МИНГ ОЙДАН АФЗАЛ КЕЧА

Ҳар бир халқнинг, ҳар бир миллатнинг, ҳар бир давлатнинг ўзининг миллий ва диний байрамлари бўлади. Барча халқларда ўтган улуғ кишилари, машҳур кунлари, дастурлари ёки бошқа муносабатларини байрам қилиш одат тусига кирган. Улар бу байрамларда еб-ичиш, ўйнаб кулиш, ароқҳўрлик қилиш ва бошқа турли фисқу фужур ишларни хоҳлаганича қилишга қулай фурсат топадилар. Исломда эса ўзига хос байрам бўлади. Мана шундай илоҳий дастур байрамларидан бири бўлмиш лайлатул қадр кечасидир.Чунки шу кечада Қуръони карим нозил бўлган ва нозил бўлиши бошланган. Бу байрамда қалбни поклаш, виждонни сайқаллаш учун ибодат қиладилар. Аллоҳ таолага яқинлик ҳосил қилиш учун бу кеча бедор бўлиб, тунни ибодат билан ўтказадилар. Чунки Лайлатул қадр кечаси қадри улуғ кечадир. Лайлатул қадр кечаси бандаларнинг бир йиллик қадарлари-тақдирлари белгиланадиган кечадир.

Бу кечада – Қуръони карим нозил бўлган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло хабар бериб айтади:

яъни: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. (бақара 185 оят).

Рамазон ойи йил ичидаги энг афзал ой ҳисобланади. Унинг фазли ҳақида куплаб ҳадиси шарифлар, улуғ уламоларнинг сўзлари, мадҳлар, шеърлар айтилган, китоблар битилган. Лекин бу ҳақдаги таърифларнинг гултожиси Аллоҳ таоланинг ўз каломида айтган мадҳидир. Бу мадҳ турли оятларда келган. Ушбу оятдаги таъриф Рамазони шарифнинг энг улкан фазилатлари ҳақидадир. Яъни одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Аллоҳ таола ўзининг абадий мўъжизаси, қиёматгача инсонияга ҳидоят бўладиган китоби қуръони каримни тушириш вақти қилиб Рамазон ойини ихтиёр қилганининг ўзи бу ойниинг фазилатини юксакка кўтарган. Энди эса нур устига нур, фазилат устига фазилат қўшиб, рўза ибодатини ҳам шу Рамазон ойида тутишни фарз қилган.

Рамазон ойи фазилатларидан яна бири “Лайлатул-қадр”нинг шу ойда бўлишидир. “Лайлатул-қадр” йилнинг бошқа ойларидаги кечалардан шарофатли ва улуғ эканлиги ояти карима ва ҳадиси шарифлар билан собитдир. Зеро, Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

яъни: “Албатта, Биз уни (Қуръонни “Лавҳул-маҳфуз”дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй, Муҳаммад!) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир”.

Муҳаммад с а в: “Кимики Қадр кечасини иймон ва савоб умидида бедор ўтказса, унинг барча гуноҳлари кечирилади” деганлар. Бу кечани бедор ўтказиш –намоз ўқиш, дуо қилиш, истиғфор айтиш ва Қуръони карим ўқиш билан бўлади. Бу кечани қоим бўлиб ўтказиш учун ўша кечани ҳуфтон ва бомдод намозларини жамоат билан ўқиш керак. Чунки ҳадисда ким ҳуфтонни жамоат билан ўқиса, кечанинг ярмини бедор ўтказган бўлади дейилган. Бошқа ҳадисда Ким бомдод намозини жамоат билан ўқиса кечанинг ярмини бедор ўтказган бўлади дейилган. Қолаверса кечанинг қолган қисмида қазо, нафл намоз ўқиб, қуръони карим ўқиб, зикру дуо қилиб чиқиш керак. Ана шунда кечани бедор ўтказган бўлади ва ҳадисда Қадр кечасини иймон ва иҳлос билан қоим бўлиб ўтказганларга қилинган ваъда- ўтган гуноҳларнинг мағфират бўлишига эришилади. Пайғамбаримиз с а в дан ривоят қилинади. У зотга ўзларидан олдинги одамларнинг умрлари кўрсатилди ёки шунга ўхшаш Аллоҳ ҳоҳлаган нарсаларни. Бас у зот худди умматларининг умрларини қисқа, бошқалар умрлари узунлиги ила етган амалларга ета олмайдиган деб билганга ўхшадилар. Шунда Аллоҳ у зотга Лайлатул Қадрни минг ойдан яхши қилиб берди. Аввал утган умматларнинг умрлари узун бўлгани учун кўп солиҳ амаллар қилиб, кўп савоб олишга муяссар бўлганлар. Буни Пайғамбаримиз с а в билганларидан кейин, у зотга умматларининг умри қисқа кўриниб кетган. Узун умрли умматларга ҳавас қилгандек бўлганлар. Ўз умматларининг умри ҳам узун бўлганда улар ҳам кўп яхши амал қилиб, кўп савобларга эришишларини орзу қилганлар. Ана шунда Аллоҳ таола у зотга Қадр кечасини берган. Муҳаммад с а в ва у зотнинг умматларига берилган Қадр кечаси аввалги умматларнинг минг ойидан кўра яхши қилиб берилган. Яъни Муҳаммад с а в уммати биргина Қадр кечасида ибодат қилиш билан бошқа умматларнинг минг ойда қилган ибодати савобидан кўпроқ савоб олиш имконига эга бўлдилар.

Рамазон шарифнинг 27 чи кечасида бедор бўлиб аҳли аёлини ҳам, ёру дўстларини ҳам ибодатга чорлаб туриш лозим. Аллоҳ таола ўша кечанинг баракотидан минг ойлик ибодатнинг ажру савобидан кўра яхшироқ ажру савоб беришидан умидвор бўлиш керак. Ўша кечанинг ва ундаги бедорлик, ибодат, намоз, Қуръони карим тиловати ва тазарруъ дуолар фазлидан ўтган гуноҳларни кечиришидан умидвор бўлиши керак.

Аллоҳ таборака ва таоло хабар бериб айтганидек, Қадр кечаси то тонг отгунга қадар тинчлик, осойишталик ва саломатлик кечасидир. Умуман олганда Рамазон ойини барча кечалари ва кундузлар раҳмат, мағфират ва тинчлик-омонликка юз ўгириладиган ой бўлиб ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ойлар султони бўлган Рамазонни хотиржамлик ва осойишталикда ўтказишимиз, уни ҳар бир кун ва соатларни ғанимат билмоғимиз лозим. Агар тинчлик, эминлик бўлмаса, турли ихтилоф ва келишмовчиликлар мавжуд бўлса, у вақтда неъматлар завол топади, ўртадан тотувлик, ҳамжиҳатлик ва барака кўтарилади.

Аллоҳ таборака ва таоло Рамазон ойида холис ниятлар билан тутаётган рўзаларимизни, кечалари қоим туриб адо этаётган таровеҳ намозларимизни ва хатму Қуръонларимизни Ўзининг лутфу карами ила қабул қилишини, барча мўмин ва мўминаларни мағфират айлашини насибу-рўзи қилсин.

Х.Аҳмедов

Шовот тумани бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *