ИЛМ ОЛИШЛИК ИККИ ДУНЁ САОДАТИДИР

Аллоҳ таъоло ҳазрати Одам алайҳи саломни яратганида уни илм билан шарафлагандир. Инсоният қандай марраларни эгалламасин албатта илм орқали эришади. Муқаддас динимизда ҳам илм олиш ҳар бир мўъмин ва мўъминага амр қилинган.

Қуръону Каримнинг энг аввалги нозил қилинганояти каримаси «Ўқи» деган сўз эканлиги хеч бир кишига сир эмас албатта. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ато қилинган мўъжизаларнинг энг улкани Аллохнинг муборак каломи бўлмиш Қуръону Каримда илм тўғрисида 811 жойда зикр қилинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қанча хадиси шарифларида барчаларимизни илм ўрганиш ва ўргатишга тарғиб этганлар ва илмнинг фазилати илм ахлларига бериладиган мукофоту-даражотлар хақида зикр этганлар. Чунки инсониятни хар икки дунёда хам азизу мукаррам ва даражаси баланд, обрў – эътиборга эга бўлишига сабаб бўлгувчи нарса шак шубхасиз илмдир. Аксинча инсонни хорлик ва таназзулга, залолатга етакловчи адашишига сабаб булгувчи нарса эса илмсизликдир. Илм Пайғамбар алайхимус саломларнинг мероси. Илм нур бўлса илмсизлик зулматдир. Қуйида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Илм хақидаги айрим хадисларини айтиб ўтамиз.

Абдуллоҳ (розиёллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Илм олинглар, илм олинглар. Илм олгач эса, амал қилинглар”

Муҳаммад (розиёллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Албатта бу илм диндир. Динингизни кимдан олаётганингизга қарангизлар!”.

Абдуллоҳ ибн Анас (р.а.) ривоят қилишича Анас (розиёллоҳу анҳу) доимо ўз ўғлига: “Эй, ўғлим! Бу илмни қайд этинг (ёзиб қўйинг) лар”, дер эди”.

Сахбара (розиёллоҳу анҳу) ривоят қилади : “Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ким илм талаб қилса, ўтган гуноҳларига каффорат бўлади”, дедилар”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам илм олиш фазилатини шундай баён қилдилар: “Ким илм талаб қилиш йўлини тутса, Аллоҳ таоло уни жаннат йўлига йўллаб қўяди”. (Имом Муслим ривояти)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Малоикалар толиби илмни қилган ишидан мамнун бўлиб унга қанотларини ёзадилар. (имом Аҳмад Ибн Ҳиббон ва Ҳокимлар ривояти)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Илмдан бир боб ўрганиб тонг оттиришинг юз ракат намоз ўқишингдан афзалдир”. (Имоми ибн Абдулбар Абу Зарр ривоят этган)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна айтадилар: “Киши илмдан бир боб ўрганиши унинг учун дунё ва ундаги нарсалардан яхшироқдир” (Имом ибн Абдул Бар Ҳасан Басрийдан мавқуф ҳолда ривоят қилган).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Илмни Чинда (Хитойда) бўлса ҳам ўрганинглар” (Имом ибн Адий ва Байҳақийлар заиф иснод билан ривоят қилишган).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Илм – хазина, унинг калитлари- савол. Сўранглар, сўрашда 4 киши савобга эга бўлади: Сўровчи, олим, эшитувчи, уларни дўст тутувчи” (Абу Нуъайм заиф иснод билан ривоят қилган).

Абу Зарр ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олимнинг мажлисида ҳозир бўлиш минг ракат намоздан, мингта касални бориб кўришдан, мингта жанозада иштирок этишдан афзалдир”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, Қуръон тиловатидан ҳам яхшироқми?” деб сўрашди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Илм бўлмаса, Қуръон тиловати фойда берадими?”. (Ибн Жавзий “Мавзуъот”да зикр қилган)

Муоз ибн Жабал айтганларидай, «Илм ўрганинглар, зеро, уни ўрганиш – Аллоҳдан қўрқиш, уни талаб этиш – ибодат, музокараси – тасбеҳ, уни излаш – жидду-жаҳд, билмаганга ўргатиш – садақа, уни ўз аҳлига билдириш – Аллоҳга қурбатдир».

Улуг саҳобийлар, атоқли олимлар ва мутафаккирларнинг ҳам илм фазилати ҳақидаги кўплаб ривоятлари, хабар ва сўзлари келган. Қуйида шу-лардан айримларинигина келтириб ўтмоқчиман.

 Хазрати Али (розийаллоҳу анҳу) Кумайлга: “Илм молдан яхшидир, у сени ҳимоя қилади, молни эса сен қўриқлашга мажбурсан, илм ҳоким, мол маҳкумдир, эҳсон-нафақа қилиш билан мол камайса, илмни тарқатганинг сайин кўпайиб боради”, деганлар.

 Абдуллоҳ ибн Аббос (розийаллоҳу анҳу): “Илм олишда қийналдим, бироз хорландим, тилагимга эришгач, азизу мукаррам бўлдим”, деганлар.

 Абу Дардо (розийаллоҳу анҳу) айтганларки, “Сен олим бўл, ё ўрганувчи ёки унга қулоқ тутувчи бўл, лекин тўртинчиси бўлмагинки, унда ҳалок бўласан”.

 Ҳазрати Умар (розийаллоҳу анҳу): “Кундузлари рўзадор, кечалари бедор бўлган мингта обиднинг ўлими ҳалол-ҳаромни ажрата олувчи биргина олимнинг ўлимидан енгилдир”, деганлар.

 Тобеъинлардан Ато ибн Абу Рабоҳ бундай деган: “Бир илм мажлиси лағв-беҳуда мажлислардан етмиштасига каффорот бўлади”.

Луқмони ҳаким ўғлига бундай насиҳат қилган экан: “Эй ўғлим, олимлар билан ўтир, улар орасига кир, чунки Аллоҳ ерни осмон суви билан тирилтиргани каби қалбларни ҳам илм-ҳикмат нури билан тирилтиради”.

 Бир куни Фатҳ Мусалий: “Касалга обу таом берилмаса, у ўладими?” деб сўрабдилар. Атрофидагилар: Ҳа, ўлади дейишибди. Шунда Фатҳ “Қалбга ҳам уч кун илм берилмаса, у ўлади”, де­ган эканлар.

Абу Шукур Балхий айтади: “Билимим шу жойга етиб келдики, билимсизлигимни энди тушундим”.

 Абу Ҳомид Ғаззолий бундай деган: “Сиз илмга бор-йўғингизни бермагунингизча, у сизга бирор нарса бермайди”.

 “Билим барча кулфатларга қалқондир”, деган эди Абу Абдуллоҳ Рудакий.

 “Илм инсоният гавҳаридир”, деган Мирзо Бедил.

Муоз ибн Жабалнинг мана бу сўзлари илмнинг фазилатига энг яхши далиллардан бири: „Илм танҳоликда ҳамроҳ, хилватда дўст, туғри йўл кўрсатувчи маёқ, хурсандлигу хафагарчиликда улфат, дўстлар олдида вазир, бегоналар олдида яқин дўст, жаннат йўлининг минорасидир”. “Оқил ва донолар билан суҳбатдош бўлинг, илмингиз ҳар қанча кўп бўлса ҳам ўзингизни илмсиз ҳисоблаб, яна илм ўрганишга киришинг”, деган Абу Язид Бастомий. Демак, ҳар бир мусулмон фарзанди уламоларнинг тавсияларига амал қилиб, илм ўрганишга бор куч-ғайратини сарфлаши, ўрганган илмига амал қилиш пайида бўлиши зарур. Шундагина у Аллоҳ розилигини топади, иймонини мустаҳкамлайди, икки дунё саодатини қўлга киритади. Албатта ватанимизнинг тараққий этиши ҳам илмга боғлиқдир. Шундай экан илм йўлида камарбаста бўлиб, илм ўрганиб айниқса ёшларимизни илм йўлига йўллашимиз лозимдир.

Х.Собиров

Боғот тумани “Бежганик бобо” масжиди имом-ноиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *