Ватан муқаддасдир

Ватанни хар-бир инсон севиб яшамоқи ва унинг тинчлиги, осоишталигига маьсулият билан ёндашуви керак бўлади. Ислом дини шариатининг биринчи сифати ва буюк мақсади тинчлик-омонлик, инсонпарварлик ва бағрикенглик бўлиб, уни билиш орқали барча асослар тўла бўлади. Мусулмонлар исломни қаергача етиб боришига эришган бўлишса, ўша ерларга ва халқларга фақат хавфсизлик, барқарорликни олиб боришган. Ислом тинчлик дини эканини исботлаб келишган. Ҳаддан ошиш, кўр-кўрона бир нарсани маҳкам ушлаб олиш ва террорчилик ер юзини, экин-тикин, жонзотлар, ҳаттоки инсон наслини ҳам барбод қилади. Шу билан бир қаторда бундай ҳолат ислом динининг ашаддий душмани бўлиб, мусулмонлар эса унинг биринчи қурбонларига айланадилар.

Жаҳоннинг кўпгина мамлакатларидаги террорчи гуруҳлар жоҳил, нодон ва иродасиз, ҳатто у ёки бу жиноятни нима мақсадда қилаётганини ҳам англамайдиган одамлардан тузилади. Ҳиссий жазавага қул бўлган, оломон ва жўн шиорлар таъсирига тушиб қолган бу кимсалар оммавий ёвузлик комига тортилиб, ўз хатти-ҳаракатларини идора қила олмай қоладилар. Ваҳолангки, уларда ирода бўлганида ёвузликка қўл урмаган бўлардилар. Бундай кимсалар фитналарга осонгина бериладилар, Ватан, миллат, инсонийлик, бағрикенглик каби тушунчалардан йироқ бўлиб, ҳеч қандай қонунларни тан олмайдилар. Демак, инсон ўзлигини йўқотганда тубанликка кетиб, ўз юртига, ўз аҳлига, ҳаттоки ота-онасига қарши қурол кўтаради.

Қуръони карим кишиларни огоҳлантирадики, омманинг психологиясига кўр-кўрона эргашиб кетиш, бўйсуниш катта гуноҳ ва хато ишдир. Парвардигор инсонга ақл-идрок ва онгни улардан иложи борича тўла фойдалансин ва ҳақни ёлғондан ажрата олсин деб ато этган: «(Эй инсон), ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дил – буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон Қиёмат кунида) масъул бўлур» (Исро, 36).

Ислом дини тинчлик ва эзгулик динидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам биз учун ислом динини худди нурафшон йўл каби баён қилиб берганлар. Ундан фақатгина ҳалокатга йўл олган кишигина юз ўгиради.

Миллат келажаги унинг эртанги соғлом турмуши учун хиёнаткор, разил тўдаларга қарши биргаликда ҳаракат қилмоғимиз лозим. Асрлар мобайнида аждодларнинг миллий қадриятлари, улар ҳаётининг асосий омили бўлиб хизмат қилган муқаддас динимиз келажак авлод учун ҳам шундай бўлиб қолажак. Аллоҳ таоло берган улуғ неъмат тинчлик-осойишталикнинг қадрига етиб, диёримизни ёвуз кучлардан сақлаш ҳар бир мусулмон зиммасидаги бурчдир.

Абдукарим Шайх бобо масжиди имом — хатиби

Улуғбек Бекязов

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *