ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИКНИНГ МОҲИЯТИ

Аллоҳ таоло бандаларига ҳисобсиз неъматлар ато этган. Мустақиллик Аллоҳ таолонинг халқимизга ато этган энг улуғ неъматидир.

Ислом дини инсонларни ўзаро мурувватли бўлишга чақирганидек, бошқа дин вакилларига ҳам бағрикенглик билан муносабатда бўлишга чақиради.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинади: “Халқнинг барчаси Аллоҳнинг измидадир. Уларнинг инсонларга кўпроқ манфааат келтирувчиси Аллоҳга маҳбуброғидир” Юртимизда азалдан диний бағрикенгликка асосланган қадриятлар устувор бўлиб келган. Мисол учун қадим замонларда мусулмонлар яхудийлик, насронийлик каби дин вакиллари билан тинч-тотувликда яшаб келганлар. Кўҳна шаҳарларимизда азалдан масжидлар билан биргаликда черковлар фаолият кўрсатгани, тарихимизнинг энг мураккаб ва оғир даврларида ҳам улар ўртасида келишмовчилик ва можаролар бўлмагани бунинг тасдиғидир. Бу холатлар Ўзбекистон заминидаги барча халқларнинг диний-маънавий тотувликда ва бағрикенгликда яшашининг нодир тимсолидир. Ҳозирда ҳам мамлакатимизда ўтказиб келинаётган нуфузли халқаро анжуманларда Ўзбекистонда дин соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларда диний бағрикенглик муносиб эътироф этилмоқда.“Бағрикенглик” – илмий фаолият ва ижтимоий ҳаётнинг турли соҳалари, жумладан, сиёсат ва сиёсатшунослик, социология, фалсафа, илоҳиёт, қиёсий диншунослик каби соҳаларда кенг истифода этиладиган тушунчалардан бири ҳисобланади. Диний бағрикенглик турли дин вакиллари эътиқодидаги мавжуд ақидавий фарқлардан қатъи назар, уларнинг ёнма-ён ва ўзаро тинч-тотув яшаши ҳамда ҳар бир диний таълимотга ҳурмат билан қарашни англатади.

Ҳар ким ўз эътиқодига амал қилишда эркин бўлгани ҳолда бу ҳуқуққа бошқалар ҳам эга эканини эътироф этмоғи лозим. Ислом, ёки бошқа динлардан қай бирига мансуб бўлишидан қатъи назар, инсон деярли бир хил ҳис-туйғуларни бошидан кечиради. Дин байроғи остида фаолият кўрсатаётган айрим ҳаракатлар ва уларнинг таълимотини инобатга олмаганда, аслида барча динларда эзгулик ғоялари устувор бўлиб келган. “Яхшилик қил, ёмонлик қилма” демаган бирорта диний таълимот йўқ. Шундай экан, барча динларни, ҳатто энг қадимгиларини ҳам бағрикенглик руҳида ўрганмоқ зарур. Ислом дини ўзининг илк давридаёқ бағрикенглик дини сифатида намоён бўлди.

Исломда эътиқод эркинлиги очиқ-ойдин эълон қилинган: “Бақара” сурасининг 256-оятида – “Динда зўрлаш йўқ”, дейилган. Шундай экан, уни зўрлик билан ўрнатиб бўлмайди. “Динда зўрлаш йўқ” оятини, инсонга танлаш ихтиёри берилган ва бунинг учун унинг ўзи жавоб беради, деган маънода тушуниш ҳам мумкин. Умуман олганда, Қуръоннинг 50 дан ортиқ сурасидаги юзлаб оятларда мусулмонлар мўмин-қобиллик, тинчликпарварлик ва бошқа эътиқод вакилларига нисбатан бағрикенгликка даъват этилган. Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом ҳам ўз ҳаётлари давомида ҳеч қачон ҳеч кимни исломга киришга мажбур қилмаганликларини, бирон марта у ёки бу ҳарбий ҳаракат диний эътиқод туфайли бўлмаганини ҳам ёддан чиқармаслик лозим. Лекин сўнгги йилларда бутун дунё, шу жумладан, Марказий Осиё минтақасида кучайиб бораётган диний мутаассиблик ва жангарилик исломнинг асл моҳияти бўлган бағрикенгликка зид бўлган ҳаракатларга сабаб бўлмоқда. Бу ҳаракат ва ғаразли оқимларнинг номлари ва шиорлари турлича бўлишига қарамай, мақсадлари бир — диндан ниқоб сифатида фойдаланиб, давлат сиёсатига аралашиш, ҳокимиятни қўлга киритишдир. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, диний бағрикенглик ҳам динлараро ҳамда ҳар бир диннинг ичидаги турли хил йўналишлар ва мазҳабларнинг эзгу ғояларини қадрлаш, бир-бирларини ҳурмат қилиш, шунинг билан бирга ўзаро ҳамкорлик асосида амалга ошади. XXI аср бошида давлатлар ҳамкорлиги борасида фаолият кўрсатаётган ташкилотларнинг сони 1000 дан ортиб кетди. Улардан 300 таси ҳукуматлараро ташкилотлардир.

Халқаро ташкилотлар орасида энг нуфузлиси ва йириги Бирлашган Миллатлар Ташкилотидир (БМТ). БМТнинг 1945 йили қабул қилинган Уставида ўзаро бағрикенглик руҳида яхши қўшничилик кайфиятида яшаш, халқаро тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашда ҳамжиҳат бўлиб, ҳаракат қилиш асосий мақсадлардан бири, деб эълон қилинди.БМТ тизимида Фан, таълим ва маданият соҳасида ихтисослашган ташкилот (ЮНЕСКО) мавжуд. Ушбу ташкилот томонидан ҳозирга қадар ишлаб чиқилган 70 дан ортиқ халқаро ҳужжат, конвенция, келишув ва протоколлар қаторида 1995 йил 16 ноябрда қабул қилинган “Бағрикенглик тамойиллари Декларацияси” алоҳида ўринга эга эканини таъкидлаш зарур. Декларацияда ирқи, жинси, келиб чиқиши, тили, динидан қатъи назар, бағрикенгликни тарғиб этиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат билан қараш каби мажбуриятлар акс этган. Бугунги кунда ҳам мамлакатимиз бой тарихий, илмий-маърифий ва маданий меросни ўрганиш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва тарғиб этиш, маърифатли ислом ғояларини ёйиш ҳамда диний бағрикенгликни қарор топтириш ва мустаҳкамлашда бутун дунёга ўрнак бўлмоқда.

О.Машарипов

Янгиариқ тумани “Шайх Мухтор Валий” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *