Аждодлар мероси — халқ даҳосининг тимсоли

    Ўзбек халқининг тарихи шавкатли шарафли ва буюкдир. Шундай бўлишлигида буюк аждодларимизнинг ҳиссаси каттадир. Улуғ бобокалонларимизнинг ҳаётлари буюк бир мактаб, катта ибрат, ўзлари буюк устоз эдилар. Нафақат тарихимиз, балки дунё тамаддунида уларнинг улкан ҳиссалари бордир. Шунинг учун нафақат биз ўзбек халқи, балки дунё халқлари улар билан фахрланадилар. Биз авлодларнинг улар олдидаги бурчимиз улар билан фахрланибгина қолмай, балки уларга муносиб ворис авлод бўлишликдир.

     Тарихимизни ҳаққоний ёритишда халқимизнинг яратувчилик фаолияти билан боғлиқ бўлган қадимий шаҳарларимиздаги ёдгорликлар, обидалар, иншоотларни қайта қуриш, таъмирлаш, асл ҳолида бунёд этиш каби ишларга алоҳида эътибор берилди. Бу бежиз эмасди. Чунки бу маданий бойликлар тарихимизнинг асл манбалари, жонли гувоҳлари, илмий асослари ҳисобланади. Юртимиз мустақилликка эришишдан олдин бу меъморий ёдгорликлар, обидаларнинг аксарияти бузилган, таъмир қилинмаган, ярим вайрона ҳолатларда эди. Ҳукуматимиз, биринчи навбатда, ана шундай иншоотларни, ёдгорликларни қайта қуриш, таъмирлаш, асл тарихий асосда бунёд этишга эътиборни қаратди. Хивадаги Кўхна Арк, Тош ҳовли, Қибла тоза боғ, Дишон қалъа, Нуруллабой мажмуалари, Ичон қалъа девори, дарвозалари, Жума масжиди, Муҳаммад Аминхон, Феруз, Ислом Хўжа мадрасалари тарихнинг ноёб мероси — нодир ёдгорликлар, осори-атиқалар, иншоотлар сифатида қайта тикланди, таъмирланди, халқимизнинг маънавий мулкига айланди.

    Мамлакатимиз нафақат Шарқда, балки бутун дунёда тарихий маданий ёдгорликларга бой ўлкалардан биридир. Шулар орасида тарихий меъморий обидалар алоҳида ўрин тутади. Хоразм замини қадимий ва бой маданияти, гўзал ҳамда бетакрор обидалари, ноёб осориатиқалари билан дунё аҳлини ҳамиша лол қолдириб келган. Айниқса, кўҳна ва навқирон Хива истиқлол йилларида янада кўркам қиёфа касб этиб, маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳлар қадами узилмайдиган гавжум шаҳарга, юртимизнинг чинакам туризм марказларидан бирига айланди.

    Ҳозир бу ерга ташриф буюрувчилар халқимизнинг буюк ўтмиши, аждодларимизнинг мислсиз иқтидори, маънавий қудратидан далолат берувчи кўп асрлик ёдгорликлар билан танишиб, уларнинг бунёдкорлик салоҳиятига тан беришаётир.

    Айни пайтда, улуғ аждодларимиз Юсуф Ҳамадоний, Султон Увайс Қораний, Исо ат-Термизий, Маҳдуми Аъзам, Абу Хафс Кабир каби алломаларимиз номлари билан аталадиган 50 дан ошиқ муқаддас зиёратгоҳлар ҳам қайта бунёд этилиб, халқимизнинг оёғи узилмайдиган обод ва гўзал масканларга айланди.

    Лекин минг афсуслар бўлсинки, баъзи тарихий обидаларда аждодларимиз даҳосига номуносиб ишлар қилинаётганига гувоҳ бўлади киши. Биз кимнинг авлоди эканлигимизни унутмаслигимиз лозим. Аждодларимиз меросини ўз даҳосига хос тарзда сақлашимиз ва фойдаланишимиз бизнинг буюк фарзандлик бурчимиздир.

    ЎМИ Хоразм вилояти вакиллиги матбуот хизмати

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *