ИХТИЛОФДА ТОРТИШИШ ВА ТАФРИҚА ДИНИМИЗДА МАН ҚИЛИНГАН

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Анфол сурасининг 46 оятида шундай марҳамат қилади: Аллохга ва Унинг Расулига итоат қилинг. Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетадир.

Мусулмонларнинг Аллоҳга ва Унинг Расулига итоатлари қанча кўп бўлса, муваффақиятлари ҳам шунчалик кўп бўлаверади. Шунинг учун ҳам, Куръони Каримда бу амр қайта-қайта такрорланади. Ушбу оятда зикр қилинаётган ғалаба омилларидан бири ўзаро тортишиш ва низо қилмасликдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таола қуръони каримда «Ўзаро низо қилманг» демоқда. Ўзаро низонинг ва тортишишнинг оқибати нима бўлиши оятнинг ўзида айтилган: «…у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетадир» дейилган.

Ислом тарихида мусулмонларнинг ҳамма мағлубиятлари ички низолар ва ўзаро тортишишлар оқибатида содир бўлган. Ислом душманлари билан биринчи тўқнашувдан тортиб, то бугунги кунимизгача мусулмонларни ҳеч қандай куч енга олмаган. Мусулмонлар ўз душманларидан қанча енгилган бўлсалар, фақатгина динларидан узоқлашиб, ўзаро низо ва тортишишлар қилганда енгилганлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Оли Имрон сурасининг 103 оятида шундай марҳамат қилади: “Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлиниб кетманг”.

Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) саҳобаи киромлар билан ўтирган ҳолларида ерга узун тўғри чизиқ тортиб, бу Аллоҳнинг йўлидир, деб айтдилар. Кейин унинг ўнг тарафига 36 та ва чап тарафига яна 36 та чизиқлар тортиб, «Булар шундай йўлларки, ҳар бирининг бошида биттадан шу йўлга чақирадиган шайтон бордир», дедилар-да, сўнг қуйидаги ояти каримани ўқидилар: «Албатта, мана шу (Менинг) Тўғри йўлимдир. Унга эргашингиз! (Бошқа турли) йўлларга эргашмангиз! Акс ҳолда, улар сизларни Унинг йўлидан айириб қўяди. (Анъом, 153).

Айни маънони Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг: «Яҳудийлар 71 фирқага, насронийлар 72 фирқага бўлиниб кетган эдилар. Менинг умматим 73 фирқага бўлингай. Улардан биттасигина нажот топиб омон қолур, қолганлари эса дўзах аҳлидир», — деб айтган машҳур ҳадиси шарифларидан ҳам тушунилади. (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).

Саҳобалар: «Жаннатга борадиган битта фирқа қайси?», — деб сўрадилар. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Мен билан саҳобаларим тутган йўлдан юрганлар», — деб жавоб бердилар. Мана шу ояти карима ва ҳадиси шарифлардан маълум бўладики ўзаро тортишиш ва тафриқа бўлиниш ислом таълимотига мутлақо зид амалдир.

Аллоҳ таоло барчаларимизни турли фитна-фасод ва тафриқалардан сақласин. Юртимизни ва динимизни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан пок сақлаб, Ўзининг ҳифзу ҳимоясига олсин!

Х.Аҳмедов

Шовот туман бош имом-хатиби

Leave a Reply

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *