ПАЙҒАМБАРЛАР ШАФОАТИ

Аҳли суннат вал жамоат ақидавий масҳабимизда пайғамбарларнинг шафоатлари муҳим масалалардан биридир. Авваламбор “шафоат” сўзи луғатда “ёнини олиш, қўллаб қувватлаш ёки ҳомийлик қилиш” маъноларини англатади. Шаръий истилоҳда эса гуноҳкор мўминларнинг гуноҳларини кечиришлигини Аллоҳдан сўрашга айтилади. Пайғамбарлар Қиёмат куни Аллоҳнинг изни билан маълум осий мўминларнинг гуноҳларидан ўтишини Аллоҳ таолодан сўрайдилар. Аллоҳ таоло ўзининг фазли ва марҳамати ила уларнинг тилагини бажо этиш ва осийларнинг гуноҳларини ўтади. Шу Пайғамбарларнинг шафоати демакдир. Аҳли суннат раиси имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг машҳур “Ал фиқҳул акбар” номли асарида масалани бундай баён қилади: Пайғамбарларнинг (уларга Аллоҳнинг саловот ва саломи бўлсин) шафоати ҳақдур! Шафоатнинг ҳақлигини аҳли сунна уламолари бир овоздан ижмо қилганлар.

Азизлар, шафоат масаласида адашган тоифалардан ҳавожирларнинг ҳам ҳилофи бор. Улар ҳам Пайғамбарлар ва солиҳларнинг шафоат қилишларини инкор этадилар. “Улар фақат у Зот рози бўлган шахсларгагина шафоат қилурлар” (Анбиё сураси 28-оят). Аллоҳга итоат қилиш Қуръонга итоат қилиш билан бўлади. Расуллуллоҳга итоат қилиш эса, ҳаётлик вақтларида ўзларига итоат қилиш билан бўлса, ул зот вафотларидан кейин суннатларига амал қилиш билан бўлади.

Азизлар, Пайғамбарга итоат қилиш алоҳида алоҳида нарса эмас, чунки Расуллоҳ (САВ) ҳам доимо Аллоҳнинг итоатида бўлганлар. Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган бир ҳадисда Пайғамбаримиз (САВ) олдинги пайғамбарларга берилмаган беш нарса менга берилди, деганлар. Улар ичида шафоатни ҳам санаб ўтганлар. Бу ҳадисдан маълум бўладики Пайғамбаримиз (САВ) нинг умматлари учун шафотлари ижмо қилинган. Имом Аъзам Абу Ҳанифа (РА)нинг ақидавий фатволари ислом оламида кенг ёйилишига катта хизмат қилган олим имом Мотурудий (РА): “Шафоат энг кўп ҳужжатга эга масалалардандир” деб айтганлар. (Имом Мотурудий “Тавҳид” 463-бет) Юқоридаги далиллар мўтазилий ва ҳавожирлар адашган тоифаларга шафоатни исбот этиш учун етарли раддия бўлади. Аллоҳ таоло уларга ва улар каби фикрловчиларга ҳам ҳидоят берсин. Қиёмат куни барчамизни Расулуллоҳ (САВ) нинг шафоатига ноил қилсин.

Азизлар, Расулуллоҳ (САВ) айтганлар: “Аввалги пайғамбарлар ўз қавмларигагина юборилар эдилар, мен эса ҳаммага пайғамбар қилиб юборилганман” деб марҳамат қилганлар. Расулуллоҳ (САВ) нинг ҳаётлари биз мўмин-мусулмонлар учун катта ибратдир. Оқил инсон ҳаёти давомида солиҳ инсонларнинг фазилатли жиҳатларидан ўрнак олиб яшайди. Бизлар ҳам аҳли солиҳ олим инсонлар билан учрашиб қолганимизда, унинг яхши ҳислатларини зикр қилганда “бизга ҳам сизнинг йўлингизни берсин” деб дуоларини олмоғимиз керак. Аллоҳ таоло барчаларимизни Пайғамбаримиз (САВ) ҳос умматларидан бўлиши насиб қилсин.

Ш.Атажонов

Хива тумани “Шайх Мавлон бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *