ТАВБА ЭШИКЛАРИ ДОИМО ОЧИҚ

Аллоҳ таоло инсонни ўзига хос қилиб яратган. Аллоҳ таоло унга ҳам ақл, ҳам нафс истакларини берган. Нафси ақлидан устун келганда инсон билиб-билмай хатоларга ва гуноҳ ишларга қўл уради. Ислом динида шу ҳолатга қандай қаралади, у қандай муолажа қилинади? Гуноҳкор бандага раҳмат эшиклари бутунлай ёпиладими ёки унда яна Аллоҳ таолонинг марҳаматига эришиш имконияти борми?

 Ислом дининг асосий қоидаларидан бири – модомики банда тирик экан, унга тавба эшиклари ёпилмаслигидир.

“Тавба” арабча сўз бўлиб, луғатда “қайтиш” маъносини англатади.

Истилоҳда эса тавба – “гуноҳидан пушаймон бўлиш ва уни (бадани ёки молига зарар бўлганидан эмас, балки) гуноҳ бўлгани учун тарк қилиш, келажакда ўша гуноҳни қилмасликка азму-қарор қилиш, солиҳ амалларга киришиш, агар гуноҳ банданинг ҳаққига боғлиқ бўлса, ҳақ эгасини рози қилиш”дир.

Аллоҳ таоло тавба қилувчи бандаларини яхши кўришини баён қилиб, шундай дейди: “…Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади” (Бақара сураси, 222-оят).

Сарвари Олам, барча пайғамбарларнинг афзали бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам ўтган ва келажак гуноҳлари кечирилган бўлишига қарамасдан, ҳар куни тавба қилар эдилар. “Эй, инсонлар! Аллоҳга тавба қилинглар! Унга истиғфор айтинглар! Зеро мен бир кунда юз марта тавба қиламан” (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг гуноҳлари кечирилган бўлишига қарамасдан, Аллоҳга тавба қилишлари – биз каби гуноҳкор умматлар учун катта бир кўрсатмадир.

    Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан яна қуйидаги ҳадис ривоят қилинган: “Одам болаларининг ҳаммаси – хатокор. Хато қилувчиларнинг яхшиси – тавба қилувчилардир” (Имом Термизий ривояти).

Кичик гуноҳлар турли савобли ишлар билан ювилиб кетади. Лекин катта гуноҳларга, албатта, тавба қилиш шарт бўлади. Динимиз – ҳақиқий маънода инсонпарвар ва раҳм-шафқат динидир. Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон, улардан содир бўлган хато ва камчиликларни кечиришга доим тайёр. Гуноҳ ишлардан кейин тавба қилиш ва солиҳ амаллар қилиш бандани жаннатга киритади. Айниқса шундай улуғ рамазон кунларида тавба қилиш ва гуноҳ ишлардан тийилиш нур устига ало нур бўлади.

Яна Фурқон сурасида Аллоҳ таоло тавба қилиб, солиҳ амал қилганларнинг ёмонликлари яхшиликларга айлантирилишини хабар беради:

“Илло, кимки (шу дунёда) тавба қилса ва имон келтириб, яхши амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик (гуноҳ)ларини яхшилик (савоб)ларга айлантириб қўяр. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир” (Фурқон сураси, 70-оят).

Гуноҳнинг савобга айланиб қолиши қандай маъно касб этиши хусусида турлича тафсирлар бор. Масалан, собиқ гуноҳлари тавба билан ўчиб, ўрнига савобли ишларни қилиш билан; гуноҳ қилиш қобилияти савобли иш қилиш қобилиятига айланиши билан; Аллоҳнинг тавфиқи сабабли тоат-ибодат ва хайрли иш қилишга ўтиш билан ва ҳоказо. Ҳадиси шарифларда баъзи мўминларнинг кабира гуноҳлари кечирилиб, сағира гуноҳлари ҳасанотга айлантирилиши ҳақида башорат қилинган.

    Хулоса ўрнида шуни айтамизки, уламоларимиз гуноҳларни уч турга бўлиб, шундай дейдилар:

“Гуноҳлар уч турли бўлади: Аллоҳ кечирмайдиган гуноҳ, Аллоҳ кечирадиган гуноҳ, Аллоҳ таоло ҳеч нарсани қўймай, ҳисобини ҳам сўрайдиган гуноҳ.

Аллоҳ кечирмайдиган гуноҳ – Аллоҳга ширк келтириш. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган: “Албатта, кимки Аллоҳга ширк келтирса, унга жаннатни ҳаром қилади ва унинг жойи дўзахдир” (Моида сураси, 72-оят).

Аллоҳ кечирадиган гуноҳ – банда ўз нафсига қилган зулми бўлиб, у Аллоҳ ва банда ўртасидаги гуноҳдир.

Аллоҳ таоло ҳеч нарсани қўймай, ҳисобини ҳам сўрайдиган гуноҳ – бандаларнинг бир-бирларига қилган зулмидир.”

Аллоҳ таоло барчамизни ҳол-ҳаётда билиб-билмай қилган гуноҳларимизга тез тавба қилишимизни насиб айласин. Шундай улуғ кунларда Аллоҳ таоло барчамизни гуноҳларимизни кечирсин. Рамазон ойи барчага муборак бўлсин.

Д.Мадатов

Хива тумани “Улуғ Азиз бобо” масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *