ЛОҚАЙДЛИК ИЛЛАТИ

 Муқаддас динимизда ҳар қандай шароитда ҳам экстремистик ва террорчилик каби кескин ҳаракатларни амалга оширишга рухсат бермайди. Унинг таълимотига кўра, ноҳақ қон тўкилиши кимнинг қони бўлишидан қатъи назар, энг оғир гуноҳ ҳисобланиб, унинг жазоси ҳам оғир экани маълум. Бугунги кунда ўзини фуқаро сифатида англаётган барча юртдошларимиздан турли кучлар томонидан қилинаётган фитналар, турли тажовузлар моҳиятини тўғри ва теран англаш талаб этилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга фитналар тўғрисида жуда кўп бора айтиб, ундан эҳтиёт бўлиш лозимлигини таъкидлаганлар.

Солим (ибн Абдуллоҳ ибн Умар) ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбар ёнида  туриб: “Фитна ана у тарафдан, шайтон шоҳи (ёки қуёш тожи) чиқадиган томондан содир бўлади”, — дедилар”. Ваҳоланки, ҳозирги кунда дунёнинг турли минтақа ва ҳудудларида авж олаётган қарама-қаршилик, жумладан, Яқин Шарқда, Ироқ ва Сурия мамлакатларида бўлаётган қонли тўқнашувлар, мусулмон дунёсидаги турли мазҳаб ва оқимлар ўртасида кучайиб бораётган ўзаро низо ва зиддиятлар, бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлаётгани барчамизни ташвиш ва хавотирга солмасдан қўймайди. Шу ўринда қуйидаги ҳадиси шарифга диққат қилинг. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар бошига бир замон келурки, унда қотил нима учун қатл қилганини ва мақтул нима учун қатл қилинганини англамайди», – дедилар». Муслим ривоят қилган.

Аллоҳ таоло барчаларимизни турли фитналардан ва ундай фитналарни ташкиллаштирувчи фитначилардан эҳтиёт бўлишимизга чорлаб, Анфол сурасининг
25-оятида шундай дейди: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир”.

Расули акрам (сав) ҳам бу каби фитналардан эҳтиёт бўлиш лозимлигини таъкидлаб: “Фитналар содир бўлганда тик тургандан кўра ўтирган афзалдир, тик турган эса юриб кетаётгандан, юриб кетаётган эса югуруб кетаётгандан афзалдир, кимки фитнага аралашиб қолса, ҳалокатга учрайди ва кимки ундан паноҳ топса, дарҳол яширинсин!” – дедилар.

Бугун инсоният ғоявий урушлар, маънавий зиддиятлар, бир ҳовуч зўравон ғояларнинг дунёни қайта тақсимлашга қаратилган ўйинлари авж олган бир вазиятда яшаяпти. Ҳозир зулм ва истибдод, террор ва бузғунчиликлар, ахлоқсизлик ва маънавий инқирозлар ҳар қачонгидан хатарли тус олмоқда. Мусулмонлар бундай шароитларда ҳар қачонгидан ҳушёр ва огоҳ бўлишлари, дўст киму, душман кимлигини яхши ажрата олишлари, ғанимлар фитнасига учмасликлари, ёвуз кучлар қўлидан қўғирчоқ бўлиб қолиб, диндошлари ва миллатдошлари қотилига айланмасликлари зарур. Чунки ҳар бир фитна ва фасод иш ортида ғаразли мақсадлар, манфаатдор кучлар турганини бир лаҳза ҳам унутишга ҳаққимиз йўқ.

Дарҳақиқат, инсон огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига ақл билан теран назар ташлайди, келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарни олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Аксинча, ғофил, бепарво ва лоқайд бўлган кимса эса атрофида нималар бўлаётганига ҳам эътибор бермай, охир оқибат турли бало ва мусибатларга дучор бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт вақтларида асло вужудга келмаган, аммо келажак асрларда вужудга келиши мумкин бўлган, халқ ва миллатлар бирлиги ва осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида хабар бериб: “Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминига зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!”-дея огоҳ этган эдилар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) бизга қарата: “Мен вафот қилганимдан кейин асара (Мол-дунё тўплаб манманлик қилмоқ)нинг ҳамда ўзларингиз нафратланадиган бошқа ишларнинг гувоҳи бўласизлар,” – дедилар. Саҳобалар: Ё Расулуллоҳ, бизга нима деб амр қиласиз? У зот: “Амирларингизнинг фармоишларига итоат этинглар ва Аллоҳ таоло олдидаги бурчингизни бажо келтиринглар!” – дедилар”. Мазкур ҳадиси шарифдан маълум бўладики, жамият орасида турли фитналар бошланганда халқ учун энг тўғри йўл – юрт раҳбарига, ҳокимларга итоат этиш, фармонларини бажаришдир. Чунки, одатда юрт раҳбаригина халқ тинчлигини таъминлаб бериш ва фуқароларнинг фаровон ҳаёт кечириши учун жон куйдирар экан.

Хулоса шуки, жонажон юртимизни турли хил фитна, ғаразли хуруж ва ёт ғоялардан, ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг асл мақсадларини биринчи навбатда ўсиб келаётган ёш авлодга шунингдек, барча фуқароларимизга тушунтириш муҳим эканлигини ҳар биримиз чуқур ҳис этишимиз керак.

А.Рахимов

Ҳазорасп тумани “Сулаймон Бақирғоний” масжиди имом-хатиби

 

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *