РАҲМАТДАН УЗОҚ ОДАМЛАР

      Ҳаётимиз ва иш фаъолиятимиз юзасидан турли одамлар билан муомалада бўламиз. Турли хил воқеа ва ҳодисаларга дуч келамиз. Ижтимоий муаммолар инсониятнинг энг қадим тарихидан мавжуд бўлишига қарамай, вақт ва замон хусусиятларидан келиб чиқиб турлича кўринишларда акс этади. Яқинда ҳуқуқ тартибот идоралари матбуот хизматининг телевидения орқали берган маълумоти бироз эътиборимизни тортди. Балки, бироз ажаблантирди. Маълум қилинишича ҳозирда қотиллик, танга жароҳат етказиш каби жиноятларнинг кўпгина қисми оила доирасида ёки қўшнилар ўртасида содир этилаётган экан. Қайсидир ҳолатда эр хотин можороси, қайсидир ҳолатда эса қўшнилар келишмовчилиги оғир жиноятлар билан якун топмоқда. 

      Бироз ҳайрон қолади одам. Ахир бошимизга ташвиш тушган ёки қийналган кунларимизда айни шу қариндошларимиз ва қўшниларимиз бизга суянч ва юпанч эмасми. Ҳаммадан олдин биздан ҳол сўрайдиган, дардимизга малҳам бўладиган одамлар қариндош ва қўшни эмасми.

      Миллий қадриятларимиз, айниқса, муқаддас ислом динимизда қариндош ва қўшнилар билан муомаланинг мезонлари белгилаб берилган. Қариндошлик алоқаларини узиш ва қўшнилар билан ёмон муносабатда бўлиш муқаддас динимиз нуқтаи назаридан гуноҳ саналади. Зеро, жаноби пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ўз ҳадиси муборакларида марҳамат қилиб айтдиларки: “Қиёмат куни Аллоҳ Таъоло икки тоифа кишига раҳмат назари билан боқмайди. Қариндошлик алоқаларини узувчи кишига ва ёмон қўшнига”.

     Ушбу ҳадиси шарифдан билинадики қаридошлар ва қўшнилар билан ёмон муносабатда бўлиш, улар билан алоқаларни узиб қўйиш катта гуноҳлардандир. Бу каби гуноҳлар сабаб ҳаётимизда кўплаб қийинчилик ва муаммоларга дуч келамиз. Жамиятдаги тинчлик ва барқарорликка путур етказамиз. Энг ачинарлиси қариндошлар ва қўшнилар билан ёмон муносабатимиз бизнинг Аллоҳ Таъоло олдидаги мартабамизни тушуриб, охират ҳисоб китобимизни оғирлаштириб қўяр экан. Шу эътибордан ҳам ҳар биримиз яқинларимиз ва қўшниларимиз билан самимий ва илиқ муносабат ўрнатишимиз лозим.

О.Ғойипов

Боғот тумани “Мирхошим бобо” масжиди имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *