МИССИОНЕРЛИКНИНГ САЛБИЙ ОҚИБАТЛАРИ

           Миссионерлик сўзи лотинча “юбориш”, “вазифа топшириш” деган маъноларни англатади. Миссионер эса “вазифани бажарувчи” кишини англатади. Прозелитизм эса, бирон бир динга ишонган фуқарони мажбурлаб ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга қаратилган ҳаракатларни англатади. У ўз моҳиятига кўра миссионерликнинг таркибий қисми ва энг юқори кўриниши ҳисобланади.

Дунё тарихига назар соладиган бўлсак, миссионерларнинг ўзга дин вакиллари орасидаги фаолияти ҳар доим минтақа барқарорлигини бузишга, аҳоли орасида нотинчликларни келтириб чиқаришга ва қон тўкилишларга сабаб бўлган. Бунга Индонезиядан шарқий Тимор оролининг, мусулмон давлатидан ажралиб чиқишини ёки Африка қитъасидага қонли тўқнашувларни мисол қилиб келтириш мумкин. Воқеани кузатган мутахассисларнинг фикрича, бу ҳолатларнинг юзага келишига миссионерларнинг бевосита алоқаси бўлган.

Миссонерлик ҳаракатида яна бир ҳолатни алоҳида ажратиш лозим. Бу маълум бир ижтимоий қатламни ажратиб олиш ва шу билан мақсадли иш олиб боришдан иборатдир. Маълумот ўрнида, мусулмонларга қарши йўналтирилган илк миссионерлик ҳаракатларига милодий VIII асрдаёқ дуч келиш мумкин. Турли ғарб манбаларида Андалусия подшоҳи Абдулазиз (713-716)ни насроний қилишга хотини Эгинола урингани айтилади. Бу аёл ғарблик илк миссионер ҳисобланади. «Франция роҳиби» номини олган челонялик Аббат Хуг эса 1074 ва 1078 йиллари Андалусияда Сарагоссанинг мусулмон раҳбарига икки мактуб ёзиб, уни насронийликка даъват қилади. Яна бу асрда Папа VII Грегорий ҳам Шимолий Африка мусулмонларига қарши яширинча миссионерлик ҳаракатлари уюштирган.

Бугунки кунда католикларнинг турли йўналишларига мансуб миссионерларининг ошкора ёки махфий равишда Америка, Осиё, Африка халқларини забт этишда қатнашганлари бунга далил бўла олади. Кейинчалик улар бир қанча, жумладан: “еттинчи кун адвентистлари”, “пятидесятниклар” ёки “тўлиқ инжил христианлари”, “худо ассамблеялари” ва “иегово шоҳидлари” каби оқимларга бўлиниб, ўз услублари бўйича мустақил мисионерлик ҳаракатини йўлга қўйишди. Маълумотларга кўра, ҳозирда улар томонидан адабиётлар нашр этиш, черковлар фаолиятини таъминлашга кетадиган сарф-харажатлардан ташқари, миссионерларнинг кундалик харажатларига йилига 100 миллионлаган АҚШ долларлари сарфланади. Миссионерлар мақсадларини амалга оширишда турли хил услублардан кенг фойдаланишади.

Маърифат тарқатиш, тиббий ёрдам кўрсатиш, ёшларни жалб қиладиган ўқув марказлари ташкиллаштириш, радио, телевидения ва болалар учун мўлжалланган расмли журналлар нашр этиш уларнинг асосий тарғибот йўналишлари саналади.

Дунёдаги умумий миссионерларнинг 2/3 қисмини католик миссионерлари ташкил этади. Католиклик ва протестантликда миссионерлик билан шуғулланиш ҳар бир масиҳийнинг бурчи даражасига кўтарилган. Шунингдек, миссионерлар ўзлари фаолият юритмоқчи бўлган ҳудуд аҳолиси диний эътиқоди, уларнинг ижтимоий муаммолари ҳақида маълумот олишлари учун ўз тадқиқот марказларига ҳам эгалар. Миссионерлар бугунги кунда хоҳлаган тилда ва ададда ўз диний адабиётларини чоп эта олишлари мумкинлиги ҳам уларнинг имкониятлари нақадар кенг ва кучли эканини кўрсатади. Улар ҳар бир Юртнинг туб аҳолиси учун, ўша халқнинг сонидан ҳам зиёд тиражда китоб чиқаришларига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Мисол тариқасида келтирадиган бўлсак, рус тилида чоп этилган “Инжил” китоби бир чоп этилишда 164 млн нусҳада нашр этилган.

Ўзбек тилидаги миссионерликка тарғиб қилувчи китобча эса, бир чоп этилишда 50 млн.дан кўп нусҳада нашр этилган. Буни Ўзбекистон аҳолиси сонига нисбатан олиб қарасак, ҳали туғилмаган фарзандлар учун ҳам китоблар нашрдан чиқарилиб, тайёр ҳолга келтирилган дейиш мумкин. Ўзбекистон ҳудудида миссионерлик ҳаракати қонунан таъқиқланган. Чунки бу ҳаракат, асосий аҳолиси мусулмон бўлган халқимизнинг парокандалигига ва юртимизда низолар чиқишига сабаб бўлади. Кўпгина огоҳлантириш ва маъмурий чоралар кўрилишига қарамасдан, улар юртимизда ўзларининг миссионерлик фаолиятларини олиб боришга интилишмоқда. Миссионерлар кишиларни ўз сафларига жалб қилиш услублари, улар аввало вазиятни, кишиларни ва уларнинг кўнглига йўл топишни яхшилаб ўрганадилар. Кейин эса аста-секин инсоний ёрдам, тиббий хизмат, хайру эҳсонга ўхшаш нарсалардан гап очадилар. Қўлидан иш келадиганларга “совғалар” уюштирадилар.

Аста-секин у ер-бу ердан одамларни тўплаш бошланади, оддий суҳбат, чой ичиш, видеофильм кўриш, кичкинагина совға ва совғага қўшиб, суҳбатдошнинг она тилидаги миссионернинг дини ҳақидаги китоб берилади. Янги аъзоларга “дўстона маслаҳат”лар ҳам берилади: “Янги динга янги аъзо бўлган киши кўпроқ савоб топиши керак, – бунинг энг осон йўли – оила аъзоларингни, яқин кишиларингни динимизга чақиришинг”, “Агар ҳар ҳафта биттадан янги одам олиб келсанг, савобнинг тагида қоласан. Кўчада юрганингда ҳам бекор юрма, ўзинг билан мана бу китобчалардан олиб юр”, “Одамлар гавжум бўладиган дўкон, бекатга ўхшаш жойларга битта-битта ташлаб қўй. Одамларнинг уларига – остонасидан ичкарига ташлаб қўйсанг, яна ҳам яхши бўлади”.

Қарабсизки Ўзимиздан чиққан иймонфурушлар ўз халқини бузишга, Она Ватанини заифлаштиришга жон-жаҳди билан ҳаракат қилади. Миссионерлик фаолияти мафкурамиз учун шунчаки ёт унсур бўлиб қолмай, балки маънавиятимиз ривожи учун ҳам катта тўсиқ саналади. Уларнинг мақсадлари — ўз сафдошларини кўпайтириш орқали, қабиҳ режаларини амалга ошириш. Бу эса ўз ўрнида жамият ҳаётида нотинчлик, беқарорлик ва парокандаликни келтириб чиқаради.

Шу сабаб бу заминда яшаётган ҳар бир фуқоро, у ким бўлишидан қатъий назар огоҳ бўлиши ва бунга йўл қўймаслиги лозим. Чунки бунинг замирида барчамиз учун энг муҳим нарсалардан бири бўлган тинчлик масаласи турибди.

М.Мадирмов

Ҳазорасп тумани “Ҳазрати Шайх Муҳаммад Амин” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *