СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИГА ТАРҒИБ

Бугунги мақоламизда соғлиқни сақлаш учун умумий тавсияларни сизга ҳавола этамиз.

1. Кам ҳаракатли турмуш тарзини қўллаб яшаш, куннинг кўп вақтини машина рулида, компьютер олдида ўтказиш, кўп ухлашлик каби салбий ҳолатлардан сақланиш.

2. Семизлик, ичкилик ичиш ва чекишдан сақланиш.

3. Ўз вақтида ухлаш ва дам олишга риоя қилиш.

4. Овқатланишда меъёрни билишлик

Касал бўлиш, одатда, инсоннинг ўз айби ва хатосидир. Чунки инсон организмига уни касалликлардан сақлайдиган шундай бир мукаммал механизм жойлаштирилганки, уни ишдан чиқариш учун кўп «меҳнат қилиш» керак бўлади. Ана шу мукаммал механизмга эга бўлганда ҳам, инсон касал бўлса, Аллоҳ шу касалликлардан шифо топиши учун йўл кўрсатиб қўйган. Инсон шифони янглиш йўллардан қидириши кейинги хато йўлга киришдир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар «Одам боласига тўлдириш учун қорнидан кўра ёмон идиш йўқ, Инсонга қаддини кўтарадиган луқмалар кифоя. Агар иложи бўлмаса, қориннинг учдан бири таоми, учдан бири ичимлиги ва учдан бири нафаси учундир» (Имом Термизий ривоятлари).

Ғарб тиббиёти, юқоридаги ҳадисга амал қилинса, аксарият шифохоналарга эҳтиёж бўлмаслигини тан олиб айтишади.

Аллоҳ таоло Моида сураси 90-оятида шундай марҳамат қилади:

يَٰأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓا۟ إِنَّمَا ٱلْخَمْرُ وَٱلْمَيْسِرُ وَٱلْأَنصَابُ وَٱلْأَزْلَٰمُ رِجْسٌ مِّنْ عَمَلِ ٱلشَّيْطَٰنِ فَٱجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

90. Эй, иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз.

Араб тилида «хамр» сўзи «тўсиш», «беркитиш» маъноларини англатади. Тановул қилган кишининг ақлига таъсир этадиган,унинг ақлини тўсадиган, беркитадиган, бошқача айтганда, маст қиладиган ҳар бир нарсага «хамр» дейилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида: «Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир, ҳар бир хамр ҳаромдир», дейилган. Бундан англашиладики, «Ароқдан бошқа нарсаларни ичса бўлаверадими? Ичмаса-ю, чекса нима бўлади?» каби саволлар, шунингдек, «ароқнинг ўзи ҳаром эмас экан-у, маст қилиши ҳаром экан», деганга ўхшаш «шарҳ»лар ҳаммаси ўринсиз ва мантиқсиз гаплардир. Муқаддас динимиз таълимотларидан кўриниб турибдики, инсон саломатлигига эътибор юқори даражада экан. Энди маст қилувчи ичимликлар ичувчилар ўйлаб кўрсинларки, бу ишлари ҳаром устига ҳаромдир. Ўша маст қилувчи ичимликларни ичиш ҳаром, бу бир томони энди бошқа томони, гарчи ўз пулига сотиб олиб ичса ҳам ҳаром, ҳаром ишга пул сарфлашлик ҳам ҳаром ҳалолдан топиб ҳалолга сарфлаши керак эди у нима қиляпти гарчи ҳалолдан топсада, ҳаромга сарфлаяпти бу эса асло жоиз эмас!

Бунинг билан тугамайди бу ишнинг зарарлари, ўз соғлигигаку эрта кунда зарар ундан туғиладиган фарзандга таъсири бўлмайди дейсизми? Албатта таъсири бўлади. Аёли рози бўлиб яшайди дейсизми? Йўқ! Ваҳоланки аёл Аллоҳнинг эрга берган омонати, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сизларни яхшиларингиз аҳли аёлига яхши муомалада бўладиганингиз деб марҳамат қилганлар, ичувчи эр, хотинни ҳақларига қаёқдан ҳам риоя қилсин Аллоҳнинг ҳақларига эрта кунда хиёнат қилиб турибди. Ичкиликка берилиш оқибатида юзага келадиган зарарларни санасак тугата олмаймиз бундай ёмон одатлардан сақлансак, тўғри таомланиш тартибига риоя қилсак, соғлом турмуш тарзини ҳаётимизга татбиқ этиб борсак ان شاء الله оилаларимиз тинч бўлади, оила тинч бўлса юрт жамият тинч бўлади

Суннатни маҳкам ушласак саломатлигимиз ҳам жойида бўлади, ибодатларимизни чиройли тарзда адо этамиз, касаллик етмасдан олдин соғликни қадри билинмайди, шунинг учун соғлигимизга эътиборли бўлайлик, мақоламизни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Кучли мўъмин кучсиз мўъминдан афзалдир» деган сўзлари билан якунлаймиз.

Б.Aтаниязов

Боғот тумани “Ғойиб бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *