ОИЛАДА ЭРНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ

Муқаддас Ислом динимизда эр-хотин ўртасидаги меҳр-муҳаббат давомийлигини таъминлаш учун ўзига хос қонун-қоидалар жорий қилинган. Агар эр ва хотин мазкур қоидаларга амал қилишса, бир-бирларига нисбатан зиммаларидаги бурч ва масъулиятларини ҳис қилиб, сидқидилдан адо этишса, бундай оила бахт ва саодат қасрига айланади. Эр ва хотиннинг мажбуриятлари ҳақида Қуръони карим оятлари ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида батафсил ёритилган. Мужтаҳид уламоларимиз мазкур оят ва ҳадислардан кўплаб ҳукмларни чиқарганлар. Ҳамма ҳужжат ва далилларни тўплаб ўрганган уламоларимиз эрнинг хотиндаги ҳақларини қуйидагича баён қилганлар.

Эрнинг зиммасидаги баъзи мажбуриятлар:

  1. Эр аёлига яхши ва чиройли муомала қилиши.Зеро, Аллоҳ таоло Ўз китобида шундай марҳамат қилган: яъни: Улар (аёллар)билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин (Нисо сураси, 19-оят). Бу буйруқ эрнинг хотинга яхши муомалада бўлишини, табиатидаги айрим ноқисликларга сабр қилишни, баъзи хатоларига кўз юмишни тақозо этади.
  2. Аёлга маҳр бериш.Аллоҳ таоло Қуръони каримда эрларни аёлларининг мазкур ҳақларига риоя қилишга чақириб: яъни: “Хотинларига маҳрларини ҳадя каби (яъни чин кўнгилдан)берингиз”  дея амр этган (Нисо сураси, 4-оят). Афсуски, баъзи эрлар зиммаларида шундай вазифа борлигини ҳам билмайдилар.
  3. Эр хотиннинг озорини кўтариши, у ғазабланганида ва жаҳли чиққанида мулойим бўлиши, унинг хатоларини кечириши.Бундай қилиш – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилишдир. Бу борада Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: яъни: “Мўмин эр мўмина хотиндан нафратланмасин, агар унинг бир хулқини ёмон кўрса, бошқа хулқи туфайли ундан рози бўлиб кетаверади”(Имом Муслим ривояти). Демак, эр хотинининг айрим феълидан ғазабланса, оилани бузишга шошилмаслиги, балки унинг яхши одатларини ҳам кўз олдига келтириб, шу билан кўнглини тўқ қилиб юриши керак экан.
  4. Эркак аёлини қизғаниши, унинг ор-номусини сақлаши.Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: яъни:  “Уч тоифа киши асло жаннатга кирмайди: даюс, эркаксифат аёл ва хамр ичишга муккасидан кетган киши”,– дедилар“Эй Аллоҳнинг Расули, хамр ичишга муккасидан кетганни биламиз. “Даюс” нима дегани?” дейишди. У зот: “Аҳли ҳузурига ким кираётганига парво қилмайдиган одам”, – дедилар. Биз: “Эркаксифат аёл ким?” – дедик. У зот: “Ўзини эркакларга ўхшатадиган аёл”, дедилар” (Имом Табароний ва Имом Байҳақий ривоятлари).

Исломда рашк ана шу даражада юксак баҳоланиши билан бир қаторда, бу борада ҳаддан ошиш, чегарадан чиқиш қораланади. Ўз ўрнида ва меъёрида бўлган рашк эркакда бўлсин, аёлда бўлсин, мақталган ва гўзал турмуш тақозо этган хислатлардандир. Ҳар икки томон ҳам умр йўлдошининг меъёрдаги рашкини қадрлаши лозим.

  1. Эр хотинини уй-жой билан таъминлаши. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:яъни: “Уларга (талоқ иддасини сақлаётган хотинларингизга) ўзларингиз маскан тутган жойдан тоқатингизга қараб жой берингиз…” (Талоқ сураси, 6- оят).
  2. Эр хотинининг озиқ-овқат ва кийим-бош каби нафақасини  таъминлаши. Нафақанинг миқдори эрнинг иқтисодий ҳолидан келиб чиқиб белгиланади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган: яъни: “Бой киши ўз бойлигидан нафақа берсин. Кимнинг ризқи танг қилинган (камбағал) бўлса, у ҳолда, Аллоҳ унга ато этган нарсадан (ҳолига яраша) нафақа берсин!…”(Талоқ сураси, 7-оят).

Мазкур нафақа миннат ва таънасиз бўлиши керак. Чунки нафақа бериш, эркакнинг хотинига қилган марҳамати эмас! Балки, Аллоҳ таоло эрнинг зиммасига фарз қилган амални бажаришдир! Динимизда эр оиласига сарфлаган харжлари учун ажр ва савобга эришади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: яъни: “Сиз Аллоҳ таоло розилигини истаб қилган ҳар қандай сарф харажатингиз учун ажр оласиз. Ҳатто хотинингиз оғзига солган таомингиз учун ҳам сизга ажр бор” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). Нафақа масаласида эр ўзининг иқтисодий ҳолидан келиб чиқиб иш кўради. Хотиннинг битмас-туганмас талаб ва хоҳишлари учун эр ўзини ўтга-чўққа уриб, ношаръий ва ноқонуний йўллар билан пул топиши дуруст эмас.

  1. Аёлига зарурий шаръий масалаларни ўргатиши.Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: яъни: “Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар)” (Таҳрим сураси 6-оят). Демак, ҳар бир эр мусулмон киши билиши керак бўлган зарурий маълумотларни аёлига ўргатиши зарур бўлади. Ҳеч бўлмаганда масжид ва бошқа жойлардаги насиҳат ва марузаларни яхши тинглаб, аёли ва фарзандларига етказиши керак.
  2. 8Эр хотинининг хусусиятлари ва ўрталаридаги алоқалари ҳақида оғиз очмаслиги ҳамда одамлар ўртасида ёймаслиги керак. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: яъни:“…Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз…”, (Бақара сураси, 187-оят). Уламолар ушбу ояти кариманинг тафсирларида “либос” сўзига турлича маънолар берганлар. Баъзилар эр-хотин бир-бирининг айбу нуқсонини либос каби яширади, десалар, бошқа бирлари эр-хотин бир-бирларини фаҳш ва зинодан сақлайдилар, деган маъноларни берганлар.  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай деганлар яъни: “Қиёмат куни Аллоҳнинг даргоҳида энг ёмон мақомда бўладиган одам, ўзи ёки хотинининг ташаббуси билан жинсий алоқа қилган ва хотинининг сирларини ошкора қилган эркакдир”(Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ  таоло эркакларга оиладек муқаддас қўрғонга раҳбарлик  қилиш вазифасини юклади.  Шу билан бирга эркакларни руҳий ва жисмоний жиҳатдан аёллардан фарқли  қилиб,  уни оила раҳбари бўлишига муносиб  ҳолда яратди. Эркаклар  ўз зиммаларидаги вазифаларини адо этишлари  бу  оиланинг  тинчлиги  ва бахту саодатига  сабаб бўлувчи  энг катта омилдир. Шариатимизда эрнинг аёли олдида молиявий ва маънавий  вазифалари бор. Молиявийлари асосан уч қисмга бўлинади: Биринчиси,  аёлига  маҳр бериш.  “Маҳр”  ақди никоҳ  ёки эру хотинлик муомаласи бўлиш билан эр зиммасига юкланадиган,  хотинга бериш лозим бўлган молдир.Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Хотинларга маҳрларини мамнунлик билан берингиз! Агар сизларга ўзлари ундан бирор нарсани ихтиёрий равишда кечса (берса)лар, сизлар уни бемалол, иштаҳа билан тановул  қилаверингиз”.(Нисо сураси, 4-оят). Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳу васаллам  маҳр борасида шундай марҳамат қиладилар: Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят  қилинган  ҳадисда Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳу васаллам:  “Темирдан бўлса  ҳам бир узик топинг”, деганлар. Иккинчиси, аёлини озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминлаш. Дарҳақиқат, эркакларнинг зиммасига аҳли аёл нафақаси фарздир. Бу хусусда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам ҳадисларининг бирида: “Киши ўз  қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб  қўйиши унинг қаттиқ  гуноҳкорлигига кифоя  қилади”, дея марҳамат  қилганлар, (Абу Довуд ривояти). Минг афсуслар бўлсинки,  ҳозирги кунда баъзи бир оила бошлиқлари айни шу масалада ўз вазифаларини унутиб  қўймоқдалар.  Ҳатто баъзилари ориятсизлик билан ўз жуфту  ҳалолларини ўзга юртларга бориб,  ишлаб пул топиб келишга мажбурлаётганликлари ва аёлини топган маошига кун кечираётганликлари  ҳам маълум бўлмоқда.

Бундай  ҳолатларни пайдо бўлиши ачинарли ҳолдир.  Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят  қилинган  ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир кишига Аллоҳ таоло кенглик қилиб молу давлат берсаю  у киши ўз аҳли аёлига торлик  қилса у биздан эмасдир”, деганлар (Имом Дайламий ривояти). Аҳли-аёлга нафақа бериш энг муҳим ва савобли ишлардан эканлиги ҳақида Жобир  розияллоҳу анҳу  ривоят  қилган  ҳадисда Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Қиёмат куни тарозуда биринчи тортиладиган нарса кишининг аҳли-аёлига қилган нафақасидир”  (Имом Табароний ривояти). Шу  билан бирга, аёли бемор бўлганда дори-дармон олиб бериш, шифокорга кўрсатиш кабилар  ҳам эрнинг зиммасидаги вазифалардандир. Аёли касал бўлса, отасининг уйига олиб бориб  қўйиш  ҳолатлари  ҳам кўпаймоқда. Соғлик пайтида уйдами, томорқадами, даладами ишлатиб, камига бозорга чиқариб, бетоб бўлиб ишга ярамай  қолганида, парваришга муҳтож бўлиб турганда, ота уйига олиб бориб  қўйиш, ортидан хабар олмаслик, меҳнатга ярайдиган бўлганда, олиб кетишлик инсофли эркакни иши эмаслигини унутмаслигимиз керак. Учинчиси,  аёлини турар жой билан таъминлаш.  Аллоҳ  таоло бу  ҳақда Қуръони каримнинг Талоқ сурасида айтади: “Уларга  (талоқ  иддасини сақлаётган хотинларингизга) ўзларингиз маскан тутган жойдан  тоқатингизга  қараб жой берингиз”  (Талоқ  сураси 6-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Огоҳ бўлинг! Ҳаммангиз раҳбарсиз ва ҳамман­гиз қўл остингиздагилардан масъулдирсиз.Бас, амир қўл остидаги инсонларга раҳбар ва уларга масъулдир, эркак ўз оиласида раҳбар ва уларга масъулдир”, деганлар.  Раҳбарлик масъулиятни сезиш мажбуриятларни бажариш демакдир. Ноҳақ ҳукм чиқариб, ножоиз ҳаракатлар қилиш, аҳлларига зулм кўрсатиш маъсият, гуноҳ деганидир. Демак, кишининг мавқеи қанчалик баланд бўлса, жавобгарлиги ҳам шунчалик қаттиқ бўлади.

Х.Юсупов

Урганч тумани “Жон Хараш бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *