ХОТИРА БОР ЭКАН, ТИРИКДИР МИЛЛАТ

Шукурлар бўлсинки ватанимиз тинч юртимиз кундан кун обод бўлмоқда. Бу тинчлик ва доруломон кунларга етмоғимизда албатта ўтган аждодларимизнинг ҳам катта хиссаси ва фидокорликларини этироф этмай бўлмайди. Уларнинг жасорати, фидокорлиги, диннинг ва ватаннинг ғамида жон фидо қилганликлари бекорга кетмади десак муболаға бўлмайди.

Аждодларни эслаш ва хотирлаш бизнинг мўминлик бурчимиздир.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло: “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Роббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбиларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Роббимиз! Албатта, сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан”, деб марҳамат қилади. (Ҳашр сураси,

10-оят).Ушбу оят вафот этган кишиларнинг орқаларидан хайрли дуолар билан эслаш, яхши амаллардан эканига далолатдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида: “Бу дунёдан ўтган биродарларингизнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини эслашдан сақланинглар”, деб марҳамат қилганлар. Шундай экан, ўтган аждодларимизни ҳамиша хотирлаб, бизларга қолдириб кетган бой маънавий-маърифий меросларини ўрганиб, ҳаётимизга изчил татбиқ этишиб боришимиз керак.

Хотира шундай руҳий-маънавий қудратки, у инсоннинг инсонлигини англатувчи, уни ўтмиш ва истиқбол билан боғлаб турувчи буюк қадрият, илоҳий қудратдир. Хотирлаш– халқ манфаати учун курашган, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган кишиларни эслашдир. У оламдан ўтган аждодларни эслашгина эмас, асрлар мобайнида Ватан учун курашда ҳалок бўлганлар хотирасини ҳурматлаш ҳамдир. Шу ўринда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айланди. Бу ҳол ёшларни юртпарварлик, меҳнатсеварлик, аждодларининг энг яхши анъаналаридан фахрланиш, уларга муносиб ворислар бўлиш руҳида тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга.

Шунингдек, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш – одамийликнинг энг олий мезони ва бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг ва олижаноб халқимизга хос азалий қадриятдир.Дарҳақиқат, юртимизда бўлаётган бунёдкорлик, ободончилик ва кундан кунга гўзаллашиб бораётган диёримиз жамолидан, бугунги янгиланишлардан кишининг кўзи қувонади, дили яйрайди. Алатта, буларнинг барчаси энг аввало юртимизда хукм сураётган тинчлик шарофатидандир.

 

М.Матяқубов

Қўшкўпир тумани бош имом хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *