ЁШЛАР ТАРБИЯСИ ҲАҚИДА

Мутақиллик йилларида ҳар биримиз учун муқаддас қўрғон ҳисобланмиш оила масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Маълумки, оила ота-она ва фарзанддан иборат учта асосга қурилади. Оиланинг бахту саодати ҳам, унинг камоли ва фаровонлиги ҳам, тинчлиги ва осойишталиги ҳам ана ўша учта устуннинг бир-бирига бўлган муносабатига, аҳиллигига боғлиқ. Оилада аҳиллик ва тотувлик бўлмас экан, оиланинг мустаҳкамлигига дарз кетиб, таназзулга юз тутаверади. Ёш болаларимиз ниҳоятда кузатувчан, зийрак ва тақлидчи бўлишади. Оилада катталарнинг барча ижобий — салбий хатти – ҳаракатлари бола кузатувида бўлади ва ёш бола ҳар бир кўрган ҳолатини, кераклисини ва кераксизини ҳам бирдек ўзига сингдириб олаверади. Бола тарбиясига ўта салбий таъсир кўрсатадиган ҳолатлардан бири эр-хотиннинг ўзаро жанжалларидир. Оиладаги доимий нотинчлик боланинг асабини толиқтириб, тажанг қилиб қўяди. Бундай вазиятларда бола ўзини озгина назоратсиз сезса, билингки у ўзбошимчалик билан ғайритабиий ва ҳатто ғайриқонуний ишлар қилишгача бориб етади. Зеро, аксар нотўғри, залолат йўлидаги фирқа ва оқим вакиллари ҳам айнан шу каби “боши берк кўчага кириб қолган” ёшларни излайди.
Динларнинг мукаррами ва мукаммали бўлган ислом комил инсон тарбияси, айниқса болаларга одоб ва ахлоқдан пухта таълим беришни энг муҳим вазифалардан бири қилиб белгилаган. Бола тарбиясида, аввало, ота-она, сўнгра эса тарбия ўчоғи бўлган боғча, мактаб ва маҳалланинг ўрни беқиёсдир. Зеро, Пайғамбаримиз (с.а.в) дан имом Термизий ривоят қилган бир ҳадисда: “Ота-она ўз боласига гўзал одобдан афзал нарса бера олмайди”, дейилган. Фозила аёл оилада фарзанд тарбиясига масъуллиги билан бирга, ота билан фарзанд ўртасида воситачи ҳамдир. У фарзандига оиланинг устуни бўлган отани қадрлашни, кўзига тик боқмасликни, ота билан орасида доимо масофа сақлаш лозимлиги ва шу каби одобларни ўргатади. Отага эса уларнинг талаб ва эҳтиёжларини ўз вақтида билдириб туради. Узоқни кўра оладиган аёл фарзанди олдида турмуш ўртоғининг ҳурматини доимо жойига қўяди. Отанинг ҳурмати юқори бўлган оилада тарбия топган болада қатъиятлилик, фидойилик, мардлик ва мустаҳкам иродалилик каби эзгу хислатлар кўпроқ учрайди. Отанинг оиладаги қатъиятлилиги эса болани интизомга ўргатади. Интизомли бола меҳнатдан қочмайди, ўзига топширилган вазифани вақтида адо этади, ҳар бир ишга масъулият билан ёндошади.“Албатта, фарзандларингиз Аллоҳнинг сизларга берган ҳадясидир. “У зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур. (шуро сураси 49-оят.) Фарзанд бизларга берилган ҳадя экан, омонат экан. Бу неъматнинг қадрига етмоғимиз вожибдир. Фарзанд берилган хонадон албатта, баракага тўла бўлади. Чунки Пайғамбаримиз с.а.в. ўзларининг жиянларига шундай дедилар:
        “Эй Абдуллоҳ ибн Аббос, боласи йўқ уйнинг баракаси ҳам бўлмайди”
Бола хоҳ қиз бўлсин, хоҳ ўғил бўлсин Аллоҳнинг ҳадясидир. Шунинг учун қайси биримизга фарзанд инъом қилинган бўлса, унга ношукрлик қилмасдан қадрига етиб шукрини адо этайлик. Мусулмон кишининг фарзанд кўришлиги, албатта бу умматнинг кўпайишига сабабдир, дунёда бир мусулмоннинг кўпайишига сабабчидир. Шунинг учун қайси бир хонадонга фарзанд туғилса, унга мол-мулкка қарагандек эмас ёки менинг пушту камаримдан бўлган бир арзимас нарса демасдан, балки Аллоҳнинг бир буюк бандаси, Расулуллоҳ с.а.в.нинг умматларидан бир уммат деб диққату эътибор билан назар қилмоғи лозим. Мана шундай назару диққат билан Ислом динимиз фарзанд тарбиясига эътибор беришини қуйидаги ҳадислардан билиб оламиз: “Ҳеч бир ота-она фарзандига гўзал тарбиядан ортиқроқ нарса бера олмайди”. “Фарзанднинг отадаги ҳаққи:ота боласига чиройли исм қўйиши, ўқиш ва ёзишни ўргатиши, болағатга етса уйлантириши ва ҳалолдан едириши”. “Эрта қиёматда сизлар исмларингиз ва оталарингизнинг исми билан чақириласизлар, шунинг учун исмларингизни чиройли қилинглар”.
“Бирор киши фарзандига чиройли одоб бериши афзалроқдир, ҳар куни мискинларга яримта нон садақа қилганидан кўра”. Шундай экан, илм ҳалқасига қўшилиш ва доимий илм излаш лозим бўлади. Чунки илм ўқиган киши Аллоҳнинг паноҳида бўлади. Шунингдек, илмдан юз ўгириш Аллоҳдан юз ўгириш экан. Аллоҳнинг ҳузуридан бошпана топмоқчи бўлсак, унутмайликки, бу нарсага илмсиз эришиб бўлмайди.

Биз агар илм ўқимасак, фарзандларимизни илмга қизиқтирмасак, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматимиз деган даъвони нима билан исботлаймиз!?.

Бир олим айтган экан: “Агар бирор қимматли нарсангизни ҳеч ким топа олмайдиган жойга беркитмоқчи бўлсангиз, китобнинг орасига солиб қўйинг, чунки бугунги одамлар китоб очмайдиган бўлиб кетишди”.  Дунёда ҳам, охиратда ҳам инсонга илмдан кўра кўпроқ фойда келтирадиган нарса йўқ. Жаҳолатданда кўра зарар берувчироқ нарса ҳам йўқ. Али розияллоҳу анҳу айтган экан: “Инсонларнинг энг қадри ози – илми озидир”, деганлар.

Илмсизлик, жаҳолат инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб бориши муқаррар. Инсонлар илм орқали парвардигорларини танийдилар. Охирати ва дунёсини илм билан обод қилади. Биз фарзандларимизни китоб ўқишга тарғиб қилайлик. Фақат интернет билан чекланиб, илмни юзаки ўрганмасдан, китоб мутолаасига ҳам эътибор қаратайлик. Илм олишга боғлиқ одоблар ҳам бор бўлиб, уларни билиш учун шунга тегишли бўлган китобларни ўқиб ўрганайлик.

Х.Абутов

Янгибозор тумани “Султон Хўжа бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *