Миллий маънавиятимизнинг ажралмас қисмига айланган муқаддас динимизда ибо ва ҳаё масаласига алохида эътибор қаратилган. Хадиси шарифда ҳам “Ал-хайау мин ал-ийман” яъни “ ҳаё –иймондандир “, дея марҳамат қилинади. Демак, ҳаёсиз уят ва андишаси йўқ одамда иймон ҳам мустаҳкам бўлмайди. Жумладан ҳар бир ота – она ўз фарзандининг энг аввало ақлли , одобли , андишали ва ҳаёли бўлиб тарбия топишига жиддий эътибор қаратади. Зотан буюк мутафаккирларимиз таъкидлаб ўтганидек , ҳаё инсонни ёмонликдан қайтариб яхшиликка йўллайдиган улуғвор куч , халол ва харом ўртасидаги қалин парда хисобланади. Шарм – ҳаё масаласи ҳар доим улуғ мутафаккирларимиз , алломаларимизнинг эътиборида бўлиб келган. Хусусан буюк аждодларимиз Хазрат Алишер Навоий ўз асарларида бу масалага бир неча бора тўхталиб ўтганлар. “ Хайрату-л- аброр дастонида адаб , тавозуъ ва ҳаё каби хислатлар тавсифига алохида боб ажратилган . Унда шоир жумладан , халқ учун мансаб эмас , айнан ҳаё билан адаб шарафлироқ эканини ёзади.
Элга шараф бўлмади жоху насаб,
Лек шараф келди ҳаёву адаб.
Шоир ҳаё билан адабни ҳар доим ёнма –ён тилга олади. Навоий айтадики , ҳаё ва адаб бор жойга хорлигу зорлик яқин йўламайди ”. Ҳаё барча гўзалликларни ўзида жамловчи ва барча кўркамликларни юзага чиқарувчи ва сабабчисидир. Шунинг учун ҳам айтадилар : “Кимки ҳаё либосини кийган бўлса , одамлар унинг айбини кўришдан ожиз бўладилар” . Ҳар бир инсон одамларнинг хузурида бирор ишни қилса ёки бирорта хатти –ҳаракатни амалга оширса, буни кўриб турган одамлар унинг бу ишларидан нафратланса , демак худди шу феъл ёки ҳаракатни ёлғиз турганда ҳам қилмаслиги , буни қилиш учун ўзидан ҳаё қилиши ва виждонидан уялиши зарур. Яширин қилаётган бу иши эртага одамларга ошкор бўлиб қолса , қандай холатга тушиб қолишини аввалдан ўйлаб , сўнг ишга қўл урмоқ керак.
Расулуллох Соллаллоху алайхи васалам шундай деганлар ,“ Ҳар бир дин ўзига хос хусусиятга эга, исломнинг ўзига хос хусусияти ҳаёдир . Шунинг учун у Зот айтадиларки “ Ҳаё иймондандир , иймон эса жаннатда….”
Яна Расулуллох Соллаллоху алайхи васаллам айтганларки : Хаё ва иймон ўзаро чамбарчас боғлиқдир. Агар ушбу икки сифатдан бири йўқ қилинса , иккинчиси ҳам ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади. Ҳар бир одам элдан , ўзидан ҳаё қилишнинг уддасидан чиқиб , уни мукаммал амалга ошира олса , демак, бундай одам учун бахт эшиги очилади, ёмонликлар эшиги эса бутунлай бекилади. Гўзал инсоний фазилатлар билан эл ичида ном қозонади. , чиройли хислатларга эгалиги билан одамлар оғзида зикр этилади. Динимизда одамларнинг маънавий қиймати , улар эга бўлган ҳаё ва аҳлоқига қараб белгиланади. Бу эса хадиси шарифда қуйидагича ифодаланади. “ Аллоҳ таолога бандаларнинг энг севимлиси , ахлоқи энг гўзали бўлганидир ”.Ҳаёнинг бутун вужуди яхшиликдир. Ҳаё – доим яхшилик келтиради. Ҳаё иймондандир.
П.Бобожонов
Шовот тумани “Қорри эшон бобо” масжиди имом-хатиби