МУКАДДАС ИСЛОМДА ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ

Оилада, одоб-ахлоқ ва таълим-тарбияга эътибор қон-қонимизга сингиб кетган бурчларимиздандир. “Бир болага етти қўшни ота-она” деган ибратли мақол ҳам айнан халқимизга хос. Мана шу мақолнинг ўзи ҳам фарзанд тарбияси, оилапарварлик биз учун нечоғлик муҳим эканини билдиради. “Қуш уясида кўрганини қилади”, деб бежиз айтмаган халқимиз.
Фарзанд тарбиялаётган ота-она ҳар бир ҳаракати, юриш туриши, муомаласи, бошқалар билан ўзаро муносабатида олижаноб фазилатларни намоён эта билиши керак. Чунки бола табиатан ниҳоятда тақлидчан ва кузатувчан бўлади. Шунинг учун унинг атрофдагилари ўз одатлари билан баъзан ўзлари сезмаган ҳолда уларга таъсир қиладилар. Оиладаги қўпол муносабатлар, кўп ёлғон гапириш, ёқимсиз хатти-ҳаракат бола тарбиясига салбий таъсир қиладиган носоғлом муҳитни келтириб чиқаради. Фарзанд тарбиясида ота-онанинг муомаласи муҳим ўрин тутади. Бола ота-она томонидан қўпол, дағал сўзлар эшитиб, калтак еб катта бўлса, бу унинг табиатига салбий таъсир қилади. Бу эса ўз навбатида оиладаги носоғлом муҳитда тарбияланаётган боладан “маънавий касал” инсонлар шаклланади. Улар эса жамият маънавиятига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Оилада ота-оналар “оммавий маданият” таъсирига берилиб кетиши оқибатида фарзандларнинг тарбиясига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Албатта бола тарбияси ўта мураккаб ва маъсулиятлидир. Бу ҳар бир ота-онадан ўз устида мунтазам ишлашни, болалар тарбиясига оид барча маълумотлардан бахобар бўлиб боришни талаб этади. Фарзанд тарбияси бу шунчаки тажриба, оддий кўрсатма ва билимлар жамланмаси эмас, балки ўз ичига диний-ахлоқий билимлар, тиббиёт, этика, психология, педагогика каби соҳаларига оид билимларни ҳам қамраб оладиган мураккаб жараёндир. Бугунги кунда оилавий тарбиянинг қийинлашуви шундаки, биринчидан, жамият тараққий этиб боргани сари ҳар томонлама етук инсонни шакллантириш талаблари ортиб бораверади. Бу эса оилада болага эстетик, жинсий тарбия, ахлоқий тарбия бериш сифати ва кўламини ошириш талабини қўяди. Таълим-тарбия, одоб-ахлоқ болаликдан берилгани маъқул. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биронтангиз ўз фарзандларингизни тартиб-интизомга ўргатса, бу ҳар куни садақа бергандан яхшироқдир”, дея марҳамат қилганлар.    Болаларни интизомга ўргатиш оила мустаҳкамлигига асос бўлади. Ислом шу маънода ота-оналарни ўз фарзандларига соғлом тарбия беришга рағбатлантиради. Ҳадиси шарифда “Фарзандларингизни ҳурмат қилинг ва уларни яхши хулқ билан хулқлантиринг” деб таъкидланган.

Фарзанд тарбияси жараёнида бола ҳуқуқларининг камситилмаслиги талаб этилади. Оилавий тарбия ижтимоий тарбияга нисбатан болаларнинг руҳий оламига, ҳиссиёти ва туйғуларига чуқур таъсир кўрсатади. Фарзанд тарбиясини қачондан бошламоқ керак?, деган савол кўпчиликни ўйлантиради. Кўпчилик олимлар унга турлича жавоб бериб келганлар. Хусусан, Ибн Сино бола тарбияси билан унинг туғилишидан аввалроқ, она қорнидан бошлабоқ шуғулланиш лозим, деб жавоб берган. Яна шу сўзга қўшимча қилиб  таниқли педагог А.С.Макаренко беш ёшгача бўлган тарбия боланинг шахсияти шаклланишида ўта муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этиб ўтган. Бу ҳақда у шундай деб ёзган: “…тарбиянинг бош асоси беш ёшда ниҳоясига етади, демак, сиз беш ёшгача нима қилган бўлсангиз, бу тарбиявий жараённинг 90 фоизини ташкил этади, кейинги тарбия эса қайта тарбиялаш негизида давом этади”. Мана шу жараёнда бола тарбиясига ўта эътиборли бўлиш лозим. Ёшларнинг қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини шакллантиришда, ҳар жиҳатдан баркамол этиб тарбиялашда буюк мутафаккир аждодларимиз мероси катта аҳамият касб этади. Зеро, ҳаётнинг асл мазмун-моҳиятини англаб етишга ўз умри ва салоҳиятини бағишлаган алломаларимизнинг асарларида соғлом авлод тарбияси билан боғлиқ масалаларга алоҳида ўрин берилган.   Шарқ алломалари ўз асарларида фарзандларга тарбия ва таълим бериш, уни маърифату маданиятга етаклаш муаммоларига эътибор берганлар. Буюк мутафаккирлар фарзанд тарбияси, гўзал ахлоқнинг инсон камолотига сабаб бўлувчи юксак фазилат эканини таъкидлаганлар. Жумладан, Имом Бухорийнинг “ал-Адаб ал-муфрад ҳадислар тўплами, Абу Лайс Самарқандийнинг “Танбеҳул ғофилийн” асарларида фарзандларга юксак инсоний фазилатларни камол топтириш тараннум этилган. Юртимиз уламолари ўз асарларида фарзандининг чиройли одобидан умид қилган ота-она, уни мунтазам равишда ҳусни хулқ асоси бўлган муомала одобининг қуйидаги қирралари билан таништириб бориши муҳим эканини алоҳида таъкидлаганлар:

– фарзандингиз одамлар билан муомалада ширинсўз, мулойим, босиқ ва камтар бўлишига эътибор қаратинг;

– одамлар хурсандчилигини баҳам кўриш, ғам-андуҳидан қайғуриш, мол-мулкига хиёнат қилмаслик, яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтариш ҳусни хулқ эгаларига хос фазилатлардандир. Шунинг учун фарзандингизга ана шу хислатларни болаликдан сингдириш пайида бўлинг;

– фарзандингизга ўзгалар билан муомала чоғида бошқаларни ғийбат қилиш, ўзгаларни менсимаслик, обрўси, бойлиги ёки мансабига қараб муносабат кўрсатиш ҳам одобсизлик эканини уқтириб боринг;

– ёши улуғ кишилар, устозлар билан муомалада уларнинг кўзига тик боқмай, гапларини жим тинглаш, саволларигагина жавоб қайтариш, буйруқларини сидқидилдан бажариш ҳам болалар қалбига жо қилишга эътибор беринг.

    Ота-боболармиз азалдан ўғил қизларнинг гўзал хулқли, одобли бўлишига катта аҳамият берганлар. Бинобарин, ислом динида ҳам ахлоқ имон қаторига қўйилади.

     Фарзанд тарбия қилганда одатда ўғил болалар тарбияси билан кўпроқ ота, қиз бола тарбияси билан эса она шуғулланади. Албатта бунда фарзанднинг савиясини инобатга олиш муҳим. Болани бирор-бир ютуққа эришишида, натижани кўришга шошмаслик керак. Масалан икки ёшгача фақат ширин сўз билан, эркалаш орқали тарбия қилинади. Беш ёшгача бола атрофни ўрганади, асосий маълумотни шу ёш оралиғида эгаллайди. Бу даврда биз кўпроқ амалий жиҳатдан намуна бўлишга уринишимиз, соғлом оилавий муҳитни яратишимиз зарур бўлади.  Оилада отанинг болаларига лоқайд бўлиши охири хунук оқибатларга сабаб бўлади. Лоқайдлик ёмон иллат бўлиб, у бола тарбиясининг бузилишига катта йўл очади. Ота сусткашлик қилиб, бурчини адо этмагани ва манфаатли илм ҳамда яхши амални ўргатмагани оқибатида ўз фарзандидан зарур ижобий ҳислатларни шакллантира ололмаган. Фарзанд ҳам отасининг яхши тарбиясидан маҳрум бўлиб ўсади. Кейинги давр эса бир оз талабчанлик ва интизомни талаб этади. Бу давр ўсмирлик пайти бўлиб, бола оқ-қорани айни шу даврда ажратади. Яхшиликка мукофот, ёмонликка жазо муқаррарлигини шу босқичдан ўрганади. Бу даврда фарзанд тўғри йўлга солинса, тарбияли дўстларга ҳамроҳ қилинса, унинг одобли бўлиб, яхши инсон бўлиши учун муҳим қадам қўйилади.

М.Хабибуллаев

Гурлан тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *