ОИЛА ҚЎРҒОНИ МУСТАҲКАМ БЎЛСИН.

Ислом динида оилага катта эътибор берилиб, уни қандай ташкил қилиш, оила аъзоларининг ҳуқуқлари, фарзандлар тарбияси, оилада чиқадиган келишмовчиликларни муолажа қилиш, умуман оилавий ҳаётнинг барча масалаларига жавоб топиш мумкин. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қиладики:

“Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир”.

Оилали бўлиш инсоният наслининг кўпайиши ва қиёмат кунигача боқий бўлиши учун лозим бўлган ҳақиқий йўлдир. Ислом динида никоҳ – бу Аллоҳнинг амри, Пайғамбар (с.а.в.)нинг суннатлари билан, мўмин-мусулмонларнинг гувоҳлигида боғланадиган муқаддас алоқа воситасидир. Умр йўлдошини танлашда ҳар икки томон ҳам тенг ҳуқуққа эгадир.

Оила инсон зоти яратилганидан бошлаб давом этиб, инсоният тарихининг ҳамма даврларида ҳар қандай тузум ва шароитда ҳам кишиларнинг асосий ва муҳим ҳамда шарафли қадриятларидан ҳисобланади.

Инсоният тарихининг барча босқичларида Аллоҳ таоло ўзи юборган пайғамбарлари орқали оиланинг мустаҳкам бўлиши учун ҳар қайси даврга мувофиқ низом ва қонунлар жорий қилган. Аллоҳ таолонинг ягона холиқлигининг далили ва белгиларидан ҳамда неъматларидан бири оила асосида турмушимизни жорий қилиб қўйганидир.

Оила инсоннинг бахт-саодатини таъминловчи қўрғондир. Оилада эркак кишининг масъулияти алоҳида қайд этилган.

Ривоят қилинишича саҳобалар Расулуллоҳ (с.а.в.)дан: “Зиммамизда хотинларимизнинг қандай ҳақлари бор?”, — деб сўрашганда, У зот (с.а.в.):

“Еганингизда уни ҳам едирмоғингиз, кийганингизда кийдирмоғингиз, юзига урмаслик, ёмон сўзлар билан ҳақорат қилмаслик, фақат хонадан чиқмаган ҳолда ўринни бошқа қилиб ётмоқлик”, — дедилар (Абу Довуд ривояти).

Аллоҳ таоло эл-юртларимизни ёмон кўздан асрасин, хозирги кундаги бу пандемия балосидан тезроқ омонда сақласин, қарияларимизга узоқ умр, ёшларимизга куч-қувват ва ғайрат, хонадонларимизга қут-барака берсин.

Ғ.Бабажанов

Тупроққалъа тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *