ИЛМ ВА БИЛИМСИЗ КИШИЛАР БАЁНИ..

Ҳакимлардан бири айтган экан: “Дунёни энг кўп бузадиганлар – чала мутакаллим”, чала фақиҳ, чала табиб, чала тилшунос ва ҳоказолардир. Буларнинг бирлари динни бузса, бирлари давлатни вайрон қилади. Яна бирлари инсонларнинг соғлиғига зарар етказса, бошқа бирлари эса тилларни бузиб юборади”. Чунки олим илм билан гапиради, жоҳил эса (агар фаросатли бўлса,) ўзининг илмсиз эканини билгани учун сукут сақлайди. Аммо чала олимга келсак, у ўзини олим деб ўйлаб, гапираверади. Натижада, ўзи ҳам адашади, ўзгаларни ҳам адаштиради. Мана шундай киши мураккаб жоҳил дейилади. Чунки у жоҳил бўлса-да, лекин ўзининг жоҳил, билимсиз эканини билмайди. Илмсиз кишининг тортишиши хатарли бўлгани учун Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир қанча оятларида бундан қайтарган: “Одамлар орасида (ўзи) илмсиз (бўлса-да,) Аллоҳ хусусида мунозара қиладиган ва бебош шайтонга эргашиб кетадиган кимсалар ҳам бордир. Уни (шайтонни) дўст тутган кимсани, албатта, йўлдан оздириш ва дўзах азобига йўллаш унга (тақдирига) битиб қўйилгандир”. (Ҳаж сураси, 3-4 оятлар) яна бир оятда “Одамлар орасида (ўзи) илмсиз, ҳидоятсиз ва нурли китобсиз (бўлса-да,) Аллоҳ ҳақида мунозара қиладиган,(тўғри йўлдан) бўйин товлаб, (ўзгаларни ҳам) Аллоҳнинг йўлидан оздириш мақсадида юрадиган (кимса) ҳам бордир. Унга бу дунёда расволик бўлур, Қиёмат куни эса, унга куйдириш азобини тотдирурмиз”. (Ҳаж сураси, 8-9 оятлар)

Шаръий далилларни тан олмаслик, ўқиб-ўрганишни, ҳатто эшитишни ҳам истамаслик, ўзини эса “ақлли” деб билиш, фақат ўзининг фикрини тўғри дейиш ва уни ўтказишга уриниш жуда хатарлидир. Чунки пайғамбарни тан олмай, фақат ўзининг фикрини олдинга сурган Фиръавн ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган: “Фиръавн: «Мен сизларга фақат ўзим (тўғри деб билган) фикрни таклиф қиламан ва мен сизларни фақат тўғри йўлга бошлайман», деди”. (Ғофир сураси, 29-оят)

           Маълумки Ислом дини илму маърифатга тарғиб қилувчи диндир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нозил қилинган дастлабки оятларида ҳам илм олишга ундаш маъноси борлигини ўзи ҳам Ислом илму маърифат дини эканлигининг ёрқин далилидир. Ўқинг “(эй Муҳаммад бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Роббингиз исми билан! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Роббингиз эса карамли зотдир”.(Алақ,1-2) Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу) шўндай деганлар. “Илм, мол дунёдан яхшидир, чунки илм сени ножоиз ишларни қилишдан сақлайди. Молни эса ўғирлаб кетмасликлари учун ўзинг қўриқлайсан. Мол-дунё сарф қилинса камаяди, илм эса тарқатиш билан янада зиёда бўлаверади”. Ҳакимлар илм ўрганинг, зеро у фақирлигингизда давлат, бойлигингизда зийнать бўлади деганлар. Илмни ёшлик чоғида ўрганиш алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, бу ҳақида улуғларимиз “Ёшликда ўрганилган илм тошга уйилган нақш кабидир”, деб айтишган.

           Аллоҳ таоло инсон зотини азиз ва мукаррам қилиб яратди. Унга ўзининг бошқа маҳлуқотларига берилмаган кўплаб неъматларини зиёда қилиб берди. Ақлу заковат, фаҳму фаросат, нутқ шулар жумласидандир. Муқаддас динимиз таълимотида, инсонлар ҳаётининг гўзал ва чиройли бўлмоғлиги, кўп жиҳатдан уларни илмли, маърифатли бўлишлиги билан боғлиқлиги таъкидланади. Анас ибн Малик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: — Набий соллоллоху алайҳи вассаллам: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир” дедилар. Демак, Илимсиз кишиларнинг хаёт йўллари давомида шуни англамоғи олим ва лобутддирки, ҳар бир мусулмон киши, илм олишни фарзлигини билиб, бу ишга масъулият билан ёндошмоқлиги керак. Яни илм олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай нарсадан, қолаверса, бекорчи ўй ҳаёллардан ҳам воз кечмоғлиги лозим. Қатъиятли, сабр-бардошли кишиларгина илм олишда муваффақиятларга эриша оладилар. Донишмандлардан бири илм олиш игна билан қудуқ қазишдек қийин, машаққатли иш деган экан. Албатта бу машаққатларнинг ажру савоби ҳам бўлади. Абу Дардо разияллоху анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи вассаламнинг: “Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ёки дирҳам мерос қолдирмаганлар.

                 Албатта улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди” деганларини эшитдим. Аллоҳ таоло ўзининг муқаддас каломи Қуръони каримнинг кўплаб оятларида олимлар мартабасини улуғлаган. Жумладан, “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?” (Зумар сураси, 9-оят). Албатта тенг бўла олмайдилар. Олимлар ўз илмлари, салоҳиятлари орқали Аллоҳни яхшироқ танийди, дунёни теран англайди. Улар тарқатган фойдали илмлари ва қолдирган ўлмас асарлари орқали жамиятимизга кўпроқ наф етказишади. Аллоҳ таоло барчамизни илм истовчи ҳамда олимларни қадрловчи ихлосмандлардан бўлишлигимизни насиб айласин.

Х.Матяқубов Хонқа туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *