зеро бузғунчилар ўз тарафдорларини ғоявий жиҳатдан бошқалардан ажратиб олиш учун ўзига эргашмаганларни кофир деб айблайдилар. Ваҳоланнки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадисларида кофир деб ҳақоратлашдан қайтарганлар. Шунинг учун биз мусулмонлар бундай бузғунчи оқимларнинг пуч ғояларига учмайлик. Фарзандларимизни уларнинг домига тушиб қолишидан сақлайлик.Аҳиллик иттифоқлик бор жойда барокат бўлади. Шу боис бир тану бир жон бўлиб,қабиҳ ниятли ғаламис кимсаларнинг найрангларидан огоҳ ҳолда Имоми Аъзам мазҳабида мустахкам туриб муқаддас динимиз софлигини кўз қорачиғидай асрайлик.

М.Матяқубов

Қўшкўпир тумани бош  имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.