ЭКИН ЕРЛАРИМИЗНИ ИСРОФ ҚИЛМАЙЛИК

Деҳқон ерга эрта баҳорда ерни экишга тайёрлайди, уруғ сепиб, уруғни ердан униб чиқишини осон ва беталофот ҳамда тезлаштиш учун ерни чопади, ўғит беради, суғоради, бегона ўтлардан тозалайди. Ҳосилнинг мўл бўлиши албатта об-ҳавога, ҳавонинг иссиқ-совуқлиги, унинг намлиги, осмондан ёғиладиган ёмғир-қор, ҳатто эсаётган шамолга боғлиқдир!

Аммо деҳқоннинг муродини ҳосил бўлиши унинг ниятига ҳам боғлиқдир! Деҳқон холис Аллоҳ йўлида кўпчиликнинг ризқи бўлсин, деб уруғ қадаса ёки мевали дараҳт кўчатини экса албатта ҳосили баракали бўлади!

Қуръони каримнинг «Воқеа» сурасида Аллоҳ таоло «Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?!» дея биз инсонларга ҳикмат ила савол билан мурожаат қилмоқда. Бу савол билан инсонлар экаётган зироатларига назар ташлашлари, униб-ўсиши тўғрисида ҳам фикрий, ҳам амалий эътиборда бўлишларига чақирилмоқда.

Зеро, Қуръон оятларига суянган ҳолда айтиш мумкинки, деҳқончилик, боғдорчилик ва зироат билан шуғулланиш шарафли вазифа. Бу соҳа кишиларига доимо Аллоҳ таоло мадад беради. Чунки, улар ерга ниҳол ёки уруғ қадар эканлар, доимо Аллоҳ билан боғланиб, ундан ҳосилнинг унумдор бўлишини сўрайдилар. Ўз тажрибаларига суянган ҳолда барча ишни бажариб, яна Аллоҳга таваккал қиладилар ва бунинг самараси ўлароқ ҳосиллари баракотли ва ҳамда даромадли бўлади. Шуларни ҳис қилган киши деҳқончилик ишларига жиддий эътибор беради, унга муҳаббат ва маъсулиятни ҳис қилган ҳолда ёндашади.

Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Қайсидир мусулмон бирорта кўчат ёки экин экса, ундан қуш, одам ёки бирор жонзот еса, эккан кишига садақа савоби ёзилади», деганлар (Имом Бухорий ривояти). Демак бирон бир киши кўчат экса, унинг мевасидан қушми, одамми, қурт-қумурсқами ейдиган бўлса албатта унга савоби бориб турар экан, ҳаттоки вафот этиб кетсада, бу савоблар бориб туриши тўхтамас экан. Бежизга доно халқимиз “Яхшидан боғ қолур” деб айтмаган. Ривоят қилинишича, бир киши улуғ саҳобий Абу Дардо (р.а)нинг олдиларидан ўтиб кетаётса, у зот ёнғоқ кўчати экаётган эканлар. Ўша одам Абу Дардога қараб:

— Кексайган бўлсангиз ҳам кўчат экасизми, ахир бу фалон йилдан сўнг ҳосилга киради-ку, — деди. Абу Дардо (р.а.) эса унга жавобан:

— Менга савоби етса бўлди, мевасини бошқалар истеъмол қилаверсин, — деган эканлар.

Сайёрамизда яшаётган миллионлаб инсонларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришлари учун ҳар куни турли озуқа, гўшт-сут маҳсулотлари, мева-чева, дон-дунларга эҳтиёжлари туғилади. Буларнинг ҳаммасини эса зироат-деҳқончилик, боғбонлик билан шуғулланувчи касб соҳиблари етказиб беришади. Уларнинг одамлар дастурхонини тўкин, ҳаётларини файзли қилишдаги хизматларини таърифлашга сўз ожиз. Деҳқончилик улуғ ва фазилатли касблардандир. Юртимизнинг жуда кўп жойларида, айниқса, қишлоқларимизда яшовчи деҳқонларимиз, соҳибкор боғбонларимиз, эл дастурхонини тўкин-сочин қилишга улкан ҳисса қўшаётган бошқа касбдагилар халқимизнинг фаровон ҳаёти, обод турмуши учун зарур бўлган барча неъматларни етказиб беришяпти. Уларнинг бозорларимизни тўкин-сочин, ҳаётимизни янада файзли қилишдаги хизматлари ниҳоятда беқиёс ва ўта муҳимдир.

Аллоҳ таоло деҳқончилик орқали етиштириладиган ҳосил ва меваларни инсонларга ризқ қилиб берган экан, кишининг ўз ризқига бефарқ муносабатда бўлиши мумкин эмас. Ана шу ризқ учун бефарқ муносабатда бўлиб қолишликдан ёки ғанимат кунларда таморқани ўз вақтида экмасдан экин ерини исроф қилишдан сақланиш керак. Ҳар нарсанинг исрофи бўлгани каби ернинг ҳам исрофи бўлади, кимнингки қўлида экин экиладиган ери бўла туруб танбаллик қилиб  экмайдиган бўлса ўша ерни исроф қилган ва инсониятга зарар етказган ҳисобланади.

Ҳазрати Умар р.а. ҳалифа бўлган даврларида  Мадина яқинида ерига экин экмаган одамдан «ерни исроф қиляпсан»  деб экин ерини қайтариб олиб қўйганлар, ернинг эгаси эса Ҳазрати Умарга этироз билдириб «менга бу ерни Расулуллоҳ алайҳиссалом берганлар, сиз эса қайтариб олмоқдасиз» деганида Ҳалифа Ҳазрати Умар У одамга: «Расулуллоҳ алайҳиссалом бу ерни сенга экин экиб ўзинг фойда кўришинг ва камбағал бечораларнинг ҳаққини ҳам адо қилишинг учун берганлар, сен эса ерни экмасдан ўзингга ҳам фақирларга ҳам зиён етказдинг ва бу ҳолатда Пайғамбаримизнинг ерни сенга беришларидан кўзланган мақсад ҳосил бўлмади» деган эканлар. Айниқса шу кунларда дала ва боғларимизда экилмаган бирорта экин майдони қолдирмасдан экишлигимиз  керак анашунда ҳалол меҳнатларимиз самарасиз қолмагай, инша Аллоҳ.

Илоҳим, Аллоҳ таоло ризқ йўлини очувчи деҳқонларимиз, боғбонларимиз, барча қишлоқ хўжалик ходимларига бу йилги ҳосиллари мўл-кўл бўлиши, юртимизга баракоти ёғилиши, етиштирилган ҳосилларини нест-нобуд ва увол қилмай, йиғиб-териб олишларини насиб этсин!

 

М.Мадиримов

Ҳазорасп тумани “Ҳазрати Шайх Муҳаммад Амин” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *