РАМАЗОН – ФАЗИЛАТЛАРИ БЕҲИСОБ БЎЛГАН УЛУҒ ОЙДИР!

Муқаддас ислом динининг асосий улуғ рукнларидан бири рўза ибодатидир. Рамазон очлик, ташналик, нафсни қийнаш билан Аллоҳ таолога қурбат, тақво ҳосил қилинадиган буюк ойдир. Аллоҳ таоло бандалари учун ҳар икки дунё саодатини кўзлаб бу ибодатни исломнинг улуғ фарзлари қаторига қўшган. Рўза нафақат Муҳаммад (с.а.в)нинг умматларига, балки аввалги пайғамбарларнинг ҳам умматларига ҳам буюрилгандир.

Рамазон рўзаси Ҳазрати Пайғамбаримиз (с.а.в) Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг, ҳижратнинг иккинчи йили шаъбон ойида фарз қилинган. Рамазон ойи рўзасини тутиш Қуръони карим, Суннати набавий ва Ижмои уммат билан собит бўлган.

Аллоҳ Таоло Бақара сурасининг 183-оятида марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсангиз». Ушбу ояти карима билан динимизнинг бешта асосий устунларидан бўлган рамазон рўзаси фарз бўлди.

Рамазон рўзаси фарз бўлишидан аввал ҳам пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ўз ихтиёрлари билан ҳар ойда уч кун рўза тутар, муҳаррам ойининг ўнинчи кунининг рўзасини ҳам адо этар эдилар. Расулуллоҳ (с.а.в) ўзларининг муборак ҳадисларида рўза ибодатининг фарз эканлигини кўп такрорлаганлар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар (с.а.в) дедилар: «Сизларга муборак рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла унинг рўзасини тутмоқликни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилади. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилади. Унда шайтонлар кишанбанд қилинади. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг ойдан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ (жуда кўп нарсадан) маҳрум қолибди» — дедилар. (Насоий ва Байҳақий ривояти).

Жаннат эшиларининг ланг очилишидан мурод шу ойда тоат-ибодатларнинг ниҳоят даражада кўп бўлиши, намозхонларнинг, ибодатларнинг кўпайиши, таровеҳ намозлар ўқилиши сабабидан барча жаннатларнинг эшиклари очилади. Дўзах эшиклари ёпилишидан мурод эса бу ойда гуноҳ ва хатолар бошқа ойларга нисбатан кескин камаяди, ҳар қандай мусулмон қалбида иймон учқунлари уйғонганлигидан дўзах эшиклари қулфланади. Шайтонларнинг занжирбанд бўлишидан мурод эса улар бу улуғ ойнинг фазилатларидан мусулмонларни васваса қила олмайди, чалғита олмайди, бунга кучи етмай қолади. Ким Аллоҳнинг шунча марҳаматидан сўнг рўза ойига беписанд бўлса, жуда кўп йил давомидаги яхшиликлардан маҳрум қолади, кўп нарса йўқотади. Рўза ибодати бандаларига руҳий ғизо бўлади. Овқат танга озуқа бўлгани каби рўза ҳам руҳга озуқа беради.

Киши овқат емаса яшаш мумкин бўлмаганидек, мўминнинг руҳи ҳам рўзасиз яшай олмайди.

Бошқа ибодатларда бироз бўлсада риёси бор, намоз ўқисак ҳамма кўради. Закотни яшириб берган тақдирда ҳам закот олувчи буни билади. Ҳаж ибодати ҳам барча биладиган ибодатдир.

Аммо рўзани Аллохдан бошқа ҳеч ким билмайди. Шунинг учун савобини Аллоҳнинг ўзи беради. Ҳадиси қудсийда айтилади: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ушбу ҳадиси қудсийни ривоят қиладилар: Расулуллоҳ (с.а.в) марҳамат қиладилар: “Аллоҳ таоло айтадики: «Ҳар бир яхши амал учун ўн баробардан етти юз баробаргача савоб бераман, фақат рўза бундан мустасно. У мен учун тутилади, унинг ажрини ҳам ўзим бераман.» — деган” (муттафақун алайҳ).

Рамазон ойининг рўзасини иймон билан, Аллоҳдан савоб талаб қилиб тутувчи ҳар бир шахсни қанчалик табрик этса, шунчалик оз бўлган ойдир. Рўза тутувчи мўмин-мусулмонлар бу муқаддас ой кирганда Аллоҳ таоло мусулмонлардан қилгани билан бир-бирларини табриклайдилар. Чунки бу муқаддас ой биз учун йил давомида ҳар куни ўқиган беш вақт намозларимиз туфайли ҳам бошқа ибодат ва ҳайру садақаларимиз туфайли ҳам кечирилмай қолган гуноҳларимизни мағфират қилишини Аллоҳ Таолодан сўраб олишимиз учун бир йилда бир бор бериладиган фурсат ва имкониятдир.

Расулуллоҳ (с.а.в): «Кимки рамазон рўзасини иймон эътиқод ва Аллохдан савоб умид қилиб тутса унинг ўтган гуноҳлари кечирилиб юборилади» — дедилар (Бухорий ривояти).

Бу ойни ҳурмат қилиб рўзасини мукаммал тутган мўминлар кўп ютуқларга эга бўладилар.

Рамазони шариф ойларнинг султонидир, чунки бу ойда Қуръони карим нозил бўлган, унда бир кеча бўлиб, бу кечадаги ибодатлар, яхши савобли ишлар минг ойдан афзал дейилган. Бу ой Қуръон ойи, тақво ва тавба ойи, раҳмат ва шафқат ойи, барака ва савоб ойи, мағфират ва дўзахдан озод бўладиган ой, гуноҳлар ювиладиган ойдир.

Рўза улкан одоб-ахлоқ мактабидир. Унда мўмин киши кўпгина хислатларга эга бўлади. Рўза нафс балосига қарши жиҳоддир. Рўза туфайли инсон ўзидан ман қилинган нарсаларга сабр қилишга ўрганади. Рўза сабр мактаби бўлиб, киши рўза орқали ҳаётида дуч келадиган машаққатларга чидашга одат қилади.

Рўзанинг энг муҳим ҳикматларидан бири рўза туфайли рўзадор соғлик- саломатлигини тиклаб олади. Пайғамбаримиз (с.а.в): «Рўза тутинглар, соғлом бўласизлар», — деганлар.

Рўза ҳар хил касалликлардан ҳалос этиш билан бирга киши баданида тўпланиб қолган турли кераксиз моддалар, ёғлар, тузлар ва бошқа нарсаларни ҳам кетказади. Бутун дунёда ҳозир энг кўп фойда бераётган даволаш усули очлик билан даволаниш усули эканлигини мусулмон бўлмаган олимлар баралла айтишмоқда. Очлик ва парҳез билан даволаш биринчи ўринни эгаллаб турибди.

Бундан ташқари сизу бизлар билган билмаган ҳикматлар бор, уни айтиб адоғига етиб бўлмайди.Аллоҳ таоло барчаларимизни бу муборак , қутлуғ ойда ожизлик билан тутаётган рўзаларимизни қабул айласин.

Бу ойни ғанимат билиб, комил инсон фазилати билан моҳи рамазони шарифни охирига етказмоқликни насиб этсин. Аллоҳ бу муборак кунларни рўза, тоат-ибодат, Қуръони карим тиловати, хатми Қуръонга сомеъ бўлишлик, кишилар қалбига хурсандчилик солишини насиб этсин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ризқимиз бут бўлиб, келаси йилги рамазонга барчамизни саломат етиб боришимизни насиб этсин.

Р.Отажонов

Янгиариқ тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован.