СОХТА САЛАФИЙЛАРНИНГ ПУЧ ҒОЯЛАРИ

Ислом дини тарихида ислом аркон ва ақидаларини бузиб талқин қилишга саъй-ҳаракат қилган турли оқимлар, ранг-баранг фирқалар ва уларнинг тармоқлари кўп бўлган. 

Бироқ мазкур тарихий оқимлардан баъзи бирлари бугунги кунда ҳам сақланиб қолган бўлиб, ўзларининг бузуқ ақидаларини содда халк, айниқса, ёшларни йўлдан уришда қўллаб келмоқдалар. Улардан баъзилари очиқ ҳаракат қилаётган бўлса, бошқалари зимдан хуфиёна фаолият олиб бормоқдалар. Бу ақидавий оқимларнинг эътибори бизнинг мамлакатимиз фуқароларига ҳам қаратилган бўлиб, улар наздида халқимиз тоталитар тузум даврида ўз анъанавий эътиқодидан маҳрум бўлган ва улар осонликча ўз домимизга тушишлари мумкин, деб ҳисоблайдилар. Шулардан бири “Салафийлик” оқимидир. Исломда “салаф” деганда, ҳадисларга кўра, Пайғамбаримиз(а.с) замонида ҳамда ундан кейинги икки даврда яшаган мусулмонлар тушунилади. Шунга кўра ислом уламолари саҳобий, тобеин ва табъа тобеин, яъни илк мусулмонларни “салафи солиҳ”, яъни “солиҳ аждодлар” деб ҳисоблашда якдилдирлар.

Улардан кейинги даврларда яшаган мусулмонларга нисбатан “салаф” ёки “салафий”лар тушунчаларини ишлатиш мумкин эмас. Кейинги йилларда “салаф солиҳларга эргашиш” шиорини ниқоб қилиб олган, мусулмон жамиятларини илк ислом даври ҳолатига қайтаришни тарғиб қилувчи мутаассиб, сохта салафийлар пайдо бўлганини алоҳида қайд этиш лозим. Маълумки, “Аҳли Сунна вал –Жамоа” этиқодига кўра, ислом арконлари бешта; имон, намоз, рўза, закот ва ҳаж. Сохта салафийлик эса “Жиҳод –олтинчи аркон ва жиҳод қилиш ҳар бир мусулмон учун фарзи айндир”, деган ғояни илгари суради. Сохта салафийлар ўз ғояларини ёйишда яширин “ҳужралар” тизими фаолиятини кучайтириш, унда, асосан ёшларни ўқитиш ва уларга “ҳалифалик”, “жиҳод”, “шаҳидлик” ғояларини сингдириш орқали янги “жамоат”ларни тузишга асосий эътиборини қаратмоқда. Интернетда ўзларининг веб сайтларини очиб, уларга, асосан, диний асосдаги низоларни келтириб чиқарадиган маълумотлар, диний экстремистик ва террорчи ташкилотлар раҳбарларининг турли баёнот ва мурожаатлари жойлаштирилмоқда. Террор ўз олдига шафқатсизлик, қотиллик ва тинч аҳоли устига кўплаб кулфатларни солишни мақсад қилиб олган. Ислом дини эса –инсонпарвар дин. У бир инсонга тажовуз қилишни бутун инсониятга тажовуз қилиш ёки бир инсон ҳаётини саклаб қолишни бутун инсониятни саклаб қолишдир, дея баҳолайди. Аллоҳ таоло “Моида” сураси 32 –оятида айтади: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса, барча одамларни тирилтирган кабидир”.

     Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда эса Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: “Қиёмат куни биринчи савол ноҳақ тўкилган қонлар тўғрисида бўлур”. Демак, ҳар бир мусулмон киши ер юзида тинчлик, осойишталик ва адолат ўрнатиш учун Аллоҳ олдида масъулдир. Муқаддас динимиз таълимотини ўрганар эканмиз, у кўз ўнгимизда доимо эзгулик, Ватанпарварлик, тинчликсеварлик каби юксак фазилатларга чақирувчи, айни пайтда адоват, зулм, зўравонлик, бузғунчилик, Ватанга хиёнат каби қабиҳ ишлардан доимо узоқда бўлишга буюрувчи таълимот сифатида намоён бўлади.

Қ.Машарипов

Ҳазорасп тумани “Исмоил Эшон бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *