ЭНГ БУЮК БОЙЛИК-ТИНЧЛИКДИР

    Ватан – инсоннинг туғилган, киндик қони тўкилган жойидир. Болалик, ёшлик даври ўтадиган, таълим-тарбия топадиган жойдир. Сафар қилса, мудом қўмсайдиган жойдир. Ватанни севиш, унинг равнақи, тинчлиги йўлида хизмат қилиш, уни ёмон кўздан, қора кучлардан ҳимоя қилиш, унинг шаънини юқори кўтариш – буларнинг барчаси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бўлган муҳаббатимизнинг, У Зотнинг ҳабиби, Расули Муҳамамд соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатимизнинг маҳсулидир. Зеро, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу туйғуни инсоннинг фитратига қўшиб яратган. Бу туйғу нафақат инсонда, балки бошқа махлуқотларда ҳам бор. Ватанни яхши кўриш, ватанни қўмсаш тинчликка интилиш туйғуси жониворларда ҳам бор. Балиқ сувга, ҳайвон ўзининг инига, ҳашарот уясига интилади. Ўша ақли йўқ жониворлар ҳам, тинчликни неъмат билади, хатто ҳашаротлар ҳам ўзининг уйини танийди, уни қуради, унда жуфти билан яшаб, наслини давом эттиради, зарур пайтда ватанини ҳимоя қилади. Шундай экан, ақлу заковат, тафаккур ато этилган, борлиқдаги мавжудотларнинг гултожи бўлган инсонда эса бу тинчлик туйғу юксак даражада ривожланган бўлиши лозим. Мусаффо осмон остида, дорул-омон ва жаннатмонанд ватанда тинч ва осуда, фаровон ҳаёт кечирмоқдамиз, бунинг учун чин дилдан Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду-санолар ва чексиз шукроналар айтамиз. Пайғамбаримиз (с.а.в): “Иккита неьмат борки инсонлар уларнинг қадрига етмайдилар. Бу-тинчлик ва саломатликдир”, -деб марҳамат қилганлар.

Тинчликни ҳар ким ҳар хил тушунади. Масалан: Кимдир бутун олам тинчлигини тушунса, кимдир юртининг тинчлигини тушунади, яна кимдир шаҳри, қишлоғи, маҳалласи ёки оиласи тинчлигини тушунади. Яна кимлардир эса фақат ўзининг тинчлигини тушунади.
Аждодларимиздан мерос бўлиб қолган шундай бир анъана борки, ота-боболаримиз, онахон ва бувижонларимиз доимо Яратгандан, аввало, олам тинчлигини кейин юрт тинчлигини илтижо қилиб, сўнгра бошқа хайрли ниятларни рўёбга чиқаришини сўраб дуо қилишадилар. Юртимиздаги шу кунгача эришилган ютуқларнинг барчаси, иқтисодий ривожланишлар, таьлим соҳасидаги ютуқлар, ободончиликлар, шаҳарларимиз кун сайин чирой очиб кўркамлашаётгани, барча-барчаси мана шу олий неьмат- тинчлик боисидандир.

Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларининг бирида: «Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйюнганда оиласи тинч, тани coғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан», деб неъматни кенг маънода тушуниш лозимлигига ишора килганлар.Неъмат моддий ва маънавий бўлиб, юқорида санаб ўтганларимиз моддий неъматлар жумласига киради. Маъ
навий неъматлар эса имон, ислом, акд, ҳуррият, тинчлик каби кўзга кўринмайдиган, бироқ моддий неъматларга қараганда қадрлироқ нарсалардан иборатдир.
Тинчликнинг қадрига етиш деганда- оиламизга, халқимизга, юртимизга манфаатли ишларни қилишимиз, зарарли ишлардан ўзимизни тийишимиз тушунилади. Шунингдек, тинчлик сояси остида билим ва ҳунарларимизни оширайлик, одобимизни яхшилайлик, муомаламизни ривожлантирайлик, фарзандларимиз тарбияси билан шуғулланайлик, қариндошлик ва дўстлик ришталарини мустаҳкамлайлик, урушиб қолган оилаларни яраштириб қўяйлик, боқувчисини йўқотганларга ёрдам берайлик, озодалик ва ободончилик ишларига қарашайлик, ортимиздан боғлар қолдирайлик, соф динимизни миллий урф-одатларимизни асрайлик, аждодларимиз қолдирган бебаҳо илмий меьросларини кенгроқ ўрганайлик ва ҳаётимизга тадбиқ қилайлик ва ҳакозо эзгу ишларни қилайликки, яшаётган умримиздан маьно ҳосил бўлсин, ортимиздан яхши ном қолсин.
Афсуслар бўлсин, айрим нокас кимсалар борки, катта-катта фитналарни қўзғаб вайронагарчилик, зулм ва зўравонлик билан тинч аҳолини қўрқувга солиб, минглаб оилаларни пароканда қилиб, қанчадан қанча шаҳар ва қишлоқларни барбод қилишади, минглаб бегуноҳ инсонларни ноҳақ ўлимига сабабчи бўлишади ва қанчадан қанча ёш болаларни етим қолишига ёки ўлиб кетишига сабабчи бўлишади. Улар ўзларига динни ниқоб қилиб, дин номидан қинғир ишларини қилаётган қонхўр ваҳшийлардир. Уларниниг бу қилмишлари, албатта, жазосиз қолмайди. Чунки Аллоҳ таоло Қурьони каримда шундай марҳамат қилади: “Ким заррача яхшилик қилган бўлса, уни ҳам кўради. Ким заррача ёмонлик қилган бўлса, уни ҳам кўради.” (Залзала сураси 7,8-оятлар).
Аниқки, улар бу дунёда ҳам охиратда ҳам хору-зор бўлишади. Аллоҳ таоло эзгуликни ғолиб қилиб, залолатни мағлуб қилгусидир. Солиҳ амал қилувчиларни эса амалини зое қилмайди.
Юртимизни тинч, ҳаётимизни осуда, халқимиз ҳаёти фаровон бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб дуо қилиб қоламиз.

Эзгу ният йўлида ҳамкорлик қилиш, ер юзида тинчликнинг барқарор бўлишида бош омилдир. Тинчлик Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати бўлиб, уни сақлаш ҳар-бир кишининг олий даражадаги бурчи, вазифаси бўлмоғи лозим. Ислом динида Ватанга, эл-юртга садоқат тушунчаси кенг улуғланади. Бу муқаддас заминда ҳар бир инсон, айниқса, ёшларимиз азиз она Ватанимиз олдидаги фуқаролик бурчларини яхши англаб олмоқлари лозим. Ҳар биримиз хуқуқ ва эркинликларга эга бўлишимиз билан бирга, зиммамизда бурч ва мажбуриятлар борлигини ҳам асло унутмаслигимиз керак.

Ж.Умаров 

Шовот тумани “Араб бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *