ХОТИРА АЖДОДЛАРГА ЮКСАК ХУРМАТ ВА ЭҲТИРОМ ИФОДАСИДИР

Юртимизда анъанавий нишонланадиган алоҳида эътибор қаратиладиган кунлардан бири “Хотира ва қадрлаш куни”дир. Бу кунда биз ўтмишда ўтган аждодларимиз, хусусан Ватан озодлиги ва халқимизнинг фаровонлиги йўлида жонларини фидо қилиб, бугунги кунда оламдан ўтиб кетган барча фидоий юртдошларимизни ёдга оламиз. Биз ўтганларни махсус бир кунда, айни 9-майда хотиралашимиз рамзий маънода бўлиб, аслида ҳар доим, ҳар лаҳзада уларни эслаб дуолар қиламиз, уларнинг ҳаёт йўлларини ўрганиб, улардан намуналар оламиз.

Шунингдек, келажак авлод бўлмиш фарзандларимизга ҳам ўтган аждодлармизнинг ҳаёти биз учун улкан намуна эканини уқтириб келамиз. Уларнинг яхшиликларини ҳамиша, ҳар доим ёдда тутамиз, зеро, “Ўтмишсиз келажак йўқ” деб бежизга айтилмаган. Динимизда ўтганларни эслаш, уларга дуои-хайрлар қилиш ибодат ҳисобаланади. Шу билан бирга бу амал ҳаёт юрган кишиларнинг зиммасидаги бурч бўлиб, дунёдан ўтиб кетганларнинг ҳаққидир. Қуръони каримда шундай дейилган: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Роббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан”!(Ҳашр сураси, 10-оят).

Демак, имонда ўтган зотлар ҳаққига истиғфор айтмоғимиз имонимиз тақозасидаги амалдир. Шунингдек, ўтиб кетган кишилар ортларида қолган қариндош ва яқинлари каби ҳаёт юрганларнинг дуоларидан умидвор бўлишлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадиси шарифлар ворид бўлган. У зот бу ҳолатни янада тушунарли бўлиши учун мисол тариқасида қуйидагича марҳамат қилганлар: Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Қабрдаги маййит худди сувга чўкаётиб, ёрдамга чақираётган кишига ўхшайди. Отасидан ёки онасидан ё инисидан ё дўстидан дуо келишига интизор бўлади. Агар унга дуо етиб борса, дуо унинг учун дунё ва ундаги нарсалардан кўра маҳбуброқ бўлади. Албатта, Аллоҳ таоло қабр аҳлига Ер юзидагиларнинг дуоларини тоғларнинг мисолида киритади. Тирикларнинг маййитларга ҳадялари улар учун истиғфор айтмоқликдир” дедилар” (Байҳақий ривояти)

Ўтганларга нисбатан зиммамиздаги бурчларимиздан яна бири уларни доимо яхши сифатлар билан эслаб туришимиздир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар:

            Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўтганларингизнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар”,дедилар”.(Имом Абу Довуд ва Термизий ривоятқилган).

Ўтганларнинг яхши амалларини эслаш аввало уларнинг руҳларини шод қилса, қолаверса, яхши сифатлар, хайрли амаллар, солиҳ кишилар эсланса, у жойга баракалар ёғилиб туради.

Х.Собиров

Боғот тумани “Қарри Хўжа бобо” масжиди имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *