ЯХШИЛИК ФАЗИЛАТДИР

Халқимиз азал-азалдан меҳмондўстлиги, бағрикенглиги ва меҳру саховати билан дунёга донг таратган. Айниқса, Аллоҳ назар қилган жаннатмакон юртимиз Истиқлолга эришгандан сўнг қисқа давр ичида мамлакатимиз ижтимоий, иқтисодий ва маънавий ҳаётида жуда катта ижобий ўзгаришлар юз берди, асрларга татигулик ишлар амалга оширилди.

Маънавий ва диний қадриятларнинг қайтадан тикланиши ва ривожланиши учун кенг йўл очиб берилди. Хусусан, буюк аждодларимизнинг бебаҳо асарлари ўрганилиб, уларни она тилимизга таржима қилишдек имкониятларга эга бўлдик. Турли мавзудаги диний адабиётлар, юртимизда яшаб, ижод қилган буюк алломаларимизнинг илмий мерослари нашр этилиб, кенг оммага тақдим қилинди. Яқин Шарқ мамлакатларида бўлаётган нотинчликларни кўриб, мустақиллик ҳар куни, ҳар соат фикр юритиладиган, ҳар дам шукр қилинадиган, қадри, шарафи, бардавомлиги кўз қорачиғидай авайлаб асраладиган бебаҳо неъмат эканини янада чуқурроқ англаб етмоқдамиз.

Яхшилик нур келтиради, ёмонлик зулмат, дейди доно халқимиз. Чунки фақат яхшилик боқий яшайди. Одамларнинг одамларга яхшилиги! Юртдошларнинг юртдошларга яхшилиги! Миллатдошларнинг миллатдошларга яхшилиги! Яхшилик қилган миллатни ҳурматлаш, яхшилик қилган авлодни эъзозлаш лозим булади. Онгли мусулмон тасаввурида инсоннинг барча амаллари, модомики ниятида Аллоҳ таоло розилигини топиш бўлса, шубҳасиз ибодат каби бўлади. Шунинг учун ҳам мусулмон кишига яхшилик эшиклари доимо очиқ, у Аллоҳнинг кенг раҳмати, беқиёс савоблари ва раҳмати соясида бу эшиклардан хоҳлаган вақтида кираверади. Улуғ саҳоба Жобир (рз.) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади, Ул зот: «Яхшилик қилишнинг барчаси — садақадир» — деб марҳамат қилганлар. Шунингдек, У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир кишининг уловга минишида ёрдам беришинг яхшилик — эҳсондир. Бир кишига табассум ила яхши сўз айтишинг ҳам яхшиликдир, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан олиб ташлашинг ҳам сенга яхшиликдир, икки киши ўртасида адолат билан ислоҳ қилишинг яхшиликдир. Моддий ёрдамга муҳтож оилага мурувват қилишинг ҳам сен учун яхшиликдир. Кишига бу каби яхшиликларни адо этгани учун Аллоҳ, унга қалб мусаффолигини беради, қолаверса, кўп хайру савобларга эга бўлади», деганлар.

Абу Мусо (рз.)дан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтдилар: «Ҳар бир мусулмон кишиси садақа-эҳсон қилмоғи лозим. Саҳобайи киром савол қилиб сўрашди: Эй Аллоҳнинг Расули! Агар садақа қилишга бирор нарса топа олмаса нима қилади? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Қўли билан меҳнат қилади, ўзига ҳам фойда келтиради ва садақа ҳам қилади. Улар сўрашди: Эй Аллоҳнинг Расули! Агар бунга қодир бўлмаса, не чора қилади? Ул зоти шариф дедилар: Қийналган, муҳтож кишига ёрдам қилади. Асҳоблар савол қилишди: Эй Расулуллоҳ! Агар буни ҳам қила олмаса нима қилади? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бериб айтдилар: «Яхшиликка ёки хайриятга йўллайди» Саҳобайи киром сўрашди: Буни ҳам қила олмаса-чи,? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтдилар: «Ўзини ёмонликдан тияди, шу нарса ундан садақа бўлади».

Ушбу ҳадисдан англашиладики, мусулмон кишиси садақа-эҳсон қилмоғи, яъни ўзи яшаётган жамият фаровонлиги ва саодати йўлида хайрли амалларни адо этмоғи лозим. Агар бундан ожиз бўлса ёки бирор-бир сабаб юзасидан қила олмаса, у вақтда тили ва қўл-оёқларини ёмонликдан тийса, шубҳасиз ажру-савобга сазовор бўлади. Мусулмон кишининг барча саъю ҳаракатлари инсон манфаати хизматида бўлиш зарур. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтдилар: «Ҳақиқий мусулмон бу — бошқалар унинг тили ва қўлидан омонда бўлишларидир».

Демак, ҳар бир киши ўзига севимли бўлган нарсани бошқа биродарларига ҳам бўлишини яхши кўриши, яъни уларга фойда келтириш ва улардан ҳар қандай зарарни даф қилишга ҳаракат қилиши лозимдир. Қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар, дўст-биродарлар ҳам ўзаро аҳил бўлса, ҳар бир киши ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўриб, яхши ишларда ҳамкорлик қилиб, бир-бирини қўллаб-қувватласа мана шундагина уларнинг ўртасига ҳеч ким адоват сололмайди, эл-юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, ватан равнақи йўлида хизмат қилинган бўлади.

М.Махмудов

Тупроққалъа тумани “Ҳазрати Химмат бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *