САБР-ОЛИЙ ФАЗИЛАТ

   Уламолар айтади: “Нафс улов бўлиб, инсонни жаннат ёки дўзахга олиб боради.  Унинг жилови эса сабрдир”. Пайғамбаримиз (с.а.в) сабр ҳақида бундай деганлар: “Сабрнинг имондаги ўрни, бошни танадаги ўрни кабидир” (Дайламий ривоят қилади). Сабрли кишида иффат, ўзини босиш, шижоат, бағрикенглик, қаноат каби фазилатлар мужассам бўлади. Бир ҳадисда “Сабр зиёдир” дейилади. Сабр нур каби қийинчилик зулматини кетказади ва ҳақиқатни юзага чиқаради. Сабр ҳақида ҳикматли сўзлар ҳам жуда кўп. Кўпгина ҳадисларда ҳам ҳар қандай қийинчилик, мусибат келганда сабр-тоқатли бўлишга чақиради. Сабр инсонни нотўғри қадам қўйишдан сақлайди.  Пайғамбаримиз (с.а.в) айтадилар: “Сабр 3 хил бўлади: тоатга сабр қилиш, мусибатга сабр қилиш, гуноҳдан тийилиш учун сабр қилиш. Ким мусибатга сабр қилиб, уни гўзал суратда қайтарса, Аллоҳ  унга қанча даража(савоб) ёзади, ўзи билади. Сабр қилиш ҳўжакўрсинга, риё ёки ўзига-ўзи мақтаниб юриш учун эмас, балки Аллоҳ розилиги учун бўлиши керак.

      Имом Ғаззолий ўзининг “Дин илмларини жонлантириш” китобида бундай сўзларни келтиради: “Сабр, шаръий ҳукмга кўра фарз, фазилат ва макруҳга бўлиниди. Ман қилинган нарсаларга сабр қилиш-фарздир. Яқинлари оламдан ўтганда сабр қилиш-фазилатдир. Етказилган озорга сабр қилиш-макруҳдир. ”

      Сабр қилганлар марднинг ишини амалга оширган бўладилар ва бунинг учун тўла-тўкис ажр (мукофот) оладилар, яъни сабрли бўлган инсонларнинг гуноҳлари авф қилинади. Сабр — бу Аллоҳ айтганини бажариш жараёнида дуч келадиган машаққатларни енгишдаги чидамдир.

      Демак, мусулмон киши ҳар бир ишга астойдил киришиши лозим экан. Бу дегани “нима бўлса ҳам сабр қилиб тураман” деб туриш билан сабр бўлмайди, аксинча сабр бирор бир ишни амалга оширишда ёки Аллоҳ таолонинг айтганини бажаришда дуч келинидиган машаққатларни енгиб ўтишдир.

      Ғазабни енгиш ҳам сабрнинг бир тури ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Абу Лайс Самарқандий айтадики: “Сизларга ғазаб келганда сабр қилишингиз лозим бўлади. Ғазаб келганда шошилманглар, шошилишдан сақланинглар. Шошқалоқликда  ҳам  сабрда  ҳам уч нарса  мавжуд. Шошқалоқликда уч нарса:

1- пушаймон бўлади, 2- одамлар орасида маломатга қолади, 3- Аллоҳдан бу ишга яраша жазосини олади. Сабрдаги уч нарса: 1- ҳурсанд бўлади, 2- одамлар орасида мақтовга сазовор бўлади, 3- Аллоҳдан бу ишга яраша савоб олади”. Ғазабланганда сабр қилсак ғолибмиз,чунки жаҳл устида қилишимиз мумкин бўлган, шайтонни севинтирадиган амаллардан ўзимизни тийган бўламиз.

Р.Қадирова

ЎМИ Хоразм вилоят вакиллиги хотин-

қизлар масалалари бўйича  ёрдамчиси

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *